Жиззах шаҳридаги Қозон федерал университети филиалида «Васийлик кенгаши» очилди

11:42 30 Май 2024 Жамият
343 0

Фото: "Халқ сўзи"

Саид ДОНИШEВ/«Халқ сўзи». Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев Қозон (Волгабўйи) федерал университети ректори Ленар Сафин бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Мулоқотда университет ректори Ленар Сафин, ўқув ишлари бўйича проректори Екатерина Турилова ва унинг Жиззахдаги филиали раҳбарлари ҳамда вилоят ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Учрашувда Жиззах шаҳридаги Қозон федерал университети филиалида «Васийлик кенгаши» очиш бўйича келишув имзоланди.

«Васийлик кенгаши» раиси этиб вилоят ҳокими Эргаш Салиев тайинланди. Ректор Ленар Сафин Кенгаш раиси ўринбосари бўлди.

Васийлик кенгашининг вазифаси филиал фаолиятини тизимли ва самарали ташкил этиш, таълим жараёнида ижтимоий шериклик тамойилларини амалга ошириш, таълим сифатини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, малакали мутахассисларни жалб қилиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш, ёш олимларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишдан иборат.

Шунингдек, филиалда талабаларни таълим олиш, дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун фан тўгараклари, зарурий моддий-техник базаси таъминотини йўлга қўйиш, талабалар тураржойларида яшаш шароитларини яхшилаш учун тегишли чора-тадбирларини белгилаш ҳам назарда тутилган.

Бундан ташқари учрашув давомида Қозон (Волгабўйи) федерал университети билан ҳиндистонлик инвесторлари ўртасида алоҳида келишув меморандуми ҳам имзоланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?