Сувнинг ҳар томчиси қадрли
Темур ЭШБОЕВ/“Халқ сўзи”. Она сайёрамизнинг тўртдан уч қисмини сув эгаллаган бўлсада, бугун сув танқислиги ҳақида дунёнинг энг юқори минбарларидан бонг урилмоқда. Унинг турли минтақаларда босим воситасига айланиб қолганлигига анча бўлди.
Янги тарихимизнинг дастлабки (1991-94 йиллар) уч йилида республикамиз аҳолисининг тоза ичимлик суви билан таъминланиш кўрсаткичи 52 фоиздан 58, 9 фоизга оширилган, кейинчалик олис ҳудудларда сув тақчиллиги муаммосини бартараф этиш йўлида айтарлик чоралар кўрилмади. Шу ўринда биргина Навоий вилоятини оладиган бўлсак, 2017 йилда ҳудуд аҳолисининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 68,2 фоизни ташкил этган. Бугунги кунда вилоятдаги маҳаллаларнинг 15 фоизга яқини ичимлик суви таъминоти оғир ҳудудлар ҳисобланади. Умумтаълим мактабларининг юздан ошиғи муқобил манбалар ҳисобидан таъминланиб, 56 та мактабга сув ташиб етказилади. Мактабгача таълим, тиббиёт муассасаларида ҳам шу каби аҳволни кузатиш мумкин.
— Ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар энг аввало узоқ йиллар мобайнида йиғилиб қолган бўлиб, сўнгги йилларда уларни бартараф этиш борасида давлатимиз раҳбари томонидан қатор тадбирлар амалга оширилмоқда, — дейди “Навоий сув таъминоти” АЖ Ахборот хизмати раҳбари Лобар Дўстова. — Хусусан, 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси 31-мақсадида сув ресурсларини бошқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва сувни иқтисод қилиш бўйича алоҳида давлат дастурини амалга ошириш вазифалари белгиланган.
2022 йилда вилоятда 56,6 млрд. сўм маблағлар эвазига 332,0 км ичимлик сув тармоқлари тортилиб, 18 дона ичимлик сув иншоотлари қурилиб, реконструкция қилинди. Натижада аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланди ва таъминланганлик даражаси 68,2 фоиздан 76 фоизга етказилди. Ўтган йили бу кўрсаткич 84,7 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йил якуни билан уни 84,9 фоизга етказиш режалаштирилган. Хатирчи туманида аҳолининг 40, Қизилтепада эса 60 фоиздан ортиғи тоза ичимлик суви билан таъминланганлиги, Кармана, Навбаҳор ва Конимех туманларида белгиланган график асосида ичимлик суви етказиб беришда муаммоларнинг мавжудлиги инобатга олсак, аҳвол рисоладагидан анча йироқлиги ойдинлашади. Табиийки, булар аҳоли кайфиятига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди.
Сув таъминотида муҳим бурилиш
Албатта, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш қувурлар тортиш билангина ечиладиган муаммо эмас. Бунинг учун энг аввало барқарор сув манбаи бўлиши зарур. Мамлакатимиз раҳбари Навоий вилоятига ташрифларидан бирида Қизилтепа, Конимех, Томди ва Хатирчи туманларидаги тик қудуқларнинг ичимлик суви яроқсизлиги сабабли, сувнинг шўрлиги ва қаттиқлик даражасини пасайтириб, сувни чучуклаштириш қурилмасини (опреснитель) ўрнатиш вазифасини белгилаган эди. Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Хатирчи туманидаги “Дўстлик” ва “Хидир ота-2” сув иншоотларига сувни чучуклаштириш қурилмаси ўрнатиш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан маблағ ажратилиб, ушбу қурилмалар ўрнатилди. Шунингдек, вилоятнинг Учқудуқ ва Томди туманларидаги Керегетов, Суккети, Мингбулоқ ОФЙларида жойлашган бир қатор қудуқларда ҳам чучуклаштириш қурилмалари ёрдамида аҳолининг тоза ичимлик сувига эҳтиёжини қаноатлантириш чоралари кўрилмоқда.
Энг муҳими, мавжуд манба, яъни сувни чучуклаштиришни маҳаллийлаштиришда тарихий қадам ташланди. Бу борада “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ муҳандис ва малакали илмий-техник мутахассислари ҳамда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети олимларининг ҳамкорлиги эътиборга молик.
