Уммонда тутқунликда сақланган аёл фарзандлари билан Ўзбекистонга қайтарилди

12:51 21 Июнь 2025 Жамият
248 0

Фото: «Дунё»

Уммонда хорижлик фуқаро билан шаръий никоҳ асосида яшаган ва унинг уйида тутқунликда сақланган ўзбекистонлик аёл ҳамда унинг фарзандлари ватанга қайтарилди. Бу ҳақда «Дунё» хабар берди.

Қайд этилишича, Уммонда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган фуқаро И.С. Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилиб, икки нафар вояга етмаган фарзанди билан Ўзбекистонга қайтишида ёрдам сўраган.

Маълум бўлишича, у 2019 йилдан буён Уммоннинг Ал-Бурайми шаҳрида асли келиб чиқиши эронлик бўлган, лекин ҳеч бир давлат фуқаролигига эга бўлмаган Али исмли шахс билан шаръий никоҳ асосида бирга яшаб келган. И.С. шаръий эридан 2020 йилда ва 2022 йилда фарзандларни дунёга келтирган. Оила бошлиғининг ҳеч қандай ҳужжатга эга эмаслиги ва қонуний никоҳ шартномасининг йўқлиги сабабли болаларга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларни расмийлаштириш ҳам йиллар давомида ортга сурилиб келган.

Шунингдек, оиладаги келишмовчилик, эркакнинг фарзандларга нисбатан тез-тез куч ишлатиш ҳолатлари ва уларни Ал-Бурайми шаҳридаги хонадонда тутқунликда сақлаш ҳолатлари аёлни Ўзбекистон элчихонасига ёрдам сўраб, ариза ёзишга ундаган.

Аризада қайд этилган ҳолатлар батафсил ўрганилганидан сўнг, жорий йилнинг 19 май куни элчихона ходимлари Ал-Бурайми шаҳридаги И.С. ушлаб турилган хонадонга ташриф буюрган. Дипломатлар кўмагида она ва унинг икки нафар вояга етмаган фарзанди Маскат шаҳрига олиб борилган ҳамда вақтинча яшаш учун жой билан таъминланган.

Шундан сўнг, элчихона консуллик бўлими томонидан Уммон тегишли давлат идораларига мурожаатлар қилиниб, И.С.нинг вояга етмаган фарзандларига туғилганлик ҳақидаги ва мамлакатга қайтиш учун гувоҳномалар расмийлаштирилган.

Мазкур оила 18 июнь куни Маскат шаҳридаги халқаро аэропортдан Ўзбекистонга кузатиб қўйилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?