«Шу кунларга етказганига шукур»

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Бир асрлик умр довонида туриб ҳаётининг қувончли ва қайғули йилларини сарҳисоб қилаётган уруш фахрийси Усмонжон ота Раҳимов бошидан не кунларни ўтказмади. Ҳаёт қийинчиликлари қалбини жароҳатласада, отахон барчасига вазминлик билан сабр қилиб яшади. Бугун оиласи, элу юрт ардоғида бахтли умр кечираётганидан беҳад мамнун.
Қўқон шаҳрининг «Толзор» МФЙда жойлашган Тўққизбулоқ кўчасида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Усмонжон ота шу кунларда қутлуғ 100 ёшини қарши олмоқда. Бу файзли хонадонга келувчи меҳмонларнинг қадами узилмайди. Отахоннинг хотиралари жуда мароқли.
— Болалигимиз ўтган асрнинг энг қаҳатчилик ва очарчилик йилларига тўғри келди, — дейди қаҳрамонимиз. — Устимиз юпун, қорнимиз нонга тўймасди. Иккинчи жаҳон уруши энди оёққа туриб, елкасига офтоб тегаётган халқимиз ҳаётини янада оғирлаштирди.
Орзулари бир олам бўлган бўз йигит 18 ёшга тўлиб-тўлмай — 1943 йилнинг январидан жанг майдонида уруш даҳшатларини ҳис этди. Берлингача бўлган йўлни босиб ўтиб, ғалаба суруридан баҳраманд бўлди. Дастлаб япон урушида, кейинги қурилиш-бунёдкорлик ишларида қатнашиб, 1948 йили кўкси тўла орден-медаллар билан юртга қайтди. 45 йил темир йўл соҳасида меҳнат қилди. Соҳа фидойиси сифатида юксак ҳурмат-эътиборга эришди.
Ўтган йиллар мобайнида ҳаёт ундан неъматларини ҳам, кулфатларини ҳам аямади. Хадичахон ая билан оила қуриб, тўрт ўғил, уч қизли бўлишди. Тўнғич қизлари Ҳамидахон 6 ёшида вафот этган бўлса, 2013 йили бирданига икки ўғли – Раҳмонжон ва Иброҳимжондан айрилди. Суюкли турмуш ўртоғининг ҳам бундан 17 йил олдин ҳаёт гули сўлди...
Ҳозирда қизлари Мақсуда, Мастура ва Муҳаббат, ўғли Баҳодир, 100 нафарга яқин набира-чеваралари отахонни ёлғизлатиб қўймайди. Ўз навбатида давлатимиз, шахсан Президентимизнинг меҳри, ғамхўрлиги уруш фахрийси умрига умр қўшмоқда.
— Яқинларимни йўқотиш ҳаётнинг кутилмаган синови бўлди. Лекин оиланг, халқинг ардоғида бўлиш, юртга кераклигингни ҳис этиш яшашга ундайди, — дейди отахон. — Хонадонимизга фақат байрамда эмас, ҳар куни йўқлаб келишади. Менга бундан ортиқ хурсандчