Сув хўжалиги вазирига парламент сўрови юборилди

12:04 03 Ноябрь 2021 Сиёсат
739 0

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Кейинги йилларда мамлакатимизда сув хўжалигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, Президентимизнинг 2020 йил 10 июлдаги тегишли фармони билан тасдиқланган 2020 – 2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантириш бўйича концепцияси соҳани тубдан ислоҳ қилишда муҳим роль ўйнамоқда.

Ушбу Концепцияда аҳолини ва иқтисодиётнинг барча тармоқларини сув билан барқарор таъминлаш, ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, соҳада бозор тамойилларини ҳамда рақамли технологияларни жорий этиш, сув хўжалиги объектларининг ишончли ишлашини таъминлашга оид кўплаб устувор йўналиш ҳамда вазифалар белгилаб берилган.

Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, Концепцияда белгиланган сув хўжалигини 2030 йилгача ривожлантиришнинг 11 та устувор йўналишлари ижроси бўйича бугунги кунга қадар муайян тадбирлар амалга оширилган. 

Жумладан, жорий йилнинг 9 ойи давомида 431,6 минг гектар майдонда сув тежовчи суғориш технологиялари жорий қилиниб, 130,6 минг гектар майдонда лазерли текислагич ускунаси ёрдамида текислаш ишлари амалга оширилган.

Шунингдек, 224.8 км каналлар, 88.7 км. лоток тармоқлари, 7.3 км. босимли қувурлар ва 14016 км. узунликда коллектор-дренаж тармоқлари таъмирланган. Энг муҳими, насос станциялари томонидан 5,9 млрд. кВт.соат энергия сарфланган ва ўртача кўп йилликка нисбатан 220,5 млн. кВт.соат миқдорида электр энергиясини иқтисод қилишга эришилган.

Сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бошқарувга бериш бўйича 100 та лойиҳа шакллантирилиб, 88 та лойиҳа бўйича битимлар имзоланган. Тизимдаги 15 та йирик иншоотлар автоматлаштирилиб, 2749 дона «Ақлли сув» ўлчаш қурилмалари ўрнатилган.

Аммо Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ҳудудларда олиб борилган ўрганишлар давомида Концепцияда белгиланган айрим тадбирларни ўз вақтида ва самарали амалга оширишга халақит бераётган қатор масалалар мавжудлиги аниқланди.

Хусусан, республикада барпо қилинган аксарият сув хўжалиги инфратузилма объектларининг хизмат кўрсатиш муддати 50-60 йилдан ортиб, уларнинг техник ҳолати йилдан-йилга ёмонлашгани, суғориш каналларининг 66 фоиздан ортиғи тупроқ ўзанли бўлганлиги, ирригация тизими каналларининг таъмирланадиган қисми 70 фоиздан ва реконструкция қилиш талаб этиладиган қисми 20 фоиздан ортиқни ташкил этиши сабабли сувнинг йўқолиши юқорилигича қолмоқда.

Бу эса мавжуд суғориш лоток тармоқларининг асосий қисми реконструкция қилишни ва алмаштиришни талаб қилади. Сув истеъмолчиларининг сув олиш жойлари эса аксарият ҳолда сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозланмаганлиги, суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти ўртача 0,63 ва бир қатор ҳудудларда эса ундан ҳам паст эканлиги асосий манбалардан олинадиган сувнинг 35 – 40 фоизи далаларга етиб бормаслигига сабаб бўлмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, мажлисда Сув хўжалиги вазирига «Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 – 2030 йилларга мўлжалланган концепциясида белгиланган устувор йўналишларни амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида» Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?