Зиё маскани жаҳон андозалари даражасида иш бошлади

13:16 08 Январь 2025 Жамият
226 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази 1899 йили халқ музейи бўлими сифатида очилган бўлиб, унинг жамғармаси атиги 853 нусхадаги китоблардан ташкил топган. Китобхонлар доираси ҳам фақат шаҳар зиёлиларидан иборат бўлган.

Фарғона вилояти тарихи, иқтисоди, маданияти ва атоқли арбоблари ҳаётига оид ўлкашунослик материалларини йиғиш бўйича фаол ҳаракатлар 1956 йилдан бошланган. Кутубхона 1970 йили 500 минг нусхага мўлжалланган уч қаватли махсус жиҳозланган бинога кўчиб ўтди. Шу йили кутубхонага Фарғонани жаҳон илм аҳлига танитган Аҳмад Фарғоний номи берилди.

Афсуски, 1977 йили сел офати оқибатида кутубхонанинг энг пастки қаватида жойлашган китоб сақлаш бўлими сув остида қолди. 300 минг нусхадан иборат кутубхона жамғармасининг учдан бир қисми, нодир адабиётларнинг бир неча минги, 1920-1930 йилларда босмадан чиққан газета тўпламлари яроқсиз аҳволга келди. Шу тариқа кутубхона жамғармасини қайтадан тўлдириш зарурияти туғилиб, кейинги йилларда бу борада изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

— Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан мамлакатимизнинг ўзига хос тарихга эга етакчи кутубхоналари сирасига кирувчи марказ 12 млрд 745 млн сўм маблағ эвазига мукаммал таъмирдан чиқарилди, — дейди Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази раҳбари Ҳуснияхон Шерматова. — Эзгу ташаббус доирасида кутубхона энг замонавий технологиялар билан таъминланиши кўзда тутилган бўлиб, ҳатто имконияти чекланган фойдаланувчилар учун ҳам жаҳон андозалари даражаси шароитлар яратилди.

Шунингдек, китобхонларга тез ва сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида электрон каталоглар учун махсус жой, китоб ташиш ҳамда фойдаланувчилар учун лифт хизмати ташкил этиляпти. Янги лойиҳа бўйича ёзги амфитеатр, боғ, тўгараклар фаолияти учун махсус хоналар, илмий-амалий анжуманлар учун конференц заллари ҳамда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, илмий изланувчилар учун махсус хоналар барпо этилди. Ўқув залларида кичик ёшдаги китобхонлар учун болалар бўлими ҳам мавжуд. Энг қувонарлиси, эндиликда фойдаланувчилар учун Bookkafe ҳам хизмат кўрсатади.

Ҳозирда кутубхона 30 дан ортиқ тилда нашр этилган 350 минг нусхадан зиёд универсал жамғармага эга. Зиё маскани бир пайтнинг ўзида 550 нафардан зиёд китобхонга энг замонавий технологиялар ва хизмат кўрсатувчи 14 та таркибий хизматлар билан биргаликда фаолият юритади. Бу ерда хизмат кўрсатиш билан боғлиқ барча жараён тўлиқ автоматлаштирилган.

Айтиш жоиз, бугун фойдаланувчилар ўртасида китоб ва мутолаани тарғиб қилувчи тадбирлар, турли акциялар, машҳур инсонлар билан учрашувлар, бадиий кечалар, ижодий кўргазмалар ўтказиб бориш яхши анъанага айланган. Ўз навбатида, компьютер саводхонлиги курслари, маънавият соатлари, хорижий тилларни ўрганиш ҳамда саломатлик клублари фаолияти ҳам жуда яхши йўлга қўйилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?