«Туризм қишлоғи» – Сентобда қардошлар сайли

15:31 02 Апрель 2025 Жамият
88 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Нуротанинг Сентоб қишлоғи бир вақтга йилнинг тўрт фасли хислатларини жамлаган гўшалардан. Шунингдек, қишлоқнинг минг-минг йиллик тарихига гувоҳ тепаликлари, «Баланди Умар» ҳудудида қоя тошларга ўйилган V-VI асрларга оид битик ва петроглифлар, янада юқорироқда эса кўҳна қўрғон қолдиқлари унинг сайёҳлик жозибадорлигини оширади. Энг баланд нуқтада эса Фозилмон кўли жойлашган, бу ердан Сентоб кафтдек кўриниб туради.

Сой ёқалаб қарийб ўн километрга чўзилган Сентобда натурал хўжалик юритиш тизими сақланиб қолган. Чорва ва чорбоққа эга бўлмаган оилани учратиш мушкул. Рўзғор учун зарур озиқ-овқат маҳсулотларининг деярли ҳаммасини ўзлари етиштириб, ўзлари қайта ишлашади. Бундан ташқари қишлоқ аҳли тоғ ва адирликлардан зиравор гиёҳлар ҳамда мумиё каби дориворларни териб, бозорга олиб чиқишади.

Табиийки, бундай турмуш тарзи сайёҳлар оқимини таъминлаб, бугун Сентобда 20 та оилавий меҳмон уйи ва 3 ҳостел фаолият кўрсатмоқда. Уларда 15 дан ортиқ турдаги туристик хизмат йўлга қўйилган. Ҳар йили Европанинг йигирмадан зиёд мамлакатларидан сайёҳлар ташриф буюришади. Натижада Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-сессиясида Сентоб «Энг яхши туризм қишлоғи», дея эътироф этилди.

— Сентобда форсийзабон аҳоли кўпчиликни ташкил қилади, — дейди Навоий вилояти ҳокими ўринбосари Саъдулла Мирзаев. — Кафтдеккина қишлоққа Европанинг деярли барча мамлакатларидан сайёҳларнинг келиб-кетиши, бу энг аввало мамлакатимизнинг дунёга очиқлик сиёсати ва республикамизда туризм индустриясига катта эътиборнинг самарасидир. Шунингдек, маҳаллий аҳоли томонидан миллий қадриятларнинг эъзозланиб, замон талаблари асосида бойитилиши, қишлоқнинг етти иқлимга танилишини таъминламоқда.

Хуллас, Сентоб маҳалласининг вилоятда ўтказилаётган «Дўстлик ва ҳамжиҳатлик улуғланган юрт» шиори остидаги маданий-маърифий байрамнинг маркази сифатида танлангани бежиз эмас.

Унинг иштирокчиларини вилоят ҳокими Нормат Турсунов самимий қутлаб, обод ва осойишта юртга байрамлар ярашишини таъкидлади.

— Мамлакатимизда умуммиллий тотувлик, бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, барча фуқароларга тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир, — деди Н. Турсунов. — Бугун юртимизда ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан қараш руҳида тарбиялаш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга йўналтирилган кенг миқёсли ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда яшаб келаётган 130 дан зиёд миллат ва элатларнинг вакиллари Конституция ва қонунларимизда белгиланган ҳуқуқ ҳамда имкониятлардан фойдаланиб, иқтисодиётнинг турли тармоқлари, ижтимоий, илм-фан ва маданият соҳаларида самарали меҳнат қилмоқда. Ватанимизнинг гуллаб-яшнашига ва унинг мустақиллигини мустаҳкамлашга, республиканинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва имижини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Байрам тантаналарида сентобликлар Наврўзнинг боқий анъаналарини бор бўйи-басти билан намойиш этишди. Дошқозонларда сумалаклар дамланиб, адирликларда халқ ўйинлари, кураш мусобақалари ўтказилди. Фольклор дасталари томонидан ўзбек ва тожик халқларининг оғиздан-оғизга кўчиб келаётган қўшиқ ва лапарлари ижро этилиб, Наврўзнинг фазилатлари мадҳ қилинди. «Адабий кўприк» композицияси остида юртимиз ҳамда қўшни давлатларнинг буюк аждодлари адабий меросини акс эттирувчи китоблар кўргазмаси, шунингдек, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари намуналари, қадимий буюмлар ва миллий таомлар кўргазмалари, қизиқарли халқ ўйинлари ҳамда миллий спорт беллашувлари ташкил этилди.

Тадбирда ўзбек, тожик, рус, қозоқ, татар, қирғиз, озарбайжон тилларида қўшиқлар куйланди.

Шу каби халқ сайллари вилоятнинг Навбаҳор туманидаги Қўҳрон ва Нурота туманидаги Каттасой маҳаллаларида ҳам бўлиб ўтди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?