«Ватан — бамисоли қуёшга ўхшаш...»

16:20 20 Январь 2023 Жамият
932 0

Фото: Архив сурат

20 январь — Ўзбекистон халқ шоири

Хуршид Даврон таваллуд топган кун

Хуршид Даврон оташли қалбдан чиққан ёниқ шеърияти, сўзи ва фикрлари билан адабиёт муҳиблари орасида танилган ҳамда севилган шоирдир. Унинг «Шаҳардаги олма дарахти», «Тунги боғлар», «Учиб бораман қушлар билан», «Тўмариснинг кўзлари», «Болаликнинг овози», «Қақнус», «Баҳордан бир кун олдин», «Бибихоним» сингари китоблари кўплаб ўқувчилар меҳрини қозонган.

Ижодкор бугун яна бир ёш довонидан ошиб ўтди. Шоирнинг яна кўплаб шундай довонлардан соғ-саломат, бардам ошиб ўтишига, адабиёт ихлосмандларини хушнуд этиб, янги-янги асарлар ёзишига тилакдошмиз.

ВАТАН

Дилингизда бўлсин қувончи, ғами,

Китобларда эмас, қоғозда эмас.

Бўзда яшайсизми, Бухородами,

Сиз билан баробар у олсин нафас.

Болангизни белаб қўйинг тушь пайти,

Толлар беланчакни учирсин кўкка.

Аммо сиз бошида аллалар айтинг,

Ватан туйғусини солинг юракка.

Айтинг, далаларда эгилган лаҳза,

Айтинг, қуёш қонга ботиб ётганда.

Айтинг, қувончу ғам солганда ларза,

Айтинг, оқ кўйлакли тонглар отганда.

Жанозада йиғлаб аллалар айтинг,

Айтинг, шуурлару курашлар аро.

Токи қалбимизда жўш урган туйғу

Фарзандлар қалбида берсин акс-садо.

Она Тўмариснинг шонли қисмати,

Жалолиддин тиғи таратган жаранг,

Бизнинг юраккача, балки етмасди,

Бўлмаганда, халқим, алланг – хотиранг.

Беруний юлдузи, Сино каҳкашони

Фалакдан йўлимиз ёритиб боқсин.

Маҳмуд Торобийнинг муқаддас қони

Фарзандлар қалбида жўш уриб оқсин.

Ҳазрат Соҳибқирон тузукларидан

Кўчиб, фикрларни ёритсин сурур,

Дилларни чароғон этсин Навоий

Қалами таратган ҳикматли шуур.

Мирзо Улуғбекнинг расадин тоқи,

Юрган йўлимизга нурлар тўшасин,

Ватан деб жон берган ҳар ботир хоки

Дилда нафас олсин, дилда яшасин.

Ватан – юракдаги қувонч, қайғу, шашт,

Уни тирик сақлар юракдаги сас.

Ватан – бамисоли қуёшга ўхшаш,

Ватан ҳам одамдек олади нафас.

АЛПОМИШНИНГ УЙҒОНИШИ

Бепоён далада бир ботир ухлар,

Сочлари чатишиб кетган гиёҳга.

Қай садо ботирни яна қайтарар,

Бу кўҳна, бу соқов, бу кар дунёга?

Мўйсафид табиблар гирдида ҳалак,

Дуогўй кампирлар уни қуршамиш.

Фақат уйқу аро тепинар юрак,

Бироқ кўзларини очмас Алпомиш.

Бургутлар чўқилаб узар гўштидан,

Булбуллар ин қурар киприкларига.

Учқур асрларнинг тезкор шаштидан

Чанг қўнар қирдай кенг кўкракларига.

Чоллар қайғуради: «Ким уйғотар, ким?»

Кампирлар йиғлайди: «Уйғонмас мангу!»

Шамоллар гувиллаб елар бетиним,

Бошида булутлар қотган беуйқу.

Хира кўзларини узмай уфқдан

Донишманд чолгина йўлга термилар.

Ва айлар башорат: «Уни уйқудан

Уйғота олади фақат болалар».

ОЙБEК

1

Ойбекнинг шеърини далага чиқиб,

Майсага ёнбошлаб ўқимоқ керак:

Билмай қолсин юрак: сув узрами, ё

Ойбекнинг шеърида ўйнайди бу нур?

Ойбекнинг шеърлари бамисли нигоҳ,

Бу нигоҳ асрорин йўқдир поёни.

Худди бўлмагандек майсага изоҳ,

Йўқ Ойбек шеърининг тўла баёни.

Ойбек — бу майсага чўккан бужур тош,

Ҳайратдан ёрилиб-ёрилиб кетган.

Ойбек — бу дарахтзор устида қуёш,

Нури то чумоли кўзига етган.

Ойбек — бу улкан бир чорбоғ ортида

Ёввойи узумзор оралаб, титроқ —

Қуёш тангалари ўйнаб сиртида

Бирдан ёруғликка чиққан шўх ирмоқ.

Ойбек — бу оғриқни қари толь каби

Юракнинг тубида асраган сўзлар,

Барча ҳасратини жим туриб лаби,

Энг яқин дўстига сўзлаган кўзлар,

Ойбек тирик ҳамон, у кўкда ҳилол,

У — шамол, боғларда тинмай еладир.

У мени чорлаган ойдин бир хаёл,

Кўкдаги Каҳкашон унинг йўлидир

2

Шеър — фақат қуш тили, деганди шоир

Қулоқ тутиб қувноқ, шўх товушларга.

Бошида рутубат қилганда қаҳр,

У тилин қайтариб берди қушларга.

Шеър — юлдуз киприги, деганди Ойбек,

Ўзи киприк эди Ўзбекистонга.

Сўнгги дам бошида сўнаркан осмон,

Шоир кўзларини берди осмонга.

Хуршид ДАВРОН,

Ўзбекистон халқ шоири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?