Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази халқаро нуфузли Prix Avicenne 2025 мукофотига сазовор бўлди

11:02 02 Декабрь 2025 Жамият
146 0

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Европа нуфузли мукофотларидан бири — Prix Avicenne 2025 (Авиценна мукофоти 2025)га сазовор бўлди.

Париждаги Франция Миллий тиббиёт академияси биносида бўлиб ўтган тантанали маросимда етакчи олимлар, тиб тарихчилари, шарқшунослар, ислом мероси бўйича мутахассислар ва Европа маданий муассасалари вакиллари иштирок этди.

Ушбу тадбир давомида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига буюк Авицена ёдгорлик ҳайкалчаси ва мукофот дипломи топширилиши эълон қилинди.

Француз илмий жамоаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Марказ фаолияти — инсон тарихидаги буюк олимлардан бири Ибн Синонинг меросини ўрганишда замонавий ёндашувнинг намунавий мисоли бўлганини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистон бугун нафақат ўзининг маданий-илмий ўтмишига ғамхўрлик қилаётгани, балки жаҳон гуманитар фанларига ҳам салмоқли ҳисса қўшиб, янги кенг кўламли лойиҳаларни, тадқиқот стандартларини, реставрация, каталоглаш ва ислом интеллектуал меросини тарғиб этишни илгари сураётгани эътироф этилди.

Академия мутахассислари олиб борилаётган ишлар ҳажмини юқори баҳолади. Жумладан, Марказ Авиценнанинг энг нодир қўлёзма асарларини қайта тиклади, энг йирик ихтисослаштирилган архивлар ва электрон каталоглар яратмоқда, «Тиб илми қонуни» қўлёзмаларини солиштирувчи халқаро илмий лойиҳалар олиб бормоқда, тиббиётга оид илмий асарларни тиклаш йўналишларини ривожлантирмоқда, Марказда Марказий Осиё буюк мутакаллимларининг жаҳон фанларига қўшган ҳиссасига бағишланган халқаро конференциялар ташкил этилмоқда. Француз олимлари фикрига кўра, Марказда яратилган экспозиция Авиценна меросини ўрганиш ва тадқиқ қилишни янги босқичга олиб чиқиб, Ўзбекистонни ушбу соҳада етакчи майдонга айлантирмоқда.

Ислом цивилизацияси маркази директори ва Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича Жаҳон жамияти раиси Фирдавс Абдухаликов мукофотни қабул қилар экан шундай деди:

«Ушбу мукофот — ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кенг қамровли фаолиятига халқаро эътирофнинг яна бир ёрқин тасдиғи бўлиб хизмат қилади. Президентимиз Ислом цивилизацияси марказини яратиш ташаббускори сифатида фаолият юритган — бу ноёб муаллифлик илмий-маданий мега-лойиҳа бўлиб, Шарқнинг буюк мутафаккирларининг асл интеллектуал меросини дунёга кенг тарғиб қилишга қаратилган.

Prix Avicenne — бу марказнинг илмий ва таълимий мазмунини шакллантираётган юзлаб миллий ва хорижий олимлар, тадқиқотчилар, таржимонлар ва экспертларнинг меҳнатига юқори ҳурмат ва муносиб баҳо. Ушбу мукофот шунингдек, Марказий Осиёнинг глобал илмий тафаккур ривожидаги тарихий ролига жаҳон ҳамжамиятининг чуқур ҳурматини рамзий ифодалайди.

Биз бундан кейин ҳам халқаро тадқиқотларни кенгайтиришни, илмий алоқаларни мустаҳкамлашни ва Авиценна ҳамда юртимизнинг барча буюк мутафаккирларининг меросига бағишланган ишларни давом эттирамиз».

Маълумот учун, Франциянинг етакчи илмий ташкилотлари томонидан таъсис этилган Prix Avicenne мукофоти гуманитар ва табиий фанларда кўрсатилган муҳим ютуқлар ҳамда тарихий ва илмий меросни сақлаш ва тарғиб этишга қўшилган ҳисса учун берилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер