Ёшлар масалалари бўйича комиссия устувор вазифаларни белгилаб олди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ёшлар масалалари бўйича комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Комиссиянинг 2023 йил биринчи ярим йиллиги сарҳисоби ва истиқболдаги режалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда ёшлар масаласига давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ўтган вақт ичида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялаш борасида қатор амалий ишлар қилинмоқда.
Ҳисобот даврида Комиссия томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш, жамиятнинг сиёсий жиҳатдан фаол қатламига айлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, Комиссия томонидан ёшларга оид қонунчиликни янада такомиллаштириш, ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини бойитиш, қонун ижодкорлиги жараёнига ёшларни жалб қилиш ҳамда қабул қилинаётган қонунларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш орқали уларнинг парламент ҳаётига дахлдорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳалари юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш Комиссия фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Комиссия томонидан қонун лойиҳаларига ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларини инобатга олган таклифлар бериш йўлга қўйилди. Ўтган давр мобайнида Комиссия томонидан 14 дан ортиқ қонун лойиҳалари юзасидан 40 дан зиёд асослантирилган таклифлар тайёрланди.
Шунингдек, Комиссия аъзолари конституциявий ислоҳотларда ҳам фаол иштирок этиб, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ёшларга етказиш мақсадида жойларга чиққан ҳолда 200 дан ортиқ туркум давра суҳбатлари ва учрашувларда иштирок этдилар.
Ҳисобот даврида Комиссия томонидан халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, хусусан, хорижий мамлакатлар ёшлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Комиссия аъзолари МДҲ Ёшлар Парламентлараро Ассамблеясининг йиғилишида, Пусан шаҳрида Осиё сиёсий партиялари халқаро конференцияси доирасида ўтказилган Ишбилармонлар кенгашининг “Иқлим инқирози даврида Осиё бизнеси имкониятлари ва муаммолари” мавзусидаги биринчи йиғилишида, Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган “Ёшлар парламентаризми – Ёшлар ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини шакллантириш мактаби” мавзусидаги халқаро форумда маърузалар билан қатнашдилар.
Комиссия аъзолари томонидан ёшларга оид қонунчиликнинг моҳияти ва аҳамиятини тарғиб қилиш, шунингдек Комиссиянинг фаолиятига доир масалалар юзасидан оммавий ахборот воситаларида 400 дан зиёд чиқишлар қилинган.
Тадбирда ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш каби масалалар комиссия фаолиятининг асосий йўналишларидан бири бўлиши таъкидланиб, устувор вазифалар белгилаб олинди.
2023 йилнинг иккинчи ярим йиллигида ёшларга оид қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш борасидаги ишларни янада кучайтириш, ёшларга оид қонунларнинг ижроси ҳолатини ўрганиш юзасидан Қонунчилик палатаси қўмиталарига, ёшларга оид долзарб масалаларни кўриб чиқиш бўйича Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига таклифлар киритиб бориш режалаштириб олинди.
Йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг