Тошкентда меҳнат миграцияси бўйича биринчи халқаро форум бўлиб ўтди

16:31 24 Ноябрь 2022 Жамият
402 0

2022 йилнинг 22-23 ноябрь кунлари Тошкент шаҳридаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида меҳнат миграцияси бўйича биринчи халқаро форум бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, 20 га яқин халқаро ташкилотлар, 100 га яқин хорижий салоҳияти иш берувчилар, халқаро экспертлар ва ОАВ вакиллари иштирок этган мазкур тадбирда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг имкониятлари ва ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида ахборот берилди. Жорий ва келажакдаги бозор талабларига асосланган миграция сиёсати, ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг малакасини ошириш тизими ҳамда ташкилий меҳнат миграциясини тартибга солишга мўлжалланган бошқарув тизими ҳамда турли мамлакатларнинг салоҳиятли иш берувчиларини ҳамкорликка жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Форумда маълумот берилдики, сўнги уч йил давомида миграция географиясини кенгайтириш орқали хорижда ишлаш истагида бўлган юртдошларимизни дунёнинг ривожланган давлатларига ишга жалб қилиш салмоғи кенгайди. Ушбу йўналишда хорижнинг ваколатли давлат ташкилотлари ва салоҳиятли иш берувчилари билан доимий музокаралар олиб бориш натижасида бугунги кунда 30 дан ортиқ давлатларнинг 480 га яқин ташкилоти билан ҳамкорлик келишувлари имзоланиб, Ўзбекистон фуқаролари ташкиллаштирилган тартибда хорижга ишга жўнатилмоқда.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги 15 дан ортиқ Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарор ва фармойишлари ҳамда бошқа ҳужжатлар асосида иш олиб боради. Масалан, “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори бу борада муҳим аҳамиятга эга.

Хусусан, 2021-2022 йиллар давомида хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими жорий қилингани натижасида, вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқиб кетаётган фуқароларни республика бўйлаб 17 та “Ишга марҳамат” мономаркази ҳамда 150 дан ортиқ касб-ҳунарга ўқитиш марказида 30 га яқин касбга ва 10 га яқин чет тилига ўқитиш орқали назарий ва амалий тажриба олиши, фуқароларни ташкилий ва қонуний хорижга юбориш, Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси билан ҳамкорликда меҳнат мигрантларини ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалий натижаларга эришилди. Хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларига имкониятлар яратиш, яъни уларнинг реинтеграцияси юзасидан эса Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда “Тадбиркор меҳнат мигранти” лойиҳаси ишлаб чиқилган, шу қаторда, меҳнат мигрантларининг оилаларига моддий ёрдам кўрсатиш ва уларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда. Бу мақсадда, ҳозирда ватандошларимизга хизмат қилувчи “Labour Migration” дастурий мажмуаси, “Call-маркази”, Агентликнинг ҳудудий филиаллари ва Россия Федерацияси, Жанубий Корея, Қозоғистон ва Туркия давлатларида ваколатхоналари томонидан ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатилади.

Шунингдек, халқаро форум доирасида хорижий иш берувчилар ўртасидаги ташкил этилган “Энг яхши хорижий иш берувчи” танлови ғолиблари тақдирланди.

Маълумот учун: “Энг яхши иш берувчи” номинацияси бўйича Туркиянинг “Renaissance Heavy Industries”, Англиянинг “Pro-Force Ltd”, Россиянинг “Поволжское строительное предприятие” ташкилотлари, “Чет тили ва касбий таълим дастурларини жорий этувчи энг яхши ҳамкор” номинацияси бўйича Швейцариянинг “Globogate Cocept AG” ташкилоти, “Ўзбекистон фуқаролари учун ижтимоий имтиёзлар тақдим этувчи энг яхши ҳамкор” номинацияси бўйича Германиянинг “ConsultingUz”, Россиянинг “КАМАЗ” ва “Велесстрой” ташкилотлари, “Ташкиллаштирилган, хавфсиз ва қонуний миграция тизимини жорий этган энг яхши ҳамкор” номинацияси бўйича Жанубий Кореянинг “Human Resources Development Service” ташкилоти ғолиб деб топилиб, тақдирланди.

Тадбирда иштирокчилар ўртасидаги дўстлик алоқаларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш мақсадида G2B, B2B учрашувлар, фуқароларни касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитишда олиб борилаётган амалий ишлар билан таништириш мақсадида Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказига экскурсия ташкил этилди.

Форум доирасида хорижда ишлаш истагида бўлган Ўзбекистон фуқароларини чет давлатларга ишга жалб қилиш бўйича 6 та давлатнинг 20 га яқин иш берувчи ҳамда рекрутинг агентликлари ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўртасида келишувлар имзоланди.

Маълумот учун: Германиянинг “Context GmbH” ташкилоти билан тиббиёт, меҳмонхона бизнеси, нон ва гўшт маҳсулотларини тайёрлаш соҳасига, “Allround Persolleasing GmbH Co.KG” ташкилоти билан логистика соҳасига, Польшанинг “PLKP Polska Grupa Górnicza S.A” ташкилоти билан қурилиш соҳасига, “Gremi Personal Gdansk. Recruit Company” ташкилоти билан ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига, Чехиянинг “Staffeo” ташкилоти билан қурилиш соҳасига, Канаданинг “Work Global Canada Inc.” ташкилоти билан қурилиш ва меҳмонхона бизнеси соҳасига, БААнинг “VHOTEC International Academy LLC FZ” ташкилоти билан меҳмонхона бизнеси соҳасига, Россиянинг “Татнефть", “Озон Комьюнити”, “Эко-Cервис”, “Нижний Новгород”, “СК-Провиль”, “УФА ЭкспоЛес”, “АгроСтандарт”, “ПЭК”, "Тепличный Комбинат Нижегородский", "РСК", "Авангард", "РегионСтрой", "Стройиндустрия" ташкилотлари билан қурилиш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишнинг турли соҳаларига фуқароларни ижга жалб қилиш бўйича келишувлар имзоланди.

Шунингдек, форум доирасида Англия, Болгария, Германия ва Россия иш берувчилари томонидан хорижда ишлаш истагида бўлган фуқаролар ўртасида танловлар ҳам ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур форум нафақат Ўзбекистондаги меҳнат миграцияси соҳасидаги ютуқлар тўғрисида, балки ушбу йўналишни ривожлантиришда кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, чет эллик мутахассислар томонидан олиб борилаётган тажрибалар бўйича фикр алмашиш юзасидан ахборот ва муҳокама платформаси бўлиб хизмат қилади.

Шу билан бирга, хорижий иш берувчи ва рекрутинг агентликлари билан эришилган келишувлар келгусида хорижда ишлаш истагидаги юртдошларимизни дунёнинг ривожланган давлатларига манзилли ишларга жалб қилиш ҳажмини ошириш имконини беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер