Зийнат момонинг чанқовузи

Фото: “Халқ сўзи”
Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари эди. Зомин тоғлари бағридаги Қоратош қишлоғи қирларида давра қурган болалар орасидаги 10 ёшли қизча чанқовуз чала бошлади. Кенгликлар узра таралган чанқовузнинг сеҳрли овози булбулларнида мафтун этди. Қизча шунчалик берилиб, бор меҳрини бериб чалар эдики, гўё бу садо мозийдан келаётгандек қалбларга ором бахш этарди.
Ҳозирда Сардоба туманининг Бирлашган маҳалласида яшаётган 73 ёшли Зийнат Баратованинг чанқовузга ошуфталиги ана шундай бошланган. Олтмиш йилдан ошибдики, чанқовузни бўйнига тумордек осиб юради. Шу мўъжазгина матоҳ ёнида бўлмаса, ўзини қимматбаҳо нарсасини, қадрдонини йўқотгандек ҳис қилади. Ушбу халқона мусиқий асбобни чалишни унга ҳеч ким ўргатмаган. Тенгдошлари билан қўй боқиб юрган болалик онларида шунчаки, билганича чалиб юрган. Қизиғи, ижро этган куйлари чорвасини ҳам ром этган. Қачонки, чанқовуз чалса, узоқлашган чорваси бир зумда рўпарасида пайдо бўлган.
Ҳа, чанқовуз оҳанглари хаёлотни қиру адирлар, дала-даштларга етаклайди. Ям-яшил кенгликларга ёйилган қўй-қўзилар маъраши, чўпон-чўлиқларнинг “қур-ей-қур-ей”и, сўфитурғай сайроғию, югурик сойлар шарқироғи –буларнинг бари ана шу жуда оддий ва ажиб мусиқа асбобидан тараладиган куйларга кўчади. Бор-йўғи икки қисм, узунлиги 8-10 сантиметрлик темир шоҳа ва унинг ўртасига ўрнатилган пўлат тилчадан иборат жажжи чанқовуз таъбир жоиз бўлса, бутун бир оркестр ижро этадиган мусиқа завқини беради.
Зийнат момо чалиб юрган чанқовузнинг 50 йиллик тарихи бор. Уни ўтган асрнинг етмишинчи йилларида Сардоба туманига гастроль сафарига келган Қирғизистон санъаткорлари ушбу мусиқа асбобига бўлган қизиқишига рағбат сифатида совға қилган. Қизиғи, Зийнат Баратовага ҳеч ким устозлик қилмаган. Чанқовуз чалишни ўзининг қизиқиши, тинмай машқ қилиши туфайли ўрганган. ”Жуда содда кўринишда бўлсада, чанқовуз чалишни ҳамма ҳам эплайвермайди”, дейди Зийнат Баратова.
Марказий Осиёда, хусусан Ватанимизда яратилиш тарихи неча-неча асрлар наридаги миллий мусиқа асбоблари кўп. Ҳар бирининг такрорланмас оҳанги, жозибаси бор. Чанқовузнинг ҳам ўзига хослиги мавжудки, у азалдан асосан аёллар томонидан чалиб келинади ва бу жиҳат бой халқона мусиқа меросимизни яратишда юртимиз хотин-қизларининг ҳам салмоқли ҳиссаси борлигидан далолат.
— Зийнат момо “Бу йил Қашқадарёда “Чанқовуз ва сибизға” халқаро фольклор фестивали ўтказилганидан хурсанд бўлдим. Қатнаша олмаган бўлсамда, ёшларнинг чанқовузни севиб чалаётганини кўриб, кўнглим ўсди. Момоларимиздан мерос қолган чанқовузимизнинг умри боқий эканига шукр қилдим”, дейди.
Етмиш уч ёшли Зийнат Баратованинг кейинги йилларда эшитиши сусайибди. Лекин, чанқовуз чалишни тўхтатгани йўқ. “Яхши эшитмасамда, куйларимни юракдан ҳис қиламан”, дейди момо. Қадриятларимизни эъзозлаб, умрбоқийлигига ҳисса қўшаётган шундай онахонларимиз бор экан, чанқовузнинг оҳанги жонажон юртимиз кенгликлари узра янграйверади.
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг