Европарламент Украинага 90 млрд евро миқдорида кредитни маъқуллади

20:49 11 Февраль 2026 Дунё
414 0

Европа парламенти 2026–2027 йиллар учун Украинага 90 млрд евро миқдорида кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда RBC нашри ЕП раиси Роберта Метсолага таяниб хабар берди.

«Бугунги муҳим овоз бериш 90 млрд евро миқдоридаги кредитни тасдиқлаб, Украинага ҳаётий аҳамиятга эга қўллаб-қувватловни таъминлади», — деди Метсола.

Маълум қилинишича, 30 млрд евро Киевга макромолиявий ёрдам ёки давлат бюджети қўллаб-қувватлови сифатида Ukraine Facility механизми орқали ажратилади. Яна 60 млрд евро эса мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва ҳарбий техника харид қилишга йўналтирилади.

Қурол-яроғ сотиб олишда Украина ўз ишлаб чиқарувчиларига, шунингдек, Европа Иттифоқи, Европа иқтисодий ҳудуди ва Европа эркин савдо ассоциацияси давлатларидаги етказиб берувчиларга устуворлик бериши кераклиги қайд этилган.

Маблағлар қатъий шартлар асосида ажратилади. Улар Украина томонидан демократик бошқарув, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларига, жумладан озчилик ҳуқуқларига содиқликни назарда тутади.

Молиялаштириш стратегияси Европа Кенгаши томонидан тасдиқланиши лозим. 2026 йилнинг иккинчи чораги бошида биринчи траншни ўтказиш учун Кенгаш қўллаб-қувватлаш пакетини маъқуллаши керак.

Қарз маблағлари Европа Иттифоқининг қўшма қарз олиш механизми орқали жалб қилинади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?