2 та туманда ҳоким ёрдамчилари ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш билан айбланмоқда

14:35 19 Ноябрь 2024 Жамият
197 0

Фото: Иллустратив

Давлат хавфсизлик хизмати Элликқалъа ва Ғиждувон туманларида ҳоким ёрдамчилари фуқароларнинг номига кредитлар расмийлаштириб, ўз мақсадлари йўлида сарфлаб юборганликлари аниқланган. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманидаги хоким ёрдамчиси 33 нафар фуқаро номига 1 миллиард 88 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилганини таъминлаш учун тавсияномалар тайёрлаган.

Кейин эса таниши номига МЧЖ ташкил қилиб, бу маблағларни мазкур ҳисоб рақамига ўтказиб, нақдлаштириш орқали ўзлаштириб олган. Шунингдек, у ўз турмуш ўртоғи ва синглиси номига ажратилган 65,9 миллион сўм кредит маблағларини ҳам ўз эҳтиёжлари йўлида сарфлаган.

Шунингдек, Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидаги хоким ёрдамчиси эса 26 нафар фуқаро номига 821 миллион 858 минг сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилишига эришган.

У фуқароларни алдаб, кредит маблағлари эвазига ажратилган чорва молларини сохта ҳужжатлар асосида қабул қилиб, бошқа шахсларга сотган. Шу орқали у давлат маблағларини талон-торож қилишга муваффақ бўлган.

Иккала ҳолат бўйича хоким ёрдамчиларига нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилди. Элликқалъа ҳодисасига нисбатан 167 (ўзлаштириш ёки талон-торож қилиш) ва 228-модда (ҳужжатларни сохталаштириш), Ғиждувон ҳолатида эса 167 ва 209-модда (мансаб сохтакорлиги) бўйича тергов ишлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?