Зуллисонайн шоир нега саройдан бош олиб кетган эди?
Абдураҳмон Тамкин Бухорий XIX аср охири – XX аср бошларида яшаб, ижод этган забардаст шоир, мударрис, тарихчи, табиб ва замонасининг пешқадам олимларидан эди. У форс – тожик, араб ва ўзбек тилларида қалам тебратган. Аҳмад Дониш Тамкинни улуғ шоирлар қаторида санаб, унинг ижодига юқори баҳо бергани ҳам кўп нарсани англатади.
Тамкин Бухородаги «Дорушшифо» мадрасасида мударрислик қилган. Унга қадар имомлик қилган. Давлат ишларида ишлаган. Шоир ўзининг «Мўлистон» асари муқаддима қисмида шунга ишора этади. «Мўлистон» 17 байтдан иборат, у амир Абдулаҳадхонга мадҳия тарзида битилган бўлиб, қитъа жанрида ёзилган.
Тамкин 1898-1901 йилларда амир саройида эшикбонлик қилади. Саройдаги муҳитни кўрган шоир барча зулм ва жаҳолатнинг сабабчиси амир теварагидаги казо-казолар деган хулосага келади. У амир Абдулаҳадни бу кимсаларга ишонмасликка, диёнатли бўлишга чақиради.
Ўз навбатида, амир ҳам шоирга нисбатан эътиборли эди. Бироқ, ғаламис одамларнинг иғвоси туфайли у аста-секин ҳукмдорнинг назаридан қолади. Охир оқибат Тамкин кўнглидаги ишонч ва илтижо ўрнини чексиз нафрат эгаллайди. Саройдан узоқлашади. Унинг сарой аҳлидан шунчалик кўнгли қоладики, ҳатто улар билан рўбарў келишни ҳам истамайди. Буни у «Мўлистон» асарида келтирилган ҳикоят орқали яққол ифодалаган.
Тамкиннинг бу нафрати ўринли эди. «Наводири Зиёия» асарининг муаллифи Шарифжон Махдум ҳам Бухоронинг нодон ва лаёқатсиз қозикалони мулла Бурҳониддин ҳақида Тамкин билдирган фикрларни тасдиқлайди.
Аён бўладики, бир гуруҳ риёкорлар Абдулаҳадхон атрофини ўраб олган. Улар таъма ва очкўзлик билан халқни алдаб келади. Тамкин бу фитна-ю фасод ва бадкирдорлик қобиғига ўралиб қолган кимсалардан узоқроқ кетгани учун Оллоҳга шукрона руҳидаги шеърлар ёзади.
Ҳақ сўзнинг дасти узун. Табиийки, Тамкиннинг битиклари қозикалон қулоғига етиб боради. Оқибатда у шоирни мударрисликдан ҳам кеткизади. Тамкин мажбуран узлатни ихтиёр қилади. Шоир «Жароид» номли асарининг муқаддимасида ҳаётининг бу даври (1914 йиллар) ҳақида гапириб ўтади.
Шу ўринда, Тамкин тахаллуси ҳақида қисқача тўхталмоқчимиз. Тамкин «сабр, қаноат, оғирлик, вазминлик» маъноларини ифодалайди. Тамкинлик яъни, сокинлик, мискинлик, қаноатлилик каби фазилатлар Абдураҳмон Тамкин Бухорий ҳаёти ва ижодининг туб моҳиятини ташкил этади.
Ижодкорнинг адабий мероси бой. У қасида, ғазал, мухаммас, қитъа, фард, чистон, муаммо каби жанрларда баракали ижод қилган. «Мўлистон» «Девони Тамкин», «Тамкин. Рубоиёт» китоблари бизгача етиб келган. Улар Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти кутубхонасида сақланмоқда. 2022 йилда шоир ҳаёти ва ижоди Бухоро давлат университети тадқиқотчиси Меҳринисо Чориева томонидан атрофлича ўрганилди.
Абдураҳмон Тамкин ҳаёти зиддиятли бир тарзда, адолатсизлик ва риёкорликлар ичра кечди. Бу унинг шеърларида ҳам ўз ифодасини топди. Дейлик, бир шеърида у шундай деб ёзади:
Кўп панд берди менга бу забун замон,
Илм таҳсили деб ютдим қанча қон.
Кўп ранжлар чекдим-у бир наф кўрмадим,
Ҳеч кимса бўлмасин мендек нотавон.
Ҳар қандай замонда адабиётнинг дунёдаги жамики, ёлғон ва сохтакорликларга сочадиган нафрати, абадият умрига тенг армонлари бўлади. Даҳолар буни у ёки бу тарзда билишган. Лекин бир аччиқ ҳақиқатдан ҳам кўз юмиб бўлмайди: ўтмишда гоҳо талантли шоирлар ҳам сарой адабиёти ғоявий йўналишлари чегарасида қолиб, шоҳларни мадҳ этиш, уларни кўкларга кўтариб мақташдан ўзларини тия олмаган. Бундай пайтда оддий халқ турмуши тасвири чеккада қолган. Бу баъзан шоирдаги самимиятга путур етказган.
Лекин Абдураҳмон Тамкин маддоҳ шоир сифатида қолиб кетмади. У амир саройидаги разил кимсалар билан муроса қилмади. Адолатсизликларга бефарқ қарамади. Қабиҳ ишлар этагидан тутганларга ўз шеърлари билан исён кўтарди. Унинг шеърияти, аввало, шу жиҳати билан ибратлидир.
Тамкин барчани аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб яшашга, берилган умрни фойдали ишларга сарфлашга ундади. Ўзи яшаган жамият иллатларини бартараф этишга уринди. Мамлакат ва миллат тақдири учун илм-маърифат тўғри йўл эканлиги ғоясини илгари сурди. Миллатдошларининг тўлақонли муносиб ҳаёт ва турмушга лойиқликларини исботлашга уринди. Ижодида амалдорлар танқид қилинган, баъзи кимсалардаги ҳасад, кибр каби салбий хислатлар фош этилган ғазалларнинг кўплиги шундан далолат беради.
Зуллисонайн шоирнинг ижоди мураккаб ва зиддиятлар билан тўла давр барча хусусиятларини ўзида акс эттиргани билан қадрлидир.
Назора БЕКОВА,
Бухоро давлат университети профессори.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ватан ва виждон
- Актриса Ҳалима Ибрагимова 45 ёшида вафот этди
- Алишер Усмонов янги лавозимга сайланди
- Сирдарёда Тўра Сулаймон уй-музейи очилди
- Бош прокуратура музейига ноёб экспонатлар киритилди
- Ўзбек полвонлари кураш бўйича Жаҳон чемпионатида 72 та медаль билан биринчи ўринни эгаллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг