Тўрт сўмни қирқ миллионга айлантирган отахон

16:51 11 Апрель 2025 Жамият
216 0

Отабек ИСРОИЛОВ/«Халқ сўзи». Саидаҳмад ота Ҳикматов Ўрта Чирчиқ туманидаги «Кучлук» маҳалласида истиқомат қилади. Табаррук 80 ёшда ҳам бардам, кўзидаги нур юлдуздек чақнаб туради. Қарийб олти мучал ёши мобайнида кўп савдоларни бошдан кечирган. Нақ ўн иккита касбда меҳнат қилган. Дастлаб ўқитувчилар тайёрлаш курсини битириб, «Кучлук»даги 17-мактабда фаолиятини бошлаган отахон кейинчалик ҳайдовчилик, чилангарлик, автомобиль таъмирловчиси, қўйингки, бир йигитга неки ҳунар бўлса, барчасининг ҳалолида тер тўккан. Бу орада 1992 йилда икки йил араб алифбосига асосланган ўзбек тили бўйича таълим олиб, бир муддат 28-мактабда ёшларга эски ўзбек тилидан ҳам дарс берган. Етти ўғилни тарбиялаб, эл-юртга қўшган отахон айни пайтда фарзандлари билан биргаликда гулчилик, гулчилик бўлгандаям биздаги ноёб гуллардан саналган пион гулини етиштириш билан шуғулланиб келмоқда.

— 1974 йили Олмалиқдаги бозордан 4 сўмга икки туп пион гули илдизини сотиб олгандим, — дейди Саидаҳмад ота. — Бири малинаранг, иккинчиси пушти очилди. Мана, кўриб турган гулларингиз ўша 4 сўмга олинган пион гулининг томиридан тарқалган. Пионгулнинг гули яхши, сал ҳаракат қилсангиз, пули ҳам яхши. Дастлаб очиқ ерда етиштирдик. Бир йили энди гуркираган пайтида қор остида қолиб, пояси чириб кетди. Шундан сўнг иссиқхона қурдим. Ўзимда 3,5 сотих, бу 7 сотихини ўғлимга берган бўлсам, Ҳасанбой ўғлимда ҳам 4 сотихлик иссиқхона бор. Қишда иситилмайди, шунчаки устига қор, ортиқча ёмғир тушмаса бас, пионгул беозор, ўзи ривожланаверади. Яқин икки-уч ҳафтада гулларимиз тайёр бўлади. Бир чеккадан Тошкентга – улгуржи бозорга жўнатамиз. Ҳозир пионгулнинг баҳоси қанча билмайман. Ғунчалаб турганида кесиб, дасталаб ўғилларимга бераман. Уларнинг ўзи улгуржи нархга сотиб келади. Бу йил 40 миллион сўмнинг нари-берисида даромадни кўзлаб турибмиз. «Ҳовлинг гулга, қўлинг пулга тўлиб турса ёмонми?» дейман ўғлимга.

Саидаҳмад отанинг уйига «Кучлук» маҳалласи раиси Карим Саъдуллаев билан боргандик. Карим ака ҳам отахоннинг собиқ ўқувчиларидан. Ўзи устозини йўқлаб бормаса, отахон ҳам, унинг оиласидан бирортаси ҳам маҳалла идорасининг эшигини тақиллатиб бормайди. Ёрдам, кредит масаласида безовта қилмайди. Бунинг сабаби оддий:

— Одамзод меҳнат билан тирик, меҳнат билан азиз! — дейди Саидаҳмад ота. — Токи танингда қувват боракан, меҳнат қилсанг бараканинг ўзи уйга ёғилаверади. Бутун умрим меҳнат билан ўтди. Ҳалигача шундай. Гулга қизиқдимми, шундан даромад топяпманми, астойдил бўлсин деб чет эллардан ҳам пионгулнинг кўчатларини олиб келяпман. Ҳозир бу гулнинг бир неча ранглари бор. Вақти келса меҳнатим, маслаҳатим билан болаларимга далдаман. Ҳамма шароитимиз бор, меҳнат қилсак, бундан ҳам яхши бўлаверади.

Бу қишлоқдаги оддий одамнинг ҳаётий таомили, бир умрлик фалсафаси. Отахон билан иссиқхонадаги гулларни кўздан кечираётганимизда, шу ҳудуддан Халқ депутатлари Ўрта Чирчиқ тумани Кенгашига сайланган депутат Нурбек Насруллаев ҳовлига кириб келди. У ҳам Саидаҳмад отанинг гулларини катта қизиқиш, ҳавас билан томоша қилиб, отанинг бу ишларини оммалаштириш кераклигини билдирди.

Бундан 51 йил олдин оддий ҳавас билан тўрт сўмга олган гулларидан бугун қирқ миллионлаб даромад топаётган Саидаҳмад ота, унинг ёнида турган, маслаҳатларини қулоққа олиб асло кам бўлмаётган етти ўғил, туғилганидан назари гулларга тушиб, меҳнатнинг роҳатини ўз кўзлари билан кўриб улғаяётган невараю эваралар аслида энг катта бойлик.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?