Шавкат Мирзиёевнинг Сирдарёга ташрифи якунланди

20:54 04 Декабрь 2025 Сиёсат
172 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Йиғилиш аввалида давлатимиз раҳбари “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил асосида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижаси сифатида Сирдарё вилоятидаги улкан ўзгаришларни алоҳида таъкидлади.

– Илгари асосан қишлоқ хўжалигига боғланиб қолган бу заминда сўнгги йилларда саноат, сервис, туризм йўқдан бор бўлди. Бизнес муҳити бутунлай ўзгарди, илғор тадбиркорлар қатлами шаклланди, – деди давлатимиз раҳбари.

Саккиз йилда Сирдарё вилоятига 4 миллиард доллар инвестиция киритилди. Шу давр мобайнида 187 та йирик қувват ишга туширилиб, 120 минг янги иш ўрни яратилди. 50 га яқин янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Натижада саноат ҳажми 4 триллион сўмдан 25 триллион сўмга етди.

Илгари дотация олган Гулистон, Янгиер шаҳарлари, Боёвут, Мирзаобод, Сайхунобод, Сирдарё ва Ховос туманлари бугун ўз харажатини ўзи қоплаш даражасига етгани қайд этилди.

Сирдарё туманида келгуси йили хитойлик шериклар билан 122 миллион долларлик автомобилсозлик лойиҳаси ишга туширилади. Яқинда Қозоғистон билан ҳамкорликда Сирдарё туманида Марказий Осиё халқаро саноат кооперацияси марказига старт берилди. Ушбу марказ ҳудудида қиймати 300 миллион долларлик 14 та саноат корхонаси келаси йилнинг биринчи чораги якунига қадар иш бошлаши, 2026 йилда яна 720 миллион долларлик 40 та янги лойиҳа жойлаштирилиши белгиланди.

Давлатимиз раҳбари Сирдарёда боғча, мактаб, шифохона ўринларини кўпайтириш, электр, сув, канализация ва йўлларни яхшилаш борасида ҳам амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтди. Биргина жорий йилнинг ўзида аҳоли турмуш шароитини яхшилаш учун 100 миллион доллар ресурс йўналтирилди. Натижада 47 та мактаб, 45 та болалар боғчаси, 31 та тиббиёт муассасаси, 5 та спорт ва маданият маскани тубдан таъмирланиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Бу ишлар изчил давом эттирилиб, келаси йили яна 100 миллион доллар ажратилиши эълон қилинди.

Сессияда ташкилий масала ҳам кўрилди. Президентимиз ҳоким вазифасини бажараётган Эркин Турдимов номзодини Сирдарё вилояти ҳокими лавозимига илгари сурди.

Вилоят фаолларининг фикр-мулоҳазалари тингланиб, номзод овозга қўйилди. Овоз бериш натижасига кўра, Эркин Турдимов Сирдарё вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди.

Давлатимиз раҳбари янги ҳоким олдига Сирдарёни ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар қўйди. Жумладан, келаси йиллар давомида вилоятга жами 3 миллиард доллар инвестиция киритиш, экспорт ҳажмини 500 миллион долларга етказиш, 185 минг аҳолини иш билан таъминлаш бўйича қатъий ишлаш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилишда вилоятда саноат, сервис, қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш масалалари кўриб чиқилди.

Сўнгги йилларда хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда умумий қиймати 500 миллион доллар бўлган 31 та корхона ишга туширилиб, 5 минг нафар фуқаро юқори даромадли иш ўринлари билан таъминланди. Хитойлик ҳамкорлар билан яна 700 миллион долларлик 40 та лойиҳа бўйича ишлар жадал давом этмоқда.

Янгиер, Гулистон ва Ширин шаҳарлари, Сирдарё, Боёвут, Гулистон, Мирзаобод, Оқолтин, Ховос туманлари ҳисобига Сирдарё эркин саноат зонаси ҳудуди 1080 гектаргача кенгайтирилди. Вилоят ва туман ҳокимларига саноат зонасига қўшиб берилган майдонларда камида 4 миллиард долларлик лойиҳаларни бошлаш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.

Бунинг учун лойиҳаларнинг самарадорлигини пухта ҳисоблаб, инвесторларга тақдимот қилиш мақсадида Сирдарё, Боёвут, Гулистон, Мирзаобод, Оқолтин, Ховос туманлари, шунингдек, Янгиер, Гулистон ва Ширин шаҳарлари ҳокимларидан иборат делегацияни Хитойга юбориш топширилди.

