Тошкентда туғилганига 1 соат бўлган чақалоқ кўчага ташлаб кетилди

12:54 19 Январь 2025 Жамият
376 0

Фото: ИИВ ЖХД репортажидан кадр

Тошкент шаҳрида янги туғилган чақалоқ кўчага ташлаб кетилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти хабар берди. Воқеа 2024 йил 15 январ куни тонгги соат 7:30 ларда Янгиҳаёт тумани Зарбдор маҳалласида содир бўлган.

Хабар қилинишича, шубҳали сумка ҳақида маҳалла аҳолиси хабар берган. Кўча четида турган сумканинг ҳаракатланиши фуқаролардан бирининг диққатини тортган. Фуқаро сумкага яқинлашганида ичидан боланинг йиғиси эшитилган. Сумкани очган фуқаро унинг ичида янги туғилган чақалоқ борлигини кўрган ва дарҳол 102 рақамига қўнғироқ қилган.

Воқеа жойига тезкор етиб келган ички ишлар ходимлари чақалоқни текшириб, дарҳол шифохонага олиб боришган. Тез тиббий ёрдам шифокорларининг айтишича, чақалоқнинг туғилганига атиги бир соат бўлган. Унинг киндиги ноодатий усулда кесилган бўлиб, бу ҳолат алоҳида эътиборни талаб қилади. Ҳозирда чақалоқнинг ҳолати барқарор ва унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Янгиҳаёт тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирда чақалоқнинг ким томонидан ташлаб кетилгани аниқланяпти.

«Фуқароларни бундай ҳолатлар ҳақида хабардор бўлишга ва кўриб қолган тақдирда дарҳол тегишли хизматларга мурожаат қилишга чақирамиз», дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?