Янги кашфиёт: инсон организми учун фойдали маҳсулот

15:33 12 Февраль 2025 Жамият
68 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона давлат университети олимлари томонидан саноат усулида қайта ишланган узум уруғидан мой ишлаб чиқариш орқали инсон организми учун фойдали маҳсулот тайёрлаш йўлга қўйилди. Янги кашфиёт узум уруғини қайта ишлаб, унинг таркибидаги мойни ажратиб олиш имконини беради. Бугунги кунда мазкур ишлаб чиқариш технологияси тўлиқ амалиётга жорий қилинди.

Университетнинг кимё факультети катта ўқитувчиси, кимё фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Ҳикматилло Абдуқундузов томонидан кашф этилган ихтирога Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли сертификати ҳамда ишлаб чиқаришга рухсатнома тақдим этилди.

Натижада умумий қиймати 1 миллиард сўмлик лойиҳа ишлаб чиқилиб, Фарғона давлат университети раҳбарияти томонидан молиялаштирилди. Ҳозирда алоҳида бино ажратилиб, узум данагини тозалаш, мойини ажратиб олиш мақсадида хориждан замонавий технология олиб келиб ўрнатилди. Шу тариқа хомашёни сақлаш, ювиш, қуритиш ва ишлаб чиқариш ҳудудига ўтказиш жараёнини ўзаро уйғунлаштирувчи тизим яратилди.

Янги технология бир кунда ўртача 800 кг узум уруғини қайта ишлаш ва мойини ажратиб олиш имконини беради. Битта жараёнда махсус идишга 10 кг уруғ жойланиб, ўртача 1 кг тоза мой олинади. Мойи ажратиб олгандан сўнг қолган уруғ қолдиқлари чорва учун тўйимли озуқа ҳисобланади.

— Устозларим кўмагида 4 йил илмий изланишлар олиб бориб, ушбу ихтирони ҳаётга муваффақиятли татбиқ этишга муваффақ бўлдик, — дейди ёш олим Ҳикматилло Абдуқундузов. — Айни жараёнда давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 6 июлда қабул қилинган “2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлди.

Инсон организмида қон айланишини яхшилаш, юрак касалликлари хавфини пасайтириш ва иммун тизими мустаҳкамлигини оширишда фойдали хусусиятга эга бўлган ушбу маҳсулот айни пайтда ички бозорга етказиб берилмоқда. Айниқса, янги маҳсулот қандли диабет билан оғриган беморларда зарарланган терининг битказувчанлигини оширишда ғоятда самарали эканлиги эътироф этилаётир. Ана шу каби жиҳатларини инобатга олиб, яқин истиқболда маҳсулотни хорижга экспорт қилиш мақсадида амалий саъй-ҳаракатларга киришилган.

Ўз навбатида, университет олимлари узум уруғидан янги биотехнологиялар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлашда фаол биологик қўшимча сифатида фойдаланиш бўйича илмий изланишларини давом эттирмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?