Шимол ёғдуси — мўжиза эмас даҳшат. Қуёшда X тоифали кучли чақнаш содир бўлди
Фото: AFP
Қуёшда кузатилган кучли фаоллик натижасида Ер томон сўнгги 20 йил ичидаги энг кучли радиация бўрони йўл олди. CNN нашрининг ёзишича, бу душанба кечаси ва сешанба тонгида кутилмаган ҳудудларда ёрқин шимол ёғдусининг намоён бўлишига олиб келди. Қайд этилишича, радиация сунъий йўлдошларга асосланган алоқа тизимлари ва GPSʼда қисқа муддатли узилишларни юзага келтириши мумкин.
АҚШ Миллий об-ҳаво хизмати ҳузуридаги Космик об-ҳаво прогноз маркази (SWPC) 5 босқичли шкалада 4-даражали — S4 тоифасига кирувчи жиддий қуёш радиацияси бўронини қайд этди. Марказ маълумотига кўра, бу сўнгги 20 йил ичидаги энг кучли радиация бўрони ҳисобланади. Бунга ўхшаш ҳолат охирги бор 2003 йил октябрда кузатилган.

Мутахассислар бундай бўронлар, аввало, космик парвозлар, авиация ҳамда сунъий йўлдошлар фаолиятига таъсир кўрсатишини таъкидламоқда. Хусусан, Ер атрофи, паст орбитада бўлган Халқаро космик станциядаги астронавтлар учун радиация хавфи ошиши, қутб йўналишлари орқали амалга ошириладиган авиарейсларда эҳтиёт чоралари кўрилиши мумкин. Шу муносабат билан SWPC авиакомпаниялар, NASA, FAA ва бошқа тегишли идораларни олдиндан огоҳлантирган.
Шунингдек, якшанба куни Қуёшда содир бўлган энг юқори — X тоифали чақнаш ортидан коронал массалар чиқиши қайд этилган. Бу жараён Ер магнит майдонига етиб келганда кучли геомагнит бўронларга сабаб бўлади. Натижада шимол ва жануб қутблари атрофида, айрим ҳолларда эса анча жанубий ҳудудларда ҳам шимол ёғдуси кузатилиши мумкин.


Мутахассислар яқин кунларда ҳам Қуёшда янги чақнашлар юз бериши эҳтимолини истисно қилмаяпти. Агар бундай портлашлар Ер томон йўналтирилса, қўшимча геомагнит бўронлар ва ёғдулар қайтадан кузатилиши мумкин. Шу билан бирга, экспертлар оммавий технология тизимларида катта узилишлар кутилмаётганини маълум қилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича 3 миллионта файлни эълон қилди
- Трамп Кубадан келаётган таҳдид сабаб АҚШда фавқулодда ҳолат эълон қилди
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
- Буюк шоирнинг Самарқанддаги табаррук излари
- Уруш, жасорат ва спорт: ҳафта давомида дунё эътиборини тортган 10 та сурат
- «Humans» Ўзбекистондан юзлаб миллион доллар зарарни қоплашни талаб қилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг