Уй-жойларни ажратиш билан боғлиқ масалалар танқидий кўриб чиқилди

10:52 20 Октябр 2021 Сиёсат
590 0

Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси аввалида 19-ялпи мажлисда кўтарилган масалалар юзасидан ўрганиш натижалари эълон қилинди.

Бу борада Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Чўллиев батафсил ахборот берди.

Уй-жойларни ажратиш, уларга ҳуқуқий мақом беришга оид ҳужжатлар, шу жумладан, архив ҳужжатлари, ер ва солиқ қонунчилигини таҳлил қилиш учун махсус ишчи гуруҳ тузилиб, масала жойига чиққан ҳолда ўрганилган.

Собиқ Иттифоқ даврида тегишли давлат идоралари томонидан ўз ходимлари истиқомат қилиш учун ўрта ҳисобда 400 – 600 квадрат метр майдонида жойлашган уй-жой коттежлари ажратилган. 1991 йилдан кейин ушбу уйлар хусусийлаштирилиб, улар уй эгаларига берилган.

Лекин, фуқароларга ажратиб берилган ва уй-жойларга оид йиғма жилдларда белгиланган ер майдонларининг хусусийлаштириш ҳужжатларига асосан фуқароларга берилган эгалик ҳуқуқини берувчи давлат далолатномаси (ордер)да фақат қурилмалар эгаллаган қисми акс эттирилган.

Эгалик ҳуқуқини берувчи давлат далолатномаси (ордер)да фуқароларга тегишли деб, фақат 91 квадрат метр, 83,8 квадрат метр, 46 квадрат метр ва ҳоказо этиб белгиланган. Уй-жой сатҳидан ташқари ер майдони масаласи очиқ қолган.

Ишчи гуруҳ ушбу масалани Сенат Кенгаши муҳокамасига киритишни таклиф қилди.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?