​​​​​​​Юрт тинчлиги ва қонун устуворлигини таъминлаш — пировард мақсад

19:21 08 Январь 2025 Жамият
243 0

Фото: Бош прокуратура

Мамлакатимизда 2017 йилдан буён 8 январь — Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни сифатида нишонланиб келинмоқда.

Янги йил остонасида бу сананинг нишонланиши прокуратура тизими олдида турган янги ҳамда муҳим вазифаларни белгилаб олиш имконини ҳам бериши билан аҳамиятлидир.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида ушбу сана муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев олиб борган анжуманда қайд этилганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуслари асосида ўтган йиллар давомида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида прокуратура органлари фаолияти тубдан ўзгарди. Сўнгги 8 йилда прокуратура органлари фаолияти билан боғлиқ ўттиздан ортиқ қонунлар, Фармон, қарор ва фармойишлар қабул қилиниб, улар самарали рўёбга чиқарилаётир.

Тадбирда яқин истиқболда прокуратура органлари олдида турган устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, прокуратуранинг ҳар бир ходими қалбидаги, онгу шууридаги Ватанга, эл-юртга ва ислоҳотларга садоқат ҳиссини мустаҳкамлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилиши қайд этилди.

Таъкидландики, одамларнинг ҳаёт даражасини юксалтириш, камбағалликни қисқартириш, қулай тадбиркорлик ҳамда инвестициявий муҳитни шакллантириш, иқтисодиёт барқарорлиги, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги, таълим, тиббиёт, экология, маданият ҳамда спорт каби муҳим соҳалардаги ислоҳотлар рўёбига ҳисса қўшиш прокурорлар кундалик фаолиятининг муҳим қисми бўлиб қолади.

Қонунчилик ижроси устидан назорат ҳам кескин кучайтирилади, жиноятчиликка қарши курашиш ва тергов фаолиятини такомиллаштириш доимий эътиборда бўлади.

Тадбирда бу каби кўплаб вазифаларни самарали амалга ошириш учун барча имкониятлар, куч ҳамда воситалар мавжудлиги ҳамда улар эзгу мақсадлар йўлида тўлиқ сафарбар этилиши алоҳида қайд этилди.

Анжуманда сўзга чиққан соҳа вакиллари прокуратура органлари тизимини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган чоралар, эътибор ва ғамхўрлик учун халқимиз ҳамда давлатимизга миннатдорлик билдириб, эл-юрт манфаатлари йўлида садоқат билан хизмат қилиш олий саодат эканини яна бир бор қайд этди.

Видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлис, Ҳукумат, вазирлик ва идоралар вакиллари, барча даражадаги прокуратура органлари ходимлари ҳамда фахрийлар қатнашди.

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?