«Янги Ўзбекистон юлдузлари» миллий мукофоти халқаро даражага кўтарилмоқда

16:41 26 Январь 2026 Маданият
844 0

Бу йил тўртинчи маротаба ўтказилаётган «Янги Ўзбекистон юлдузлари» маданият ва санъат миллий мукофоти тантанали тадбири ўзгача руҳда бўлиб ўтиши кутилмоқда. Ушбу миллий мукофот доирасида бугунги кунга қадар 20 та номинация бўйича 60 нафар ижодкорлар муносиб деб топилган ва рағбатлантирилган.

Бу галги тадбирнинг аҳамиятга молик жиҳатларидан бири шундаки, илк маротаба дунё давлатларида ўзбек маданияти ва санъатини кенг тарғиб қилган ҳамдўстлик мамлакатлари фуқаролари учун янги «Йилнинг энг яхши хориждаги ўзбек маданияти тарғиботчиси» номинацияси ҳам жорий этилиб, халқаро меҳмонларнинг иштироки кутилмоқда.

Халқаро меҳмонлар қаторида 2025 йилда дунёнинг хит тароналаридан бирига айланган «Homay» қўшиғи ижрочилари бўлган Бошқирдистоннинг «Ay Yola» гуруҳи Ўзбекистонга келмоқда. Шу билан бирга, Тожикистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистон халқ артисти Нигина Амонқулова ҳамда Озарбайжон халқ артисти Менсум Ибраҳимов, Ўзбекистон ва Озарбайжон халқ артисти Гулянақ Мемедовалар ҳам меҳмон сифатида иштирок этади.

Миллий мукофотга янги қўшилган «Йилнинг энг яхши хориждаги ўзбек маданияти тарғиботчиси» номинациясига илк номзодлар, япониялик Машу Комазаки, қозоғистонлик Арман Нурмахаматули ҳамда озарбайжонлик Саҳиб Пашшазаде киритилган.

Айни кунларда мазкур танловнинг навбатдаги 20 та номинацияда ғолибларини аниқлаш бўйича Milliytanlov.uz платформаси орқали муносиб номзодларга овоз бериш жараёни давом этмоқда.

Мазкур мукофот билан маданият ва санъат соҳасида 2025 йил давомида юқори натижаларга эришган, республика ва халқаро тадбирларда фаол иштирок этган соҳанинг муносиб вакиллари қуйидаги 20 та номинация бўйича тақдирланиши кутилмоқда:

• «Йилнинг энг яхши эркак мақом хонандаси»;

• «Йилнинг энг яхши аёл мақом хонандаси»

• «Йилнинг энг яхши опера ижрочиси»;

• »Йилнинг энг яхши спектакли»;

• «Йилнинг энг яхши театр актёри»;

• «Йилнинг энг яхши театр актрисаси»;

• «Йилнинг энг яхши театр режиссёри»;

• «Йилнинг энг яхши драматурги»;

• «Йилнинг энг яхши бадиий фильми»;

• «Йилнинг энг яхши цирк артисти»;

• «Йилнинг энг яхши аскиячиси»;

• «Йилнинг энг яхши қизиқчиси»;

• «Йилнинг энг яхши рангтасвир рассоми»;

• «Йилнинг энг яхши ёш бахшиси»;

• «Йилнинг энг яхши фольклор жамоаси»;

• «Йилнинг энг яхши раққосаси»;

• «Йилнинг энг яхши аёл эстрада хонандаси»;

• «Йилнинг энг яхши эркак эстрада хонандаси»;

• «Йилнинг энг яхши хориждаги ўзбек маданияти тарғиботчиси»;

• «Йилнинг энг яхши маданият маркази».

Маълумот учун, «Янги Ўзбекистон юлдузлари» миллий мукофотига сазовор бўлган ижодкорлар махсус статуэтка ҳамда сертификат, шу билан бирга, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида пул мукофоти билан моддий рағбатлантирилади.

Ушбу тантанали тақдирлаш маросими жорий йилнинг 28 январь куни пойтахтдаги «Renessans Hall» биносида бўлиб ўтади. Тадбирни соат 19:00 да ZOʻR TV телеканали орқали жонли эфирда томоша қилиш мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер