«Олтин қаламли журналистлар»
![](https://xs.uz/upload/06/1/08%20qomita%20senat/oltin%20qalamli%20jurnalistlar/a083cc711d504d1ed18b0058d572a97e0211.jpg)
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
Нуруллоҳ Остонов/«Халқ сўзи». Пойтахтимизнинг Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан нашр этилган «Олтин қаламли журналистлар» китоби тақдимоти ўтказилди. Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари, таниқли устоз журналистлар, ижодкорлар, зиёлилар, талаба-ёшлар иштирок этди.
Тақдимотни очган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов ушбу китобни нашрга тайёрлаш жараёнлари ҳақида тўхталиб, унга Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардан 50 нафарга яқин устоз журналистлар, ўткир қалам усталарининг публицистика, журналистик суриштирув, очерк, фельетон каби 8 та жанр бўйича энг сара материаллари жамлангани ҳақида маълумот берди.
Тақдимотда сўзга чиққан «Янги Ўзбекистон» – «Правда Востока» газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенатори, «Ишонч» ва «Ишонч – Доверие» газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов, таниқли ёзувчи, филология фанлари доктори, профессор Хуршид Дўстмуҳаммад, устоз фотограф Абдуғани Жума, «Гулистон» журнали бош муҳаррири Маматқул Ҳазратқулов, «Ҳуррият» газетаси бош муҳаррири Абдурасул Жумақулов ва бошқалар ушбу тўплам наинки журналистика соҳасига кириб келаётган ёшлар, балки замон билан ҳамнафас бўлган ижод аҳли, зиёлилар учун ҳам аҳамиятли экани ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
— Ушбу китобга Абдуғани Жума, Алимурод Мамадаминов, Анвар Илёсов, Ҳамдам Шораҳмедов каби тажрибали фотожурналистларнинг, Ҳасан Пайдоев, Ҳусниддин Ато, Холида Мусурмонова, Эъзоза Умрзоқова сингари ёшларнинг бугунги кун нафасини ўзида мужассам этган 70 га яқин ҳаётий фотоматериаллари киритилгани ҳам янгиликлардан бири бўлди, — деди Холмурод Салимов. – Келгусида уларнинг ижод намуналарини ҳам «Олтин қалам» танлови номинацияларига киритиш устида иш олиб бораяпмиз.
Ҳозирги пайтда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва уюшмамиз ҳудудий бўлимлари қошида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 27 июндаги «Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида бўлажак медиа соҳа вакиллари учун «Маҳорат мактаблари», «Ёш журналистлар» тўгараклари ташкил этилди. Ушбу тўплам мазкур мактаб ва тўгаракларда таълим олаётган ёшлар учун ҳам зарур манба бўлади.
— Ушбу китобга айни даврда матбуотимизда камайиб кетаётган фельетон, очерк, журналистик суриштирув, эссе каби 8 та журналистик жанр бўйича энг сара материаллари киритилгани албатта яхши, — деди ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад. — Памфлет жанри ўтган асрнинг 30 йилларида, Абдулла Қодирийнинг «Жулқунбойи» тилидан ёзилган памфлетлардан кейин умуман матбуотимиз саҳифаларидан йўқолиб кетди. Лекин ушбу китобдан таниқли журналист Нуруллоҳ Остон томонидан ёзилган памфлетлар ҳам ўрин олгани мени жуда хурсанд қилди.
— Бугун мамлакатимизда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни, ўзгариш ва янгиланишларни тезкор, холис-ҳаққоний, адолатли ёритиш оммавий ахборот воситалари ходимлари зиммасига катта масъулият юклайди. Бу жараёнда журналистика жанрларидан самарали фойдаланиш аҳамиятли, — деди «Ҳуррият» газетаси бош муҳаррири, таниқли журналист Абдурасул Жумақулов. — Ушбу тўпламга бугунги кунда миллий журналистикамизда, матбуотимизда деярли учрамаётган фельетон, журналистик суриштирув жанрларига оид материаллар киритилган. Медиа соҳа бўйича таълим олаётган ёшларимиз мазкур китобда берилган устоз журналистларнинг ижод намуналарини мутолаа қилиш орқали журналистика жанрлари бўйича материаллар қандай ёзилишини ўрганишлари мумкин бўлади.
Тадбирда ушбу китобни тайёрлашда устоз журналистлар Абдусаид Кўчимов, Аҳмаджон Мелибоев, Хуршид Дўстмуҳаммад, Ўткир Раҳматов, Шерзодхон Қудратхўжа, Салим Дониёров, Ҳалим Саидовларнинг хизмати салмоқли бўлгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Тадбир якунида Уюшмага янги қабул қилинган аъзоларга гувоҳномалар топширилди.
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ойгул Халилова вафот этди
- “Юракка кўмилар асл шоирлар”
- Картошка нархи қачон пасайиши маълум бўлди
- «Ҳамза Ҳасановдан Ғайбулла Турсуновгача»: «Янги Ўзбекистон юлдузлари» мукофоти ғолиблари аниқланди
- Келгуси ҳафта учун об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
- Алишер Навоий ижодини ўрганиш — қалб амримиз бўлмоғи даркор
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг