Сўзим дилда, дўмбирам қўлимда

16:56 18 Июль 2024 Жамият
223 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Бахшининг куйлаётган терма ва достоннинг мазмунида, дўмбирасининг оҳангида илоҳий сеҳр бор. Халқ достонлари фақат севги-муҳаббат куйчиси эмас, тарбия воситаси бўлиб келган. Ёзма манбалар бўлмаган даврларда аждодларимиз оғзаки ижод орқали авлодларга мардлик, яхшилик, ҳалоллик, ватанпарварлик, дўстлик ибратини етказган. Шу боис, бахшилар эзгулик элчилари сифатида улуғланади.

Халқ оғзаки ижодининг гўзал ва бетакрор намунаси бахшичилик санъати минг йиллар давомида ўз аҳамиятини йўқотмади. Аксинча, йиллар мобайнида сайқал топиб, маданий меросимизни бойитиб келмоқда. Бугунги глобаллашув замонида бахшичилик санъати эътибордан четда, устоз бахшилар кексайиб кўп жойларда ушбу тарихий мерос унутила бошлаганди.

2018 йил 1 ноябрда Президентимизнинг «Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида»ги қарори уни асраб-авайлаб ёш авлодга етказишга беқиёс ҳисса қўшди. Илк бор Сурхондарёда, кейин Нукус шаҳрида, ўтган йили яна Сирдарёда ташкил этилган III Халқаро бахшичилик санъати фестивали халқлар ўртасидаги дўстлик ва ижодий ҳамкорликни мустаҳкамлади.

Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил бахши, Ислом шоир, Пўлкан шоир, Бола бахши Абдуллаев, Шоберди Болтаев, Боборайим Маматмуродов, Абдуназар Поёнов, Қора бахши Умиров, Шомурод Тоғаев, Қодир бахши Раҳимов, Зиёдулла Исломов, Норбек бахши Абдуллаев, Қаландар бахши Норметов, Абдуқаҳҳор, Абдумурод Раҳимов, Сафар Шайдилов каби кўплаб бетакрор истеъдод соҳиблари бахшичилик санъатининг сайқал топиб ривожланиши, умрбоқий яшашига ўз ҳиссасини қўшди.

Ўзбекистон Халқ бахшиси Шоберди бахши Болтаевнинг энг ёш шогирди – бойсунлик Фаррух бахши Нуралиев устозлар анъанасини муносиб давом эттираётган ёш истеъдодлардан.

— Бахшичилик санъатига юксак эътибор берилаётгани улкан муваффақиятларга эришишимга илҳом бермоқда, — дейди Фаррух бахши Нуралиев. — Бобом Нурали чобоғон Авазов ўз вақтининг машҳур улоқчиларидан бўлган. Болалигимдан улоқ-кўпкарида суягим қотди. От устида улғайдим. Кўпкариларга борганимда қир-адирликларда давра қуриб, Шоберди бахши куйларди. Ўша дамларда мазмунига тушунмасамда, дўмбиранинг жарангдор нолиши, бахшининг бўғиқ овози сеҳрлаб қўярди. Амаким Шоберди бахшининг уйида сайслик қиларди. Бобом билан бахшининг оилавий борди-келдиси қуюқ эди. Бахшичиликка қизиқишимни пайқаб, 3 ёшимдан ўзининг ёнига олди. Эринмади, оғринмади, кетган вақтига қизғанмади. Менга бахшичилик маҳоратини қунт билан ўргатди. Вақт оқар дарё. Ҳозир устозим 80 ёшда. Тез-тез йўқлаб бораман. Ҳар гал албатта, битта терма куйлатади. Ҳалигача хато-камчиликларимни тузатиб туради.

Бугун Фаррух бахшичилик санъатида юксак натижаларни қўлга киритиб келмоқда. У «Алпомиш», «Гўрўғли» достони туркумига кирувчи бир қанча достонлардан парчалар, шунингдек, достон ижрочилиги йўлидаги халқ қўшиқлари ва термалар куйлаб келмоқда. Ўзининг «Чавандоз» номли достонини ҳам яратган. 2022 йилда «Yoshlar ovozi» танловининг Республика босқичида бахшичилик йўналишида 2-ўринни эгаллади. «Бахши, оқин ва жировлар» Республика кўрик-танловининг вилоят босқичида «Энг моҳир чолғу ижрочиси» номинациясида ғолиб бўлди. Бу йилги «Yoshlar ovozi» танловининг Сурхондарё вилояти босқичида фахрли 1-ўринни қўлга киритиб, республика босқичига йўлланма олди.

Ҳозирда Фаррух Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида достончилик ва бахшичилик йўналишида таҳсил олмоқда. Унинг орзуси бобомерос қадриятимизни келажак авлодга етказиш, уни жаҳонга тараннум этишда ўз ҳиссасини қўшишдир. Ниятимиз, у ҳам устозларидек куй-қўшиқлари орқали халқлар ўртасидаги эзгуликларга элчилик қилсин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?