«Яшил энергия»дан фойдаланиш кўлами ортмоқда

11:14 21 Август 2024 Жамият
114 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги «2023 йилда қайта тикланувчан энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан Андижон вилоятида 1 минг 270 та ижтимоий соҳа объектига йилига 13,9 млн. к/ватт-соат энергия ишлаб чиқариш қувватига эга 12,7 мегаваттли қуёш панеллари ўрнатиш белгиланган. Хўш, қарор ижросини таъминлаш доирасида вилоятдаги ишлар қай даражада?

— Ҳозирга қадар жами 10 минг 390 та объектга 45 минг 520 кВт-соат, шундан 8 минг 224 та аҳоли хонадонига 14 минг 90 кВт-соат, 480 та тадбиркорлик субъектига 15 минг 160 кВт-соат, 816 та ижтимоий соҳа ва давлат идораларига 16 минг 270 кВт-соат қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилди, — дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Муҳаммаджон Нишонов. — Бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш даркор. Шу боис ҳар бир шаҳар ва туманларда бўлиб, мавзуга доир семинарлар ташкил этилмоқда. Уларда яшил энергиянинг афзалликлари ҳақида маълумотлар берилмоқда.

Булоқбоши туманида ижтимоий соҳа объектларига, шунингдек, Маҳаллалар уюшмаси туман бўлими томонидан шакллантирилган рўйхат асосида туманнинг турли маҳаллаларидаги 50 та хонадонга таъминотчи корхона томонидан қуёш панеллари ўрнатиш белгилаб олинди. Бу тадбирлар барча ҳудудларда давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?