Тошкентда ёниб кетган қимматбаҳо электромобилга қасддан ўт қўйилгани маълум бўлди (+видео)

16:30 18 Апрель 2025 Жамият
233 0

Аввалроқ, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида «Tesla» русумли электромобиль ёниб кетганлиги ҳақида хабар берилган эди. Кейинроқ тарқалган видеотасвирларда ушбу электромобиль номаълум шахс томонидан қасддан ёқиб юборилгани маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълумот берди.

Унда айтилишича, жорий йилнинг 17 апрель куни тахминан соат 23:40 ларда Мирзо Улуғбек тумани, «Яланғоч» даҳаси ҳудудида жойлашган автотураргоҳларнинг бирида 1988 йилда туғилган М.Ж. ўзаро келишмовчилик сабабли таниши 1983 йилда туғилган Н.К. га тегишли «Tesla» русумли автомашинани ёқиб юборган.

Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида фуқаро М.Ж. қўлга олинган.

«Мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 173-моддаси («Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш») билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда», — дейилади бошқарма хабарида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?