Сурхондарёда ноёб тур Бухоро хонгулилари сақлаб қолинди
Фото: Халқ сўзи
Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари томонидан Термиз туманидаги хонадонларнинг бирига адашиб кириб қолган Бухоро хонгулилари борлиги аниқланди. Тобора камайиб бораётган 4 бош Бухоро хонгулилари айни пайтда Термиз ҳайвонот боғида вақтинча сақлаш учун жойлаштирилди. Бу ноёб ҳайвонлар Амударёга туташ тўқайзорлардан келган бўлиши мумкин.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, хонгул ёки Бухоро буғуси – жуфт туёқлилар туркумининг буғулар оиласига мансуб бўлган сут эмизувчи ҳайвонларнинг кенжа тури ҳисобланади. Улар ноёб ҳайвонлар қатори Ўзбекистон Республикасининг Қизил Китобига ва Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг (ТМХИ) Қизил рўйхатига киритилган.
Буғулар ўсимликхўр ҳайвонлар бўлиб, 27 турдан ортиқ ўсимликлар билан озиқланиши қайд этилган. Буғуларнинг асосий яшаш жойи дарахт ва бута ўсимликлари зич ўсган дарё бўйидаги қалин тўқайзорлар ҳисобланади.
Бухоро буғусининг бўйи 120 см га етади, оғирлиги 200 кг гача бўлади. Буғулар шохининг узунлиги 90-110 см бўлиб, баҳорда ташлаб, ўрнига янги шох ўсиб чиқади. Янги ўсиб чиққан шохи бахмал мато билан ўралгандек буғуга кўрк бериб туради. Шохлари икки ёшидан бошлаб ўса бошлайди. Урғочиларида шох бўлмайди.
Ўтган асрнинг биринчи ярмида Бухоро буғулари Амударё, Сирдарё ва Орол денгизи соҳилларидаги қамишзор ва тўқайзорларида кенг тарқалган.
Ҳозирги кунда хонгуллар Ўзбекистон ҳудудида Амударёнинг юқори қисми (Сурхондарё вилоятида – 45-50 бош) ва ўрта қисмидаги тўқайзорларда («Қизилқум» давлат қўриқхонаси – 224-232 бош), «Зарафшон» миллий табиат боғи (40 – 45 бош) ва Қуйи Амударё давлат биосфера резервати (1645 бош), шунингдек, Зарафшон дарёсининг юқори қисмида сақланиб қолган. Бундан ташқари, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Афғонистон ҳудудларида ҳам учрайди.
2021 йилда «Бадай-тўқай»дан 4 бош Бухоро буғуси «Хоразм» миллий табиат боғига кўчирилди ва ҳозирда уларни иқлимлаштириш ишлари давом эттирилмоқда.
Давлат экология қўмитаси томонидан Бухоро буғулари яшаш ареаллари, уларнинг популясияси мониторинги олиб борилмоқда ҳамда ушбу ноёб турдаги жонзотларни муҳофазасини таъминлаш ва янада кўпайтириш бўйича чора-тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.
Илҳом Раҳматов, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
- Ёш ўзбек ёзувчисининг асари Халқаро болалар адабиёти кенгашининг фахрий рўйхатига киритилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг