“Яшил макон”: кўчатчиликда Қува тажрибаси оммалашиб бормоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Қува тумани деҳқончилик, боғдорчилик, кўчатчилик ва гулчилик соҳасида нафақат Фарғона водийси, балки бутун мамлакатимиз миқёсида танилган. Бу соҳага қаратилган эътибор ва рағбат туфайли кейинги йилларда қувалик миришкорлар ушбу йўналишда МДҲ давлатлари, ҳатто Европа мамлакатларига йилига ўн миллионлаб мевали ва манзарали, ноёб гуллар кўчатларини экспорт қилишга муваффақ бўлмоқдалар.
Айни пайтда кўчатчилик ва гулчилик туманнинг ўндан ортиқ маҳаллалари драйвери сифатида белгиланган бўлиб, ушбу соҳа ҳудудлар ободлигини таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир. Ҳозирда тумандаги кўчатчилик, гулчилик кооперациялари ва кластерларида ҳаётий тажрибалар илмий ҳамда жаҳон андозалари асосида жадал ривожлантирилиб, қувонарли ютуқларга эришиляпти.

Куни кеча Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров иштирокида Қува туманидаги 51–умумтаълим мактабида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги дарахт экиш мавсуми юмушларига бағишланган вилоят семинари ташкил этилди.
Маҳаллий ҳокимликлар, таълим муассасалари масъуллари қатнашган амалий семинарда шаҳар–туманлар таълим муассасаларида кузги дарахт экиш мавсумини намунали ўтказиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.
—“Яшил макон” лойиҳасини таълим муассасаларида уюшқоқлик билан ўтказиш келажагимиз ворисларида болаликдан табиатга меҳр уйғотади,—деди Хайрулло Бозоров. —Шу билан бирга, яшил ҳудудларни кўпайтириш, экологик муҳитни яхшилашга хизмат қилади. Айни жиҳатларни инобатга олиб, мазкур юмушни ҳар бир таълим муассасасида намунали ташкил этиш муҳимдир.

Таъкидлаш жоиз, амалий семинар бўлиб ўтган 51–умумтаълим мактабида икки гектардан зиёд ҳудуд кўкаламзорлаштирилган. Билим даргоҳи ҳовлиси манзарали дарахтлар ҳамда анвойи гуллар билан безанган. Бу йилги кузги дарахт экиш мавсумида 17 минг тупдан зиёд ноёб манзарали дарахтлар қаламчалари экилди.
Эътиборлиси, таълим даргоҳида кўчатлар ва гуллар қаламчалари тайёрлаб сотиш ҳам йўлга қўйилган. Бу борада ҳар йили мактаб бюджетига ўртача 150 миллион сўмдан кўпроқ даромад фойда келади ҳамда мазкур маблағ ободонлаштириш, фаол ўқитувчи ва аълочи ўқувчиларни рағбатлантиришга йўналтирилади.
Юзма–юз мулоқотда вилоят ҳокими ушбу йўналишда Қува тумани тажрибаси барча шаҳар–туманлар мутасаддиларига ибрат ва намуна бўлиши зарурлигини таъкидлади.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг