Сирдарё тараққиётида янги босқич — Президент ташрифи фотолавҳаларда
Фото: Хасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Президент Шавкат Мирзиёев 4 декабрь куни Сирдарё вилоятига ташриф буюриб, ҳудуднинг саноат, ижтимоий инфратузилма ва аҳолига хизмат кўрсатиш тизимларида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишди, янги лойиҳалар ижроси бўйича кўрсатмалар берди.

Сафар Сирдарё туманидаги инфузион дори воситалари ишлаб чиқарувчи “River Med Pharm” корхонасидан бошланди. Президентимиз корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди, янги босқич лойиҳалари билан танишди. Бу ерда йилига 100 миллиондан ортиқ дори воситалари ишлаб чиқарилади ва юзлаб иш ўринлари яратилган.

Шундан сўнг давлатимиз раҳбари “Сирдарё” эркин иқтисодий зонасида жойлашган “Invest Asia” корхонасида бўлди. Бу мажмуа Марказий Осиёдаги етакчи қадоқлаш материаллари ишлаб чиқарувчилардан бири бўлиб, минглаб иш ўринларини таъминламоқда. Президент ишлаб чиқариш қувватлари, экспорт кўрсаткичлари ва янги лойиҳалар билан яқиндан танишди.

Корхонада хорижий инвесторлар билан учрашув бўлиб ўтди. Тадбиркорлар Сирдарёда амалга ошираётган лойиҳалар ҳақида маълумот бериб, давлат томонидан яратилаётган имкониятлар учун миннатдорлик билдирдилар.

Президент Гулистон шаҳридаги Бўстон маҳалласига ташриф буюрди. Бу ерда кўп қаватли уйлар таъмирланиб, иссиқлик тармоқлари янгиланган, янги қозонхона барпо этилган. Давлат раҳбари маҳалла фаоллари ва нуронийлар билан суҳбатлашиб, амалга оширилган ишларни кўздан кечирди ва инфратузилмани янада кенгайтириш бўйича топшириқлар берди.

Ташриф доирасида Президент Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг вилоят филиалига бориб, икки кун аввал содир бўлган газ портлаши оқибатида жароҳатланган фуқароларнинг аҳволидан хабар олди. Шифокорларга беморларни тўлиқ даволаш, уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқлар берилди.

Президент Гулистон шаҳрига келтирилган 52 та замонавий автобуслар тақдимотида ҳам иштирок этди. Евро-5 стандартидаги ушбу автобуслар 23 та маҳаллани қамраб олувчи 7 йўналишда ҳаракатланади ва кунига 29 минг йўловчига хизмат кўрсатади.

Сирдарё вилояти Кенгашининг сессиясида давлатимиз раҳбари сўнгги йилларда ҳудудда иқтисодиёт, саноат, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳада эришилган натижаларни таъкидлади. Сессияда Эркин Турдимов Сирдарё вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди.

Президент инвестицияларни жалб қилиш, саноат қувватларини кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш, таълим ва тиббиёт инфратузилмасини модернизация қилиш, йўл ва сув таъминоти тизимларини яхшилаш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди. Ҳудудни ривожлантириш бўйича йирик лойиҳалар – автомобилсозлик, саноат кооперацияси маркази, “Султонҳовуз” сув омбори, маҳаллаларни яхшилаш дастурлари тақдим этилди.

Кун давомида Сирдарёда амалга оширилаётган ишларга баҳо берилиб, янги ташаббуслар белгилаб олинди. Ташриф якунида Президентимиз Тошкентга қайтиб келди.
































Фото: Хасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Дуал таълим — етук мутахассис тайёрлаш кафолати
- Она тили ва адабиёт фанидан мустақил ўқиш учун тавсия этилган бадиий асарлар рўйхати эълон қилинди
- Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг III йиғилиши ўз ишини бошлади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг