Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда

13:26 04 Октябр 2025 Жамият
131 0

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Ҳар йили октябрь ойининг дастлабки 10 кунлигида бутун дунёда космос мавзусига бағишланган йирик тадбирлар ташкил этилади. Сабаби 1957 йил 4 октябрда Собиқ Иттифоқ энг биринчилардан бўлиб ўзининг сунъий йўлдошини коинотга учирган.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

1967 йил 10 октябрда эса АҚШ, Буюк Британия ва Собиқ Иттифоқ ўртасида айни йўналишда махсус шартнома имзоланган. Шундан келиб чиққан ҳолда 1999 йилда БМТ Бош Ассамблеяси «Бутунжаҳон космос ҳафталиги»ни нишонлаш тўғрисидаги резолюцияни имзолаган.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Қарийб 26 йилдан буён мазкур сана ва у билан боғлиқ тадбирлар дунёнинг ҳар бир давлатида кенг нишонланади. Мамлакатда космик тадқиқотлар ва технологиялар билан шуғулланиб келаётган «Ўзбеккосмос» агентлиги ташаббуси билан бу йил Ўзбекистонда ҳам мазкур сана кенг миқёсида нишонланмоқда. Хусусан, «Бутунжаҳон космос ҳафталиги» доирасида 4-5 октябрь кунлари Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Ушбу халқаро ҳакатоннинг асосий мақсади иқтидорли ва ташаббускор ўғил – қизларни саралаб олиш, уларни қўллаб – қувватлаш, глобал мавзуларга нисбатан тўғри ва кенг фикрлашларига имкон яратиш, жаҳон майдонига ўзбек ёшларининг янги лойиҳаларини олиб чиқишдан иборатдир.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Мазкур тадбирда космонавтика ва астрономия каби йўналишларга қизиққан 200 нафардан зиёд ёшлар 50 дан ортиқ жамоаларга бўлинган ҳолда иштирок этмоқда. Улар маълумотларни қайта ишлаш, космик технологиялар ва STEM каби йўналишларда 19 та мавзу бўйича ўзларининг ечим ва креатив лойиҳаларини ишлаб чиқмоқда. Бу эса улар учун «NASA» агентлигининг энг долзарб муаммолари устида ишлаш орқали ўз истеъдодини намоён этиш, ижодий фикрлашни ривожлантириш, ноёб ғояларни ишлаб чиқиш ва янги ташаббусларни илгари суришга ёрдам беради.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Қайд этиш лозимки, «NASA Space Apps Challenge 2025» танловида ҳар йили дунёнинг 160 дан ортиқ давлатларидан 180 мингдан зиёд ёшлар қатнашади. Ўзбекистон эса мазкур ҳакатонда 4 йилдан буён муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Ҳозирга қадар мазкур тадбирда иштирок этган ўзбек ёшларидан таркиб топган жамоалар жаҳоннинг ТОП-50 энг яхши жамоалари қаторига кирган.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?