Туячилик фермасининг бекаси

16:19 14 Октябр 2024 Жамият
244 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Муборак туманининг Қорақум қишлоғи Қарши чўлининг шимолий қисмида, поёнсиз саҳролар бағрида жойлашган. Қишлоқ аҳли қадим-қадимдан чорвачилик билан шуғулланади. Бугунги кунда ҳам аксарият оилаларнинг асосий даромад манбаи чорва ортидан. Деярли барча оилалар кунни эрта тонгда туриб, чорва молларига қараш билан бошлайди.

Шу қишлоқлик Гулбодом Ўтаганова ҳам ҳали тонг ғира-шира оқара бошлаган бир пайтда одатий ишларини саранжомлаб, мириқиб ухлаб ётган кичик ўғлини уйғотади?

– Тур, ўғлим! Менга ёрдамлашиб юбор!

Болакай ширин уйқудан аранг кўзини очиб, онасига қарайди.

– «Дев»нинг боласини ушлаб туриш керакми?

– Ҳа... «Дев» қурғур сендан бошқага ишонмайди-ку!

Бу юмуш болакайнинг жону дили. Шу боис у ширин уйқудан дарров туриб, оғилхонага югуради.

«Дев» деганимиз оилага тегишли туялардан бири. У бошқа туяларга нисбатан баҳайбатлиги учун «дев» лақабини олган. Лекин ўзи ҳам, бўталоғи ҳам ювош. Болакай бўталоққа ўзгача меҳр қўйган. Онаси «Дев»ни соғгунича у бўталоқ билан мириқиб ўйнаб олади.

– Бизнинг Қорақўм маҳалламизда туячилик анча ривожланган, – дейди Гулбодом Ўтаганова. – Кўпчилик оилалар туя боқиб, унинг сутини сотиб даромад қилишади. Биз ҳам етти йил аввал бир нечта туя харид қилиб, шу фаолиятни йўлга қўйган эдик. Ҳозирги кунда туяларимизнинг умумий сони 30 тага етди. Айни пайтда шундан 9 таси соғинда. Ҳар куни 40-50 литр сут соғиб оламиз. Бу кунига ўртача 2 миллион сўм даромад дегани.

Таъкидлаш жоиз, туя сути барча ҳайвонлар сути орасида энг шифобахши ҳисобланади. Масалан, туя сути таркибида В1, В2 витаминлари, темир, фосфор, олтингугурт, кальция моддалари, айниқса, С ва Д витаминлари сигир сутига нисбатан уч баробар кўп бўлади. Бундан ташқари, туя сутида бошқа ҳайвонларда учрамайдиган инсулинга ўхшаш оқсиллар бўлиб, бу ҳол қандли диабетни даволашда асқатади. Ундан доим тамадди қилиб турган беморлар қонида шакар миқдори кўпайиб кетмаслигининг сабаби ҳам шунда. Қолаверса, Туя сути таркибида албумим моддаси бўлиб, у жигар хасталигини даволовчи табиий дори ҳисобланади. Мутахассислар, туя сутининг жигарни даволовчи хусусиятини алоҳида эътироф этади.

Мана шу асосларга кўра, туя сутига талаб юқори. Шу боис Гулбодом Ўтаганованинг турмуш ўртоғи Шерзод Тўхтаевлар ҳам уйи ёнида мижозларнинг вақтинчалик яшаб, туя сути ичиб даволаниши учун шарт-шароит ҳозирлаб қўйибди. Турмуш ўртоғи асосан ташкилий ишлар билан банд бўлса, туяларни соғиш, сутни мижозларга ўз вақтида етказиб бериш Гулбодом Ўтаганованинг зиммасида.

– Туя сути янги соғилган вақтида ичилганда унинг шифобахшлик хусусияти янада юқори бўлиши айтилади, – дейди оила бекаси. – Шу боис мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган мижозларимиз бир неча кун давомида шу ерда туриб, туя сути ичади. Аввал бунинг учун шароитимиз йўқ эди, кейинчалик мижозларнинг сўрови билан қўшимча иморат қуриб, уларнинг вақтинчалик шу ерда яшаб, ўз вақтида туя сути ичиб даволаниши учун шароит яратдик.

Айни пайтда оила «Қарши – Бухоро» автомобиль йўлининг бўйида ҳам дўкон қуриб, у ерда туя сути, қимрон ва қимиз тайёрлаб сотишни йўлга қўйибди. Маҳсулотга талаб ошиб бораётгани боис ушбу оила вакиллари ҳам туячилик фаолиятини янада ривожлантириш ниятида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?