Туристик хизмат қамрови кенгаймоқда
Жондор тумани “Ушот” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлган кишининг эътиборини “Туризм кўчаси” деган ёзув ўзига тортади. Равон йўл бўйлаб юраркансиз, бири-биридан шинам уй-жойларга кўзингиз тушади. Маҳалла раиси Отабек Ҳамроевнинг таъкидлашича, бу хонадонларда яшовчиларнинг аксарияти ота-боболардан мерос тандирсозлик билан шуғулланишади.

Кейинги пайтда халқимизга хос бу ҳунар сайёҳларни ҳам қизиқтириб қўйди. Улар қишлоққа келиб, аҳоли хонадонларида тандир ясаш жараёнларини кузатмоқда. Уй бекаларининг новвойлик маҳоратига тан бермоқда. Сирасини айтганда, дунёда тандирдан эндигина узилган нондек лаззатли неъмат йўқ. Ушотликлар сайёҳларга шу лаззатдан баҳраманд бўлишни ҳам таклиф қилмоқда.

— Бу вилоятимизда туристик хизмат қамрови йил сайин кенгайиб бораётганидан кичик бир нишона, — дейди вилоят туризм бошқармаси масъул ходими Бобуржон Тўхсанов. — Қўмитамиз томонидан Вобкент туманидаги Ширин қишлоғига “Туризм қишлоғи”, Ғиждувон туман марказидаги “Қўрғон” маҳалласига “Туризм маҳалласи” мақоми берилди. Мазкур гўшалардаги нафақат тарихий ёдгорликлар, балки миллий урф-одат ва анъаналар, маросимлар, бетакрор табиатимиз ҳам хорижий сайёҳларнинг юртимиз ҳақидаги тасаввурларини бойитмоқда. Меҳмонларга шу ернинг ўзида турли туристик хизматлар таклиф этилмоқда.

Соҳа мутахассислари орасида “жойлаштириш воситаси” деган ибора тез-тез ишлатилади. Бу ўринда гап меҳмонхоналар ҳақида бормоқда. 2024 йилда вилоятда 74 та янги жойлаштириш воситаси фаолияти йўлга қўйилди. Уларнинг 17 таси меҳмонхона, 15 таси хостел, 42 таси эса меҳмон уйларидир. Натижада меҳмонлар учун мўлжалланган ўринлар сони 1417 тага кўпайди. Жойлаштириш воситалари миқдори эса 2023 йилдагига нисбатан 111,6 фоизга ошди. Яқинда Бухоро шаҳрида “Бадиан” деб номланган яна бир замонавий меҳмонхона фойдаланишга топширилди. 20 та хона, 40 ўриндан иборат бу гўша қурилишида миллий ва замонавий меъморчилик унсурлари уйғунлигини кўриш мумкин. Лойиҳа ташаббускори Ширин Якубованинг таъкидлашича, сайёҳларга халқаро андазалар даражасида хизмат кўрсатиш учун барча шарт-шароит яратилган.
— Асосий мақсадимиз уларнинг Бухорои шарифга сафарлари мазмунли кечишига ҳисса қўшишдан иборатдир, — дейди у. — Токи, меҳмонларимиз бу ерда ўзларини уйларидагидек ҳис этишсин. Уларда бой тарихга эга юртимиздан илиқ таассуротлар қолсин.
Туристик хизматлар қамрови кенг, албатта. Мана, туроператор – турагентларни олиб кўринг. Биргина 2024 йилда улар сони 43 тага кўпайди. Айни дамда 186 туроператор юртимиз тарихи, халқимиз урф-одат ва анъаналари билан яқиндан танишиш, қадамжоларни зиёрат қилиш ниятидаги фуқароларга хизмат кўрсатмоқда.
— Шу каби тизимли ишлар натижасида вилоятимизда сайёҳлар оқими кўпаймоқда, — дейди Б. Тўхсанов. — Чунончи, ўтган йилда Бухорога 1 миллион 745 минг нафардан зиёд хорижий сайёҳ ташриф буюрди. 2023 йил билан таққослаганда бу кўрсатгич 125, 8 фоизга ошганини кўриш мумкин. Ўз навбатида чет эллик меҳмонларга кўрсатилган хизматлар орқали туризм экспорти 436,3 миллион АҚШ долларига етказилди. Ваҳоланки, 2023 йилда бу кўрсатгич салкам 340 миллион АҚШ долларини ташкил этганди.
Сайёҳлик хизматлари қамровининг кенгайиб бораётгани ички туризм равнақига ҳам хизмат қилмоқда. 2024 йилда республикамизнинг турли гўшаларидан вилоятга ташриф буюрган юртдошларимиз сони аввалги йилдагига нисбатан 520 минг нафарга кўпайгани ҳам шундан далолат беради.
Истам ИБРОҲИМОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг