Термизда «Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивали доирасида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди
Фарҳод ЭСОНОВ / «Халқ сўзи». Термиз шаҳрида «Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивали доирасида «Сурхон воҳасининг инсоният цивилизациясидаги ўрни: моддий ва номоддий маданият асослари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Унда Франция, Чехия, Янги Зеландия, Буюк Британия, Хитой, Тожикистон, Озарбайжон каби давлатлардан келган тарихчи фольклоршунос олимлар, илмий тадқиқотчилар иштирокида Сурхондарёнинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни, жаҳон тарихи ва маданиятидаги мавқейи, шунингдек, ўлканинг моддий ва номоддий маданият асосларини янада чуқурроқ тадқиқ этиш, ўзбек ва бошқа халқлар тарихини илмий ўрганиш, ўзаро ижодий мулоқотни йўлга қўйиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Конференцияда таъкидланганидек, дунё цивилизациясида Ўзбекистоннинг муносиб ўрни бор. Унинг Жанубий ҳудуди бўлган Сурхондарё вилояти нафақат Марказий Осиё, балки Шарқнинг қадимги маданият марказларидан бири ҳисобланган. Қадимги Буюк Ипак йўлида жойлашган Сурхон воҳаси зардуштийлик, буддавийлик, христианлик ва монийлик каби турли динларнинг шаклланиши, тараққий этишига асос солган. Мустақиллик йилларида Сополлитепа, Жарқўтон, Айритом, Термиз, Далварзинтепа, Холчаён, Фаёзтепа ва Қоратепа каби қадимий археологик ёдгорликларнинг ўрганилиши уларга бўлган муносабат ва эътибор намунасидир.
Дунё мамлакатларида исломшунослик, ҳадисшунослик, калом илми каби исломий фан йўналишлари ва ислом маданияти ривожига катта ҳисса қўшган алломаларнинг илмий меросини ўрганиш юксак даражага кўтарилди. Шунингдек, Ҳаким Термизий, Варроқ Термизий, Юсуф Ҳаёт Термизий, Абу Исо Термизий, Абул Музаффар Термизий, Саййид Бурхонуддин Ҳусайн Термизий каби алломалар асарларининг хорижий тилларга таржима қилиниши умуминсоний ғоялар ва маънавий қадриятларни тиклашда кенг кўламли ишларнинг амалга оширилаётганлигини кўрсатади.
Сомонийлар (IX аср), Қорахонийлар (X-XIII асрлар), Ғазнавий ва Салжуқийлар (XI-XII асрлар) даврида Буюк Ипак йўлида жойлашган Чағониён ва Термизда ўзига хос маданият, маънавият, шаҳарсозлик, меъморчилик, савдо алоқалари, ҳунармандчилик ривожланиб, хом ва пишиқ ғиштдан шарқона меъморий услубда Эски Термизда Қирқ қиз қалъаси (IX аср), Ҳаким Термизий (X-XIVасрлар), Султон Содот (XI-XIX асрлар), Эски Термиз яқинида жойлашган Пайғамбар оролидаги Зул Кифл (X аср), Термиз ҳукмдорлари қароргоҳи Термизшоҳлар саройи (IX-XII асрлар), Абу Исо Термизий (X-XI асрлар) мақбаралари қурилган.
Сурхон воҳасида жаҳонга машҳур бўлган археологик ва архитектура ёдгорликлари, ўлкамиз тарихи билан боғлиқ зиёратгоҳларни туристик зиёрат объекти сифатида тиклаш бўйича қилинган ишлар миллий, тарихий ва моддий меросимизга бўлган ҳурмат ва эътиборни намоён этади. Хусусан, Сурхондарё воҳаси Бақтрия, Кушон каби тарихий давлатлар, Бойсун, Олтинсой, Цангардак, Боботоғ каби гўзал табиати жаҳон цивилизацияси бешикларидан бири бўлиб, бу ҳудудларда қадим замонлардан юксак тараққиёт мавжуд бўлган.
Анжуманнинг иккинчи қисмида конференция иши шуъбаларга бўлинган ҳолда давом эттирилди. Уларда шуъба модераторларининг ҳисобот чиқишлари тингланди. «Орийлар: янги илмий қарашлар», «Бронзанинг кашф этилиши», «Каттабулоқ пиктографияси ёхуд ватанимиз ҳудудида ёзувнинг шаклланиши бўйича янги манбалар», «Зардўштийликда ёвузликнинг номоддий қиёфаси таърифи», «Кавийлар сулоласи ҳақидаги хабарлар: тарихий жараён ва археологик манбалар», «Узундара — Бойсун дурдонаси» каби мавзулар олимлар, мутахассисларнинг қизғин баҳс-мунозараларига бой бўлди. Тарихий манбалар, моддий ва номоддий мероснинг ҳаётимиздаги ўрни, халқларнинг миллий қадриятларини ривожлантириш ва ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги аҳамияти хусусида атрофлича фикр алмашилди.
— Ўзбек ва тожик халқлари бир дарахтнинг икки шохлари ҳисобланади, — дейди Тожикистон Республикаси Панжикент педагогика институтининг илмий ишлар бўйича проректори Шодмон Воҳидов. — Бир ўзандан сув ичган халқлармиз. Тарихимиз, тақдиримиз, илдизимиз туташ эллармиз. Урф-одатлари, қадрияту анъаналари яқинлигидан бу икки халқ ўртасида қуда-андачилик, қариндошлик алоқалари мустаҳкамланиб келган. Икки давлат раҳбарларининг ҳар галги учрашуви бу борадаги ришталарни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бундай конференциялар ўтказилаётгани эса бу борадаги алоқаларни сайқаллаштиради. Дийдорлашувлар, илмий тажриба алмашувлар ришталаримизни мустаҳкамлайди. Қолаверса, тарихни янада чуқурроқ тадқиқ этиш, уларни ёш авлодга етказишдан барча халқлар манфаатдор. Юртингизда ўтказилаётган ушбу халқаро конференция тарихни ўрганиш билан боғлиқ мутахассисларини ўйлантираётган муаммоларга ечим топишга йўналтирилгани билан ҳам эътиборга сазовор.
Анжуман якунида тарихий манбаларни илмий асосланган ҳолда янада чуқурроқ ўрганиш, моддий ва номоддий меросларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уни ёш авлод онгига чуқур сингдириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ўртага ташланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Пойкентдан Ўрта Осиёда энг қадимий саналган металл қуроллар топилди
- Тилим «Ман Сити» деб чиққан ёхуд битта ўзбек йигити қандай қилиб Европанинг энг кучли жамоалари орасида талаш бўлди (таҳлилий мақола)
- 2024 йилда давлат бюджетига қанча солиқ тушумлари тушган?
- Ўзбекистонда нечта ОТМ бор ва уларда ўқиётган талабаларнинг сони қанча?
- Шахмат ўйнаб қанча топиш мумкин? Нодирбек Абдусатторов 2024 йилда қанча пул ишлаб олгани маълум бўлди
- Давлат дастури лойиҳаси муҳокамаси: концептуал таклиф ва тавсиялар
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг