Суперлига. 25-турга тафсилий назар: Андижонда голлар серияси, марказий ўйинда «Нефтчи»дан ғалаба

16–19 октябрь кунлари Ўзбекистон Суперлигасининг 25-тур учрашувлари бўлиб ўтди.
25-тур баҳсларида қуйидаги натижалар қайд этилди:
«Насаф» 3:0 «Қўқон-1912»
«Машъал» 0:3 «Хоразм»
«Андижон» 4:3 «Шўртан»
«Сўғдиёна» 2:1 «Сурхон»
«Навбаҳор» 0:2 «Бунёдкор»
«Динамо» 4:1 «Бухоро»
«Пахтакор» 3:0 «Қизилқум»
«Нефтчи» 1:0 ОКМК
Жами 8 та ўйиндан 2 тасида меҳмонлар ғалаба қозонди, 6 та баҳсда мезбонлар устун келди. Ушбу турда дуранг натижа қайд этилмади. Энди айрим ўйинларга тўхталамиз.
Етакчидан йирик ғалаба
«Насаф» жамоасини мавсум сўнгида жуда тигиз ва ноқулай тақвим кутмоқда. Жамоа Ўзбекистон Суперлигасидан ташқари Осиё Элит чемпионлар лигасида ҳам иштирок этмоқда.
Шу боис «Насаф» сўнгги турларда Суперлигада ОКМК, «Навбаҳор», «Пахтакор» ва «Динамо» каби жамоаларга қарши марказий ўйинларда қатнашиши билан бир қаторда, халқаро майдонда ҳам 4 та муҳим баҳс ўтказади.
Ушбу тиғиз тақвим бошланишидан олдин бўлиб ўтган сўнгги баҳсда Рўзиқул Бердиев шогирдлари «Қўқон-1912» клубини катта қийинчиликсиз мағлуб этишди.
Учрашувнинг 24-дақиқасида Драган Черан пеналтидан ҳисобни очди. Биринчи бўлим 1:0 ҳисоби билан якунланди.
Иккинчи бўлимнинг 68-дақиқасида Ҳусайн Норчаев гол уриб, тўпурарлар пойгасида Игор Сергеевга салом йўллади. 83-дақиқада Шерзод Насруллаев ўйиндаги сўнгги голни киритди. Якуний ҳисоб — 3:0 «Насаф» фойдасига.
Футболда бир гап бор: «Чемпион бўлиш осон, чемпионликни ҳимоя қилиш қийин», — дейишади. Кўрамиз, «Насаф» ушбу қийин ишни уддалай оладими.
«Динамо»дан камбек
Чемпионликдан умид узмаган «Динамо» жамоаси бу турда Ўзбекистон кубоги финалчиси бўлмиш, Хомяков бошчилигидаги «Бухоро»ни қабул қилди.
Учрашув кутилмаган тарзда бошланди. 20-дақиқада Тома Табатадзе гол киритиб, меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Биринчи бўлим 0:1 ҳисоби билан якунланди.
Иккинчи бўлимнинг 60-дақиқасида Фирдавс Абдураҳмонов ҳисобни тенглаштирди. Шу заҳоти Вадим Абрамов жамоасини тўхтатиб бўлмади.
72-дақиқада Марко Станоевич жарима зарбасидан жуда чиройли гол киритди. Ордан 4 дақиқа ўтиб, Фирдавс Абдураҳмонов дубль қилди.
87-дақиқада «самарқандликлар» сардори Анвар Ҳожимирзаев ажойиб ҳаракатлари билан рақиб мудофаасини доғда қолдириб, ҳисобни 4:1 кўринишига келтирди.
Ушбу ғалабадан сўнг «Динамо» 47 очко билан 4-ўринга мустаҳкам жойлашди. Жамоанинг яна бир қолдирилган ўйини борлигини инобатга олсак, Абрамов шогирдлари 3-ўрин учун ҳам курашиш имкониятига эга.
Андижонда голлар серияси
Турнинг энг томошабоп ўйини шубҳасиз Андижондаги «Бобур Арена» стадионида бўлиб ўтди. Шу куни стадионга келган мухлислар 7 та голга гувоҳ бўлишди.
Учрашувнинг 5-дақиқасида Отабек Жўрақўзиев ҳисобни очди. 17-дақиқада «Андижон» клубининг сўнгги турлардаги қаҳрамони Усмонали Исмоналиев жамоасининг иккинчи голини киритди.
Орaдан 3 дақиқа ўтиб, «Шўртан» ҳужумчиси Пўлатхўжа Холдорхонов ҳисобни қисқартирди. 33-дақиқада «ғузорликлар» сардори Дониёр Нарзуллаев ҳисобни тенглаштирди. Биринчи бўлим 2:2 ҳисоби билан якунланди.
Иккинчи бўлимнинг 53-дақиқасида Усмонали Исмоналиев дубльга эришди. 61-дақиқада «Шўртан» дарвозасига белгиланган пеналтидан Дониёр Абдуманнопов аниқ фойдаланди — 4:2.
63-дақиқада Пўлатхўжа Холдорхонов ўйиндаги сўнгги голни киритди. Якуний ҳисоб — 4:3 «бургутлар» фойдасига.
Марказий ўйин
Турнинг марказий баҳси Фарғона шаҳридаги «Истиқлол» стадионида бўлиб ўтди. Унда чемпионликка асосий даъвогар «Нефтчи» жамоаси Миржалол Қосимов бошчилигидаги ОКМКни қабул қилди.
Бу ўйин олдидан «Насаф» ўз баҳсини ўтказиб бўлган ва «Нефтчи»дан 5 очкога олдинда эди. Шу сабабли бу баҳсда Левченко шогирдларидан фақат ғалаба талаб қилинарди.
Лекин «Нефтчи» амалда ҳам ғалаба қозонишни уддалай олди. Учрашув тақдирини битта гол ҳал қилди.
17-дақиқада ОКМК дарвозасига белгиланган пеналтидан Жамшид Искандаров унумли фойдаланиб, ҳисобни очди.
Шундан кейин ҳар икки жамоа қанча уринмасин, ўйинда бошқа ўзгариш бўлмади.
Мухлисларнинг стадионларга ташрифи
25-тур ўйинларини жами 39 718 нафар мухлис стадионларда томоша қилди. Бу эса ҳар бир учрашувни ўртача 4 965 нафар футбол ихлосмандлари кузатганини англатади.
Турда энг кўп мухлис тўплаган баҳс — «Нефтчи» ва ОКМК ўйини бўлди. Ушбу беллашувни кўриш учун «Истиқлол» стадионига 15 111 нафар мухлис ташриф буюрди.
Энг кам томошабин йиғган ўйин эса «Машъал» ва «Хоразм» баҳси бўлди. Бетараф майдонда ўтган ушбу учрашувни жами 718 нафар мухлис жонли томоша қилди.
Кейинги тур
Ўзбекистон Суперлигасида 26-тур учрашувлари 23–27 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Қуйидаги баҳслар кутилмоқда:
«Хоразм» — «Пахтакор»
«Бухоро» — «Сўғдиёна»
«Қизилқум» — «Динамо»
«Шўртан» — «Нефтчи»
«Қўқон-1912» — «Навбаҳор»
ОКМК — «Насаф»
«Бунёдкор» — «Машъал»
«Сурхон» — «Андижон»
Муҳаммадамин Зуҳриддинов («Халқ сўзи»)
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
- Эндиликда муддати ўтган товарларнинг сотилиши автоматик равишда чекланади
- Хорижий тилларни ўрганмоқчи бўлган ёшларга «2+6» дастурига мувофиқ субсидия ажратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг