Узлуксиз таълим тизимида бир нечта чет тилини ўрганиш концепцияси тасдиқланди

16:34 26 Октябр 2021 Жамият
1115 0

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Мактабгача, Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларининг қўшма қарори билан «Узлуксиз таълим тизимида бир нечта чет тилини ўрганиш концепцияси» тасдиқланди.

Унга кўра, айрим фанлар чуқурлаштириб ўқитиладиган ихтисослаштирилган мактабларда 5-синфдан, мактаб-интернат ва ижод мактабларида 7-синфдан бошлаб ўқув режадаги баъзи фанларни тиллар, жумладан чет тилларига ўтказиш ҳисобидан икки ва ундан ортиқ чет тилларини ўқитишни йўлга қўйилиши белгиланди.

Узлуксиз таълим тизимида бир неча чет тилини ўрганишни тизимли тарзда қуйидаги босқичларда амалга ошириш кўзда тутилган: 

— мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари, бошланғич профессионал таълим муассасалари ва академик лицейларда биринчи чет тили;

— айрим фанлар (хорижий тиллар) чуқурлаштириб ўқитиладиган ихтисослаштирилган мактабларда 5 — 11-синфларда, айрим фанлар (хорижий тиллар) чуқурлаштириб ўқитиладиган мактаб-интернат ва ижод мактабларида 7 — 11-синфларда ҳамда академик лицейларнинг хорижий тил чуқурлаштириб ўқитиладиган таълим йўналишларида иккинчи чет тили;

— олий таълим муассасаларининг 1-2-курсларда аввалги босқичда ўқиган чет тилларини давом эттирган ҳолда касбий вазиятларда қўллашни ўрганиш босқичига кўтарилади.

Концепциянинг асосий мақсади қуйидагилардан иборат:

— таълим олувчиларнинг лингвистик барқарор ва узлуксиз ривожланиши учун қулай шарт-шароитларни яратиш;

— таълим олувчиларнинг исталган даражада чет тилида мулоқот қилиш қобилиятини шакллантириш, уларга бошқа маданият ва урф-одат вакиллари билан тенг ҳуқуқли мулоқот қилиш имкониятини бериш;

— таълим олувчиларни турли соҳаларда ва маданиятлараро эркин мулоқотга киришишига имкон яратиш.

Мазкур концепция орқали таълим олувчиларнинг камида иккита хорижий тилни мукаммал ўзлаштириши орқали уларнинг дунёқараши кенгайиши, салоҳияти ошиши ҳамда меҳнат бозорида рақобатбардошлиги оширилиши таъминланади.

Бундан ташқари, бир нечта хорижий тилларни билиш ва таълим олувчиларга умумий ривожланишига ёрдам беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?