Шундай ҳамкорлик лойиҳалари доирасида комбинат раҳбариятининг ташаббуси билан 2021 йилда Марказий илмий-тадқиқот лабораторияси таркибида “Сув муаммолари тадқиқоти” лабораторияси ташкил этилди. Лаборатория таркибида кимёвий, спектрал ва радиологик таҳлил ҳамда технологик тадқиқотлар гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилди. Лаборатория ишлари учун таркибида 20 дан ортиқ кимёвий элементларни аниқлашга мўлжалланган атом-абсорбцион анализатор, эритма таркибидаги лойқалик даражасини аниқлаш мутномер асбоб, спектрофотометр, электрон тарози, куйдириш печи, дистиллятор каби ускуналар ўрнатилди.
Комбинат мутахассислари ва университет олимлари томонидан ўтган даврда қуёш энергиясидан фойдаланиб, ер ости сизот сувларини тоза ичимлик сувига айлантириш инновацион қурилмаси устида иш олиб борилди. Натижада бугунги кунда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳудудида тўлиқ қуёш энергиясидан фойдаланиб, ер ости сувларини тоза ичимлик сувига айлантириб берувчи янги намунадаги сув тозалаш қурилмаси яратилди.
— Қурилма ўрнатилган айвон устида 0,5 кВт. ток ишлаб чиқариш қувватига эга 6 та қуёш панели жойлаштирилиб, мазкур панеллар етказиб бераётган ток махсус батареяда йиғилади ва бу технологиянинг барқарор ишлаши учун етарли саналади, — дейди “НКМК” АЖ Навоий машинасозлик заводи бош муҳандиси Карим Абдуллаев. — Тунги вақт ёки булутли кунларда ҳам мазкур батарея 10 соатгача узлуксиз электр энергияси етказиб бера олади. Мазкур технология бир соатда 70 дм. куб ҳажмдаги тоза сув ишлаб чиқариш қувватига эга. Лаборатория таҳлиллари умумий қаттиқлиги 50 мг. эквивалент дм. куб ер ости суви тозалангач, унинг қаттиқлик даражаси 5 мг. эквивалент дм. кубни ташкил этишини кўрсатмоқда.
— Янги технологиянинг техник-ишлаб чиқариш жараёнларига батафсил тўхталиб ўтадиган бўлсак, дастлаб 60 метрлик ер ости қудуғига сув чиқариш насоси ўрнатилиб, мазкур насос 30 метрдан сув чиқариб бермоқда, — дейди Навоий ДКТУнинг “Сув муаммолари тадқиқоти” лабораторияси бошлиғи, техника фанлари доктори Ҳусниддин Вафоев. — Сув биринчи босқичда катионли фильтрга келади. Дастлаб лойқа ва муаллақ қум зарраларидан тозалангач сув катионлардан тозаланади, яъни асосан кальций ва магний ионлари ушлаб қолинади. Фильтрнинг яна бир афзаллиги шундаки, маълум вақт ўтиб катионлар кальций ва магний ионларига тўлгач, қайта регенерация қилиш (фильтрни қайта фаол ҳолатга келтириш) учун арзон маҳсулот, яъни ош тузидан фойдаланилади. Бундан ташқари, фильтр ичига юкланган катионитли смоладан беш йил муддатгача алмаштирмасдан фойдаланиш мумкин. Ушбу фильтр сув тозалаш қурилмасининг узоқ ва ишончли ишлашини таъминлаб беришда муҳим қисм саналади.
Кейинги босқичда тозаланаётган ичимлик 1000 дм. куб сиғимга эга сув идишига келиб тушади. Сўнгра паст босимли насос сувни юқори босимлисига йўналтириб, мазкур нуқтадан сўнг сув тескари осмос қурилмасига келиб тушади. Ушбу жараёнда сувни ёт моддалардан ажратиш учун мембранадан фойдаланилади. Мембрана беш босқичдан иборат. Биринчи босқичда 5 микронли полипропилен фильтрдан ўтказилиб, иккинчи босқичда кўмир адсорбентга сингдирилади. Учинчи босқичда эса 1 микронли фильтрдан ўтказилиб, мембранага берилади. Ушбу мембранадаги майда тешикчалардан фақатгина сув молекулалари ўта олади, холос. Ҳажми нисбатан йирик ионлар, калций, магний, хлор, сулфатнинг асосий қисми эса ўта олмайди. Шундан сўнг сув минерализаторга юборилади. Минерализаторда минераллашган сув ультрабинафша нурлар ёрдамида турли бактериялардан тозаланади.Ичишга яроқли ҳолатга келтирилган сув 1000 дм. куб. сиғимга эга иккинчи — тоза ичимлик суви идишига келиб тушади.
Сув тозалаш инновацион технологиясининг яна бир муҳим конструкцияси сув тарқатиш қурилмасидир. Бу қурилма орқали истеъмолчилар 5 литр ва 10 литр ҳажмдаги сув идишларини керакли камерага жойлаштириш орқали осонгина сув олишлари мумкин. Айни вақтда янги қурилманинг афзаллик жиҳатлари ва тоза ичимлик суви етиб бормаган олис қишлоқларда ўрнатиб бериш имкониятлари ҳамда харажатлари аниқланмоқда.
