Тошкент шаҳрида «Вакиллик ҳокимияти органлари тизимини модернизация қилишнинг конституциявий-ҳуқуқий муаммолари: Ўзбекистон учун халқаро тажриба» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди

23:39 18 Апрель 2025 Сиёсат
238 0

2025 йил 17-18 апрель кунлари Тошкент шаҳрида “Вакиллик ҳокимияти органлари тизимини модернизация қилишнинг конституциявий-ҳуқуқий муаммолари: Ўзбекистон учун халқаро тажриба” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Мазкур анжуман Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Анжумандан кутилаётган мақсад – янгиланган Конституция шароитида Парламент ва маҳаллий халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятини такомиллаштиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш, шунингдек, маҳаллий ва хорижий мутахассислар ўртасида фикр алмашишдан иборат.

Халқаро анжуманда Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлари, маҳаллий халқ депутатлари Кенгашлари раислари, вазирлик ва идоралар, таҳлилий марказлар, илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этдилар. Шунингдек Буюк Британия, Словения, Франция, Польша, Япония, Хитой, Туркия, Қозоғистон ва Тожикистон каби 9 мамлакатдан давлат арбоблари, экспертлар ва олимлар қатнашдилар. Булар билан бир қаторда, мазкур тадбирда Венеция комиссияси, ЕХҲТ ва GIZ каби халқаро ташкилотлардан ҳам вакиллар қатнашди.

Анжуман 2023-йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциядан кейин амалга оширилаётган чуқур ислоҳотлар доирасида ўтказилди. Асосий йўналишлардан бири вакиллик ҳокимияти органларини шакллантириш ва уларнинг фаолиятига оид ёндашувларни қайта кўриб чиқиш бўлди. Анжуман давомида қонунчилик фаолияти, парламент назорати, вакиллик ва ижро ҳокимияти органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик, шунингдек, сиёсий партиялар ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг роли масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Ушбу анжуман Тошкентда шаҳридан ўтказилган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеясидан кўп ўтмай ўтказилиши унга алоҳида аҳамият касб этди. Шундай муҳим халқаро анжуманнинг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотларнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилганини англатади. Бу, ўз навбатида Ўзбекистоннинг глобал мулоқот ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш майдони сифатидаги нуфузи ошганидан далолат беради.

Шу нуқтаи назардан, анжуман иштирокчилари Ўзбекистон бугунги кунда халқаро ҳамжамиятда самарали, инклюзив ва шаффоф давлат ҳокимияти тизимини барпо этишга қаратилган демократик ислоҳотлар мамлакати сифатида тан олинаётганини таъкидладилар. Бундай юксак баҳо давлат ва жамият қурилишининг сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий асосларини белгилаб берган “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг босқичма-босқич амалга оширилиши туфайли эришилмоқда. Ушбу Стратегия доирасида мамлакатимиз Президенти томонидан демократик институтларни янада мустаҳкамлаш, халқ ҳокимияти механизмларини такомиллаштириш ва фуқаролик жамиятининг ролини ошириш бўйича кенг қамровли вазифалар белгиланган.

Анжуман иштирокчилари 2023-йилги Референдумда қабул қилинган янгиланган Конституциянинг алоҳида аҳамиятини таъкидладилар. Ушбу Конституция Ўзбекистон миллий давлатчилиги ривожланишида янги босқични белгилаб берди ҳамда демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат қуришнинг пойдевори бўлди. Унинг асосий мақсади инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, шунингдек мамлакат фаровонлиги ва хавфсизлигини кафолатлашдан иборат.

Анжуманда таъкидланишича, 2024 йилда илк бор аралаш сайлов тизими асосида ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови мамлакатимизда конституциявий ўзгаришларни амалга оширишда муҳим қадам бўлди. Вакиллик органларини шакллантиришга оид янгича ёндашувлар Ўзбекистоннинг илғор демократик воситаларни жорий этиш, ҳокимият шаффофлигини ва ҳисобдорлигини таъминлаш, сиёсий партиялар ҳамда фуқаролик институтларининг эркин ривожланишини кафолатлашга бўлган қатъиятини кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, ҳокимиятнинг вакиллик органларини самарали модернизация қилиш халқаро тажрибани ҳар томонлама ўрганишни, энг илғор хорижий амалиётларини таҳлил қилишни ҳамда мамлакатнинг миллий хусусиятлари ва манфаатлари инобатга олган ҳолда улардан фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишни тақозо этади.

Халқаро анжуман олти сессиядан иборат бўлиб, ҳар бири сессия ҳокимиятнинг вакиллик органларини тизимини модернизация қилишнинг асосий йўналишларини муҳокама қилишга бағишланди: халқ ҳокимияти асосларини мустаҳкамлаш шароитида ҳокимиятнинг вакиллик органларининг янги конституциявий қиёфаси; Парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятини модернизация қилиш ва самарадорлигини оширишнинг устувор йўналишлари.

Муҳокама марказида шунингдек, парламент назоратини ташкил этиш ва амалга оширишда халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган тамойилларини ва нормаларини имплементация қилиш масалалари; ҳокимиятнинг вакиллик тизимини замонавийлаштиришда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш масалалари ҳам бўлди. Анжуманда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини такомиллаштириш ва парламентлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришнинг сиёсий-ҳуқуқий масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Анжуман якунида янги конституциявий ислоҳотлар шароитларда Парламент ва ҳокимиятнинг вакиллик органларини фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилди. Мазкур тавсиялар янги конституциявий воқелик шароитида парламент ва депутатлик фаолиятини самарали ташкил этиш, шунингдек, вакиллик ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг ўзаро ҳамкорлиги бўйича услубий кўрсатмалар ҳамда ташкилий-ҳуқуқий моделни ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилиши кўзда тутилган.

Мазкур Анжуман Ўзбекистоннинг демократик ислоҳотларни амалга ошириш ва ҳокимиятнинг вакиллик органлари тизимини такомиллаштириш йўлида халқаро ҳамжамият билан мулоқотга, тажриба алмашишга ва халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга очиқлигини тасдиқловчи яна бир мисол бўлди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?