Сурхондарёдаги яширин цехда 2 тонна яроқсиз ёғ фош қилинди

12:08 08 Апрель 2025 Жамият
120 0

Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида қўлбола усулда ёғ ишлаб чиқариш цехлари фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Қайд этилишича, Департаментнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда «Б.» МЧЖ раҳбари Ш.С. хонадонида яширин цех ташкил этиб, қўлбола усулда ёғ ишлаб чиқараётганлиги аниқланган. Ушбу хонадондан 2,6 тонна чигит, 2 тонна ёғ, 40 литр ҳажмли елим идишлар ва бошқа ишлаб чиқаришда фойдаланилган маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.

Шу каби, Департаментнинг Чироқчи тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро И.Т. «Чоштепа» МФЙ ҳудудидаги хонадонида жувоз ускунасида қўлбола ёғ ишлаб чиқараётганлиги аниқланган. Мазкур яширин цехдан 114 литр ёғ, 262 кг чигит, 3 дона двигатель, 5 дона 200 литр ҳажмли елим идишлар ва бошқа маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-2-моддаси (чигитдан олинадиган маҳсулотни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?