Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди

10:02 06 Апрель 2025 Сиёсат
953 0

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Тошкент шаҳрида Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси доирасида Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси ташкил этилди. Ушбу нуфузли тадбирда дунёнинг турли минтақаларидан 200 дан ортиқ парламент аъзолари, аёл етакчилар ва экспертлар иштирок этди.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Сессияда гендер тенглиги, аёлларнинг сиёсий етакчилиги ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинди. Форум парламент аёл аъзолари учун глобал миқёсдаги муҳим майдон бўлиб, у сиёсий қарорлар қабул қилишда аёлларнинг иштирокини кенгайтириш, гендер тенгликни илгари суриш ҳамда барқарор ривожланишга ҳисса қўшишга хизмат қилмоқда.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Форум доирасида 40 йиллик юбилей нишонланди. 39-сессия президенти этиб Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева сайланди. Иштирокчилар кун тартибини тасдиқлаб, Женева ва Тошкент сессияларидаги муҳокамалар, Гендер ҳамкорлик гуруҳи фаолияти ва сўнгги ташаббуслар юзасидан фикр алмашдилар.

Фото: Акмал Муҳаммадев/«Халқ сўзи»

Олий Мажлис Сенати Раиси ўз чиқишида Ўзбекистонда гендер тенглик давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Сўнгги йилларда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишга қаратилган миллий модель ишлаб чиқилганини қайд этди. Шунингдек, Ўзбекистон Парламентлараро иттифоқнинг «Парламентдаги аёллар» рейтингида 193 давлат орасида 36-ўринни эгаллагани алоҳида эътироф этилди.

Фото: Акмал Муҳаммадев/«Халқ сўзи»

Форум бугунги кунда минтақавий хотин-қизлар учун долзарб масалаларни ҳал этишга хизмат қилувчи самарали платформага айлангани таъкидланди. Тадбирда 150-ассамблея доирасидаги резолюциялар гендер нуқтаи назаридан таҳлил қилинди. Фаластинда икки давлат тузиш ечими ва қуролли можароларнинг узоқ муддатли таъсирини юмшатиш бўйича парламент стратегиялари кўриб чиқилди.

Фото: Акмал Муҳаммадев/«Халқ сўзи»

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги аёл депутатлар улуши 38 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткич Осиё минтақасида юқори бўлиб, сўнгги 30 йилда 32 фоиз пунктга ўсишни англатади. 2004 йилда сиёсий партиялар рўйхатидаги номзодлар орасида аёллар улуши камида 30 фоиз бўлиши талаб этилган эди. 2024 йилги сайловларда бу кўрсаткич 40 фоизга етказилди.

Фото: Акмал Муҳаммадев/«Халқ сўзи»

Форумда гендер тенглик бўйича махсус ишчи гуруҳлар тузилиб, улар томонидан тавсиялар ишлаб чиқилди. «Сиёсатни шакллантирувчи аёллар: аёлларнинг глобал тармоқлари» мавзусида панель муҳокама ўтказилди. Якунда ишчи гуруҳлар ҳисоботларини тақдим этди ва тегишли тавсиялар Парламентлараро иттифоқнинг доимий қўмиталарига тақдим этилди.

Фото: Акмал Муҳаммадев/«Халқ сўзи»

Парламент аёл аъзолари форуми 40 йиллик фаолияти давомида аёлларнинг сиёсий иштирокини кенгайтиришга хизмат қилиб келмоқда. Форумнинг 39-сессияси эса гендер тенглик, сиёсий етакчилик ва инклюзив ҳамкорлик бўйича глобал муҳокамалар учун муҳим майдон бўлди.

Фото: Акмал Муҳаммадев/«Халқ сўзи»
Фото: Акмал Муҳаммадев/«Халқ сўзи»
Фото: Акмал Муҳаммадев/«Халқ сўзи»
Фото: Акмал Муҳаммадев/«Халқ сўзи»
Фото: Акмал Муҳаммадев/«Халқ сўзи»
Фото: Акмал Муҳаммадев/«Халқ сўзи»
Фото: Акмал Муҳаммадев/«Халқ сўзи»

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?