Қурилиш материаллари бўйича Цзянсу, Шаньдун ва Гуандун, кимё саноати бўйича Тяньцзинь, электротехникада Фуцзянь ва Гонконг, енгил саноатда Шаньдун ва Синьцзян, фармацевтика соҳасида Шанхай ва Цзянси ҳудудлари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик ўрнатиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, Гулистон шаҳрида камида 5 минг иш ўрнига эга “Ўзбекистон – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти” савдо ва саноат зонаси ташкил этилиши белгиланди. Бу ердаги объектлар тайёр лойиҳа сифатида тадбиркорларга саноат ипотекаси ёки лизинг асосида таклиф этилади.

Тошкент шаҳридаги саноат корхоналарини босқичма-босқич пойтахтдан ташқарига кўчириш жараёнида Сирдарё эркин иқтисодий зонасидаги бўш ерлар мавжуд қувватларни жойлаштириш учун катта имконият экани таъкидланди.

Шу боис, пойтахтдан ўз корхонасини Сирдарёга кўчириш истагида бўлган тадбиркорларга саноат зонасидаги ерлар соддалаштирилган тартибда, чегирма билан тақдим этилади, уларга 10 миллиард сўмгача имтиёзли кредит ажратилади, хомашёни темир йўл орқали ташишда арзонлаштирилган тарифлар қўлланади.

Йиғилишда тадбиркорлик ва сервис инфратузилмасини ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

2026 йилда вилоят инфратузилмасини яхшилашга 1,5 триллион сўм, тадбиркорлик лойиҳалари учун 10 триллион сўм ресурс ажратиш режалаштирилган. Шунинг 753 миллиард сўми илк бор Сирдарё вилояти ва туман бюджетларига маҳаллалар шароитини яхшилаш учун йўналтирилади.

Президентимиз аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича янгича ёндашувлар, самарали ечимларни жорий этиш учун доим изланиш, ўрганиш ва тажриба орттириш жуда муҳимлигини таъкидлади.

Шу мақсадда 11 та туман ҳокимининг биринчи ўринбосарини Пекиндаги Камбағалликка қарши курашиш бўйича халқаро марказда амалиёт ўташини ташкил қилиш, сирдарёлик 50 ёшни Пекин шаҳрида автомобилларга техник хизмат кўрсатиш бўйича курсларда ўқитиш топширилди.

Шунингдек, Гулистон университети қошида Хитойнинг “Лу Бан устахонаси” дастури доирасида касб-ҳунарга ўқитиш марказини, Сирдарё туманидаги тиббиёт техникуми негизида эса Хитой билан ҳамкорликда фармацевтика технологиялари йўналишида олийгоҳ ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш масалалари ҳам атрофлича кўриб чиқилди.

Экин ерларида сув таъминотини яхшилаш мақсадида келаси йили Боёвут туманида сиғими 100 миллион куб метр бўлган “Султонҳовуз” сув омбори қурилиши бошланади. Бу орқали Боёвут, Гулистон, Сайхунобод, Сирдарё ва Мирзаобод туманларидаги 110 минг гектарда йилига икки марта ҳосил олиш имконияти яратилади.

Йиғилишда аҳоли ва тадбиркорларнинг ҳаётини енгиллаштиришга қаратилган ташаббусларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

А-373 йўлининг Сайхунобод ва Гулистон туманларидан ўтувчи 37 километр қисмини олтита тасмали қилиб реконструкция қилиш ишларини бошлаш топширилди. Боёвут, Гулистон, Ховос, Мирзаобод, Сирдарё ва Сайхунободнинг 18 та маҳалласидаги 67 километр йўлни цемент-бетон қопламага ўтказиш режалаштирилган.

Икки кун олдин Гулистон шаҳри Тараққиёт маҳалласидаги буюм бозори ҳудудида жойлашган умумий овқатланиш шохобчаларидан бирида газ баллони портлаши натижасида 29 нафар фуқаро жароҳат олди.

Афсуски, мазкур бахтсиз ҳодисада қурбонлар ҳам бор. Президентимиз ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирди. Уч кун муддатда қурбонларнинг оиласига 100 миллион сўмдан моддий ёрдам ажратиш топширилди.

– Бугун сизлар билан вилоятни янада ривожлантириш, аҳоли ва тадбиркорларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш бўйича катта-катта режа ва мақсадларни белгилаб олдик. Ҳеч шубҳасиз, сирдарёликларнинг бунёдкорлик, ташаббускорлик ва фидойилик фазилатларига таяниб, бу марраларга албатта эришамиз, – деди Президентимиз йиғилиш якунида.

Сессия давомида мутасаддиларнинг ҳисоботлари, иштирокчиларнинг фикр ва таклифлари тингланди.

Шу билан давлатимиз раҳбарининг ҳудудга ташрифи якунланди, Президентимиз Тошкентга қайтиб келди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер