Трамп Толибонни огоҳлантирди: «Баграмни АҚШга қайтармасангиз оқибати ёмон бўлади»

АҚШ президенти Дональд Трамп Афғонистон ҳукумати Баграм ҳарбий базасини Қўшма Штатларга топширмаса, «ёмон оқибатлар» юз беришини айтди. У ҳатто базани қайтариб олиш учун мамлакатга қўшин юбориш эҳтимолини ҳам инкор этмади.
«Агар Афғонистон Баграм авиабазасини уни қурганларга — Америка Қўшма Штатларига қайтармаса, «ёмон оқибатлар» содир бўлади», деб ёзди Трамп ўзининг «Truth Social» тармоғида.
АҚШ президенти Дональд Трамп Буюк Британия бош вазири Кир Стармер билан қўшма матбуот анжуманида Вашингтон Афғонистондаги Баграм авиабазаси устидан назоратни қайтариб олиш учун ҳаракат қилаётганини маълум қилганди.
У шунингдек, жума куни Оқ уйда журналистлар билан суҳбатда Афғонистон билан бу борада музокаралар олиб бораётгани ҳақида гапирди. Ўша куни Трамп журналистларнинг «база учун қўшин юборасизми?» деган саволига аниқ жавоб бермади:
«Бу ҳақда ҳозир гапирмаймиз. Биз Афғонистон билан музокара олиб бормоқдамиз. Базани қайтариб олмоқчимиз ва бу иложи борича тезроқ амалга оширишни хоҳлаймиз. Агар улар рози бўлмаса, кейин нима қилишимни кўрасиз», деди у.
Афғонистон Қўшма Штатлар билан ҳамкорликка тайёр эканини, бироқ мамлакатдан ҳеч қайси хорижий давлат кучларига жой берилмаслигини билдирди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Баграм базасини қайта эгаллаш осон иш эмас. Чунки уни қўриқлаш ва ишлатиш учун камида 10 минг аскар ва замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари талаб қилинади. Ҳатто музокаралар орқали «Толибон» АҚШга рухсат берган тақдирда ҳам, базани ИШИД, «Ал-Қоида» ва ҳатто Эроннинг ракета ҳужумларидан ҳимоя қилиш керак бўлади.
Баграм ҳарбий базаси ҳақида
2001 йил 11-сентябрдаги терактлардан сўнг АҚШ «террорчиликка қарши уруш» эълон қилди ва Афғонистонга қўшин киритди. 2001 йил охирида Баграм авиабазаси АҚШ қўшинларининг асосий марказига айланди. Кейинги йилларда АҚШ ва НАТО қўшинлари шу базадан туриб «Толибон» ва «Ал-Қоида»га қарши операциялар олиб борди.
Баграм фақат ҳарбий база эмас, балки бутун бир шаҳар кўринишини олган эди — унда «Burger King» ва «Pizza Hut» каби фастфуд ресторанлари, электроника ва афғон гиламлари сотиладиган дўконлар ишлаган. Шунингдек, йирик қамоқхона мажмуаси ҳам бўлган.
2021 йил июлида АҚШ қўшинлари Баграмни бутунлай тарк этди. Орадан кўп ўтмай, 2021 йилнинг августида Кобул ҳукумати ағдарилди ва бутун мамлакат «Толибон» қўлига ўтди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг