У биздан нажот кутмоқда

14:26 22 Октябр 2024 Жамият
262 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Юртимизнинг чекка қишлоқларида истиқомат қилаётган аҳоли сув етишмаслигидан азият чекади. Ёмғирли кунларда идишларни сувга тўлдириб, эҳтиёжи учун сақлаб қўяди. Полиз экинларига қудуқлардан фойдаланишади. Шу сабаб шаҳарга нисбатан қишлоқларда сувнинг бир томчисини ҳам исроф қилишмайди.

Кексаларимиз «Денгиз олдида яшасанг ҳам сувни тежа», дейишади. Тасаввур қилинг, бир кун сув бўлмаса, ҳатто кир ювиш машинасидан ҳам фойдалана олмаймиз. Айниқса, шаҳарда куз-қиш мавсумида сув қувурларини таъмирлаш учун бир кун узиб қўйса, одамлар нима қилишини билмай қолади. Сув берилгач, кўпчилик сувни тежашни унутади. Баъзан ичимлик сувида томорқасини суғораётган, машина, гилам юваётганлар ёнидан эътиборсиз ўтиб кетамиз. Кафе-ресторанларга борганимизда, қўл ювиш учун жўмракни борича очамиз. Ҳолбуки, биз исроф қилаётган сув қайсидир хонадонга етмай қолади. Уларни сувсизликдан азият чекаётганига ўзимизни зиғирча ҳам айбдор сезмаймиз.

Бугун дунёда сув танқислиги туфайли ривожланган кўпгина давлатларда экинларни аллақачон томчилатиб суғориш йўлга қўйилган. Ҳатто экинзорлар «Ақлли қишлоқ хўжалиги» технологияси асосида бошқарилади. Қачон ер сувсизланса қурилмага хабар келади. Фермер масофадан туриб суғоради. Бизда ҳам пахта, буғдой ва бошқа экин майдонлари сувни ариқларда оқизиб эмас, янги усулда суғорилса, натижа кутилганидан ҳам зиёд бўларди.

Яна бир мулоҳаза. Шаҳар ёки қишлоқлардан оқиб ўтадиган анҳор ёқаларида жойлашган «мойка»лардан чиқадиган ифлос сувлар қаерга кетади? Одатда «мойка»да фаол кимёвий воситалар ишлатилади. Бу нафақат инсон саломатлиги, балки қушлар, ўсимликлар дунёсига ҳам жиддий зарар келтиради. Афсуски, бундай «мойка»лар ҳозир қишлоқларда ҳам кўпайиб бормоқда. Ҳар куни ариқларга тонна-тонна заҳарли оқава оқизилади. Хўш, зилол сувларимизни ким ҳимоялайди? Биз «мойка»ларга қарши эмасмиз, аммо ундан чиқадиган заҳарли оқовалар кетадиган аниқ сув қувурлари борми?

Шу яқин орада онкологик касалликлар шифохонасига йўлингиз тушдими? Кимнингдир ота-онаси ёки фарзанди шу касаллик билан бутун умр курашиб ётибди. Буни асосий манбаи маиший кимёвий воситалар эмасми? Оддий идиш ювадиган кимёвий модданинг соғлиққа қанча зиёни бор. «Мойка» оқавалари ҳам барибир айланиб-айланиб ичимлик сувига қўшилади. Буғланиб ҳавога сингади. Унинг таркибидаги зарарли модда тупроққа ва инсон танасида қолади. Маиший кимёвий воситаларни тартибга солиш ҳақида қонунчилигимизда жиддий ўзгаришлар киритилса, аҳолида обу ҳаётга нисбатан жавобгарлик ҳисси уйғонади.

Сув – табиат инъоми. Дарахтлар, ўсимликлар ҳам. Илгари шаҳар, қишлоқ кўчаларида дарахтлар гуркираб ўсарди. Шу маҳалладан ўтганда соясида салқинлаган киши дарахт экканнинг отасига раҳмат айтарди. Болалар мевасидан баҳраманд бўларди. Нега ҳозир одамлар ҳовлиси, маҳалласига дарахт экишни хоҳламайди? Кузда дарахт баргини супуриш бунга баҳона бўлолмаса керак!

Тўғри, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида миллионлаб кўчат экяпмиз. Парваришига келганда яна ўзибўларчиликка йўл қўйилмоқда. Қиммат нархга сотиб олинган ниҳоллар қаровсизликдан нобуд бўлмоқда. Ахир, бунинг ҳам уволи бор.

Самарқанд вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси давлат инспекторлари томонидан жорий йилнинг июнь-июль ойларида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган кўчатларни парвариш қилиш бўйича олиб борилган ишлар назорат қилинган. Эътиборсизлик оқибатида ўзларига тегишли ҳудудларда экилган кўчатларни парваришлаш чораларини кўрмаган 62 нафар мансабдорлар 221 миллион сўм миқдорида жаримага тортилган. Шундай бўлса-да, жойларда ҳамон аҳвол ўзгармаяпти.

Шаҳарни-ку, майли, ҳар куни ободонлаштириш ходимлари чиқиндидан тозалайди. Дам олиш учун тоғли ҳудудларга борсангиз, таъбингиз хира бўлади. Ҳар бир арчанинг тагига чиқинди ташланган. Одамлар ўзлари билан тоққа олиб чиққан егуликларининг қолдиғини махсус жойга келтириб ташламайди. Шу сабабли тоғли ҳудудлар ҳам чиқиндиларга тўлиб кетган. Шу ачинарли манзарани фақат расмга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаш билан чекланиб қоляпмиз. Бунга ўзимизни масъул билиб, баклажка ёки целлофан пакетларни йиғиштириб ўрнак кўрсатсак бўлмадими?

Энг ачинарлиси, ҳозир қишлоқларда ҳам чиқинди кўпайиб кетди. Ёшлигимизда қишлоқдаги хонадонлардан чиқинди чиқмасди. Пўчоқларни молларга, овқат қолдиқларини уй ҳайвонлари, паррандаларига бериларди. Улардан ортгани тандир, ўчоққа ёқиларди. Ҳатто молхонадан чиққан чиқит томорқага солинарди. Аммо ҳозир қишлоқларда ҳам бундай тутумли рўзғорлар камайган. Шу сабаб чиқинди машиналарига эҳтиёж сезилмоқда.

Табиатга бундай шафқатсиз муносабатда бўлмайлик. Ҳар биримиз ишхонада, уйда сувни тежасак, чиқиндиларни белгиланган жойга ташласак, биздан фарзандларимиз ўрнак олади. Шуни унутмайлик!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?