Владимир Путин ва Си Цзиньпин Шавкат Мирзиёевга табрик йўллади

13:13 24 Июль 2024 Сиёсат
386 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг туғилган куни муносабати билан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин табрик йўллади.

Президент матбуот котибининг хабар беришича, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ўз мактубида Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда салмоқли ютуқларга эришганини, жаҳон майдонида ўз мавқейини мустаҳкамлаганини қайд этган.

“Давлатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини, барча йўналишларда самарали икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссангиз беқиёсдир.

Яқинда Тошкентда ўтган самарали музокараларимизни илиқ эслайман. Россия ва Ўзбекистоннинг дўст халқлари фаровонлиги йўлида конструктив мулоқотни ва яқин ҳамкорликни давом эттиришдан мамнунман. Сизга чин дилдан мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, фаровонлик ва муваффақиятлар тилайман”, деган Путин.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин эса ўз табригида Хитой-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишини ва Шавкат Мирзиёев билан мустаҳкам дўстлигини қадрлашини таъкидлаган.

“Хитой-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаман ва Сиз билан мустаҳкам дўстлигимизни қадрлайман. Сиз билан биргаликда барча соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш ва Хитой-Ўзбекистон муносабатларини янги босқичга олиб чиқиш бўйича саъй-ҳаракатларга тайёрман. Ишончим комил, Сизнинг раҳбарлигингизда "Ўзбекистон - 2030" стратегиясида белгиланган барча мақсадлар, албатта, ўз вақтида амалга оширилади”, деб ёзган Си Цзиньпин.

Шунингдек, бугун, 24 июль куни Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат аввалида Беларусь раҳбари Ўзбекистон етакчисини таваллуд куни билан самимий табриклаб, мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва катта муваффақиятлар, кўп миллатли Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.

Бундан ташқари, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилиб, давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий қутлаб, мустаҳкам соғлик ва масъулиятли давлатчилик фаолиятида янги муваффақиятлар тилади.

Суҳбат давомида Ўзбекистон-Озарбайжон дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Иккинчи Ҳудудлар форуми, Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва қатор қўшма маданий тадбирларнинг самарали якунлари мамнуният билан қайд этилди.

Президент матбуот котибининг хабар қилишича, Шавкат Мирзиёев таваллуд куни муносабати билан хорижий давлатлар, ҳукуматлар ва парламентлар, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарларидан қутловлар келиши давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер