У ногирон бўлиб қолиши мумкин эди, энди эса...

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Чағир маҳалласида яшовчи Исломбек атрофдагиларга ҳавас қилиб ишлаш учун Россияга йўл олганида хаёлан каттагина маблағни ҳамёнига жойлаб бўлганди. Танишларининг кўмаги билан Москвадаги қурилиш фирмаларидан бирига жойлашди. Аввалига ҳаммаси кўнглидагидек кечаётганди. Фалокат оёқ остида деганлари чин. Янги тикланаётган осмонўпар бинонинг олтинчи қаватида бетон қуяётган чоғида оёғи тойиб, икки оёғи синди. Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилганидан сўнг унинг оёқлари ҳаракатдан қолгани маълум бўлди. Йигирма саккиз ёшли йигит юртга қўлтиқтаёқда қайтди.
— Ўшанда ҳали уйланмагандим. Ота-онамга суянч бўладиган пайтимда тўшакка михланиб ётиш нақадар оғир. Бутун умр қўлтиқтаёқда юришдан жудаям қўрққандим, — дейди Исломбек. – Шифокорлар умид борлигини, мураккаб амалиёт ёрдамида оёқларимни бутлаш мумкинлигини айтишди. Бироқ, бунинг харажатларини ким кўтаради? Уйимизга маҳалла идорасидан келган Абобакир акага дардимни айтдим. Эртаси куни машина уюштириб касалхонага олиб бориб, малакали жарроҳлар билан обдон суҳбатлашганидан сўнг кўнглимда ёруғлик кирди. Маҳалладошларимиз амалиёт харажатларининг бир қисмини кўтаришди. Етакчи ишнинг бошида туриб берди.
Жарроҳлик амалиётидан кейин Исломбек Абдумажидов оёққа турди. Ёшлар етакчиси уни тузалганидан кейин ҳам ташлаб қўймади. Хомийлар кўмаги билан велосипед ҳадя қилди. Даромад манбаига эга бўлиши учун ўттиз йиллик муддат билан банд бўлмаган ёшларга ажратилган майдондан 20 сотих ер олиб берди. Бунга жавобан меҳнатини аямаган Исломбек маккажўхори экиб бир мавсумнинг ўзида 12 миллион сўм даромад қилди.
Наманган туманидаги Чағир маҳалласида тўрт йилдан буён ёшларга етакчилик қилиб келаётган Абобакир Турсуновнинг фаолиятидан келтирилган бу мисол унинг ўтган вақт ўзига юкланган вазифага астойдил киришга улгурганидан дарак беради. Уч мингга яқин нуфузга эга бўлган ҳудуднинг 14-30 ёшлар орасидаги фуқаролари 740 кишини ташкил этади. Кўпчилиги уюшмаган ёшлар эканлиги инобатга олинса, етакчининг масъулияти ва иш қамрови янада ойдинлашади. Зеро, уларнинг ҳар бирини ўзига хос характери, интилиши, муаммолари ҳам бор.
Ҳаётда мустақил бўлиш ҳаракатидаги йигит-қизларни ягона мақсад сари бирлаштиришда улар ҳаётига кириб бориб, қизиқишлари, қобилияти, айниқса, иқтидорларини тўғри йўналтириш кутилган натижани бериши амалда исботини топган. Чағирда ҳам ижтимоий фойдали йўналишларга ҳавасмандлар етарли. А. Турсунов биринчи навбатда, спортга иштиёқи кучли бўлган ўғил-қизлар билан алоҳида ишлаш, уларни бошқаларга ибрат кўрсатишни маъқул кўрди. Бунинг учун маҳаллада иккита замонавий спорт иншооти мавжудлиги қўл келди. Уларда шуғулланаётганлар 350 нафардан ортади. Айрим йўналишлар бўйича катта майдонларга ҳам чиқиб улгуришди. Хусусан, иқтидорларни аниқлашга йўналтирилган “Беш ташаббус” ҳаракатининг республика босқичига етиб борган ва ғолиб бўлганлар орасида чағирликлар ҳам бор. Спорт тенниси бўйича яхшигина маҳорат эгаси Райҳона Умаралиева нафақат маҳалладошлари, балки Наманган ёшлари ишончини оқлади. Абдуқодир Авазбеков миллий кураш бўйича вилоят чемпиони мақомига эришди.
— Етакчимизнинг маҳалладаги кучли еттилик орасида муносиб ўрни бор, — дейди Чағир МФЙ раиси Маҳаммадали Хўжаев. – Ёшлар, уларнинг ота-оналари ўртасида яхшигина ишончга сазовор. Шу боис аҳолининг катта қисми бўлган ёшлар масаласида кўнглим тўқ. Миграциядаги фуқаролар билан ишлашда ҳам кутилган натижаларга эришмоқда.
Хорижда меҳнат фаолияти билан банд бўлган фуқаролар масаласида Чағир яқин вақтгача оғир ҳудудлардан ҳисобланиб келган. Бундан икки йил аввал 90 киши чет элдаги меҳнат муҳожири сифатида қайд этилган. Етакчи уларнинг ҳар бирининг оиласи билан алоқа ўрнатди. Ўзимизда ҳам етарли даромад топиш мумкинлиги, мавжуд иш ўринлари тўғрисида олиб борган тарғиботи туфайли меҳнат муҳожирларидан 35 нафари юртга қайтди. Ўн икки нафари Поп туманида барпо этилаётган қуёш фотоэлектр станцияси қурилишида ишлаб, кўнгилдагидек маош олмоқда. Қолганлари деҳқончилик билан машғул. Ажратилган 20 сотихдан ерида даромад топмоқда.
— Тўрт йиллик фаолиятим даврида ўзимга юкланган вазифа нақадар масъулиятли эканини билдим, — дейди Абобакир Турсунов. — Баъзан нотинч оилалар билан шуғулланишга тўғри келади. Айрим қўлида ҳунари йўқ, бекорчи ёшларни тўғри йўлга солиш ҳам осон эмас. Телефонга муккасидан кетиб, на оиласи, на жамиятга нафи тегмайдиганлар тоифаси кўпайиб бораётгани оғриқли нуқта. Буларни кунлик иш тартибимизда маҳкам тутмасак бўлмайди.
Маҳалладаги ёшлар етакчиси ким? Наманганнинг олис маҳалласида меҳнат қилаётган айни лавозим эгасининг тиғиз фаолиятидан келтирилган мисоллар бунга жавоб бўлса ажабмас. У ўз тенгдошларига елкадош, ҳудудда соғлом ижтимоий муҳит барқарорлигининг таъмирлашда фаол ташкилотчилардан.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг