Тошкентда маст эркак пичоқ билан одамларга ташланди

16:10 20 Апрель 2025 Жамият
259 0

Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда бир эркак қўлида пичоқ кўтарганча фуқароларга ҳужум қилгани акс этган видеолар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан пойтахт ИИБ расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 18 апрель куни тахминан соат 19:40 ларда Шайхонтоҳур тумани Себзор кўчасида жойлашган автотураргоҳлардан бирида ўрнатилган «ташвиш тугмаси» босилганлиги ҳақида Тошкент шаҳар ИИББ Қўриқлаш бошқармасига хабар келиб тушган.

Зудлик билан воқеа жойига етиб борган ИИО ходимлари томонидан аниқланишича, 1958 йилда туғилган Х.С. маст ҳолатда бўла туриб, автотураргоҳ қоровули ва бошқа фуқароларни ошхона пичоғи билан қўрқитиб, жамоат тартибини бузган. Сўнг воқеа жойидан қочиб кўп қаватли уйлардан бирига кириб кетган. Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида фуқаро Х.С. ушланиб, яқин орадаги ИИБга олиб борилган.

«Х.С. томонидан пичоқ билан ҳеч кимга тан жароҳати етказилмаган», дея таъкидланади ИИБ хабарида.

Мазкур ҳолат юзасидан Х.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 (Майда безорилик), 194 (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 185 прим 2 (Совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш) моддалари билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судига тақдим этилган.

Суд томонидан ушбу шахсга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?