Бебаҳо неъмат
Албатта, навоийликлар яратган сувни чучуклаштириш технологияси янада такомиллаштирилиб, маҳсулот таннархини арзонлаштириш, сифати ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш борасида изланишлар тўхтамайди. Пировардида мамлакатимизда “инсон қадри учун” тамойили таъминланиб, аҳоли фаровонлиги, унинг розилиги янада ошиши шубҳасиз. Бироқ мавжуд ресурслардан фойдаланишда аҳолининг тежамкорлик маданияти имкониятларимизга мосми, деган ҳақли савол туғилади.
Очиғи, мамлакатимизда истеъмол сувининг арзонлиги кўп ҳолларда унинг беҳуда сарфланишига олиб келмоқда. Масалан, савдо дўконларида бир литрлик идишга қадоқланган сув ўртача 2,5-3 минг сўмгача сотилади. Бир куб метр сув минг литрлигини ҳисобга олсак, унинг баҳоси қадоқланса 2,5-3 миллион сўмга тенг бўлади. Аҳолига қувурлар орқали етказиб берилаётган 1м3 тоза ичимлик суви эса 2,3 минг сўм этиб белгиланган. Аслида бу маблағ сувни хонадонгача етказиб бериш харажатларини аранг қоплайди. Сувни олиш, тозалаш, чучуклаштириш, зарарсизлантириш ва бошқа харажатлар қўшилса, бу бир неча баравар ортиб кетади.
Оқибатда айрим истеъмолчилар, яъни корхона, ташкилот ҳамда аҳоли ўртасида қувурларда етказиб берилаётган тоза ичимлик сувига нисбатан “сув текин” каби беписанд қараш, сувни қадрига етмаслик, ариқларга, томорқаларга, боғларга, кўп ҳолларда мақсадсиз оқизиб қўйиш ҳолатларининг гувоҳи бўлиш мумкин.
Яна бир мулоҳаза: вилоятнинг Нурота туманидаги сув муаммолари билан боғлиқ. Маълумки, у вилоятнинг Қизилқум чўли ва Нурота тоғ тизмалари чорраҳасидаги адирликлардан иборат тумани. Тупроғи унумдор, айниқса, Оқтов этакларидаги минг-минг гектарлаб бўз ерлар ҳар қандай экиндан, хусусан боғдорчиликдан мўл ҳосил олиш учун ниҳоятда қулай. Бироқ экинбоп сув масаласи ушбу ҳудуднинг кўп асрлик муаммоларидан саналиб, кескин иқлим ўзгаришлари туфайли лалмикор деҳқончилик самара бермай қўйганига анча бўлди. Шу боис сўнгги йилларда мазкур ҳудудда томчилатиб суғоришга йўналтирилган интенсив боғларни барпо этишга алоҳида эътибор қаратилди. Бироқ ушбу усулга ихтисослашмаган деҳқон хўжаликлари ҳамон анчагинани ташкил этади. Кўллатиб суғориш туфайли ҳудудда ерости чучук сувлари сатҳи йилдан йилга пасайиб бормоқда. Мутахассислар Нурота, Деҳибаланд ва Шоҳимардон чашмалари сувларининг ҳам камайиб кетаётганлигини шу билан боғлашмоқда.
— Ичимлик сувини ҳовлидаги қудуқдан оламиз, — дейди Эшони Судур маҳалласидан Акмал Отабоев. — Кўклам кирмасидан олти метр қўшимча қаздириб, сувга етган эдик. Саратонга бормай қуриб қолди. Бор-йўғи уч йил олдин 20 метрдан сув берарди, ҳозир қирқ метрдан ошиб кетди, суви йўқ. Бу кетишда бутунлай қуриб қолса ҳам ажаб эмас.
Хулоса қилиб айтганда сув ҳаёт манбаи экан, ундан оқилона фойдаланиш, уни кўз қорачиғидек, сақлаш даври аллақачон етди. Афсуски, бугунги кунда сувни тежаш ва тозалигини сақлаш борасида амалга оширилаётган ишлар кўнгилдагидек эмас. Бутун инсоният ҳаёт-мамот масаласи бўлган сувни асрашга ҳар бир ҳудудда аҳоли онгига сингдирилмас экан сув етишмовчилиги ҳеч кимни аяб ўтирмайди. Бинобарин ота-боболаримиз суви кўпнинг ташвиши кўп, деб бежиз айтишмаган. Бу билан улар нафақат сувдан кўпроқ фойда олиш, балки ундан тежаб-тергаб фойдаланишни ҳам назарда тутган бўлсалар, ажаб эмас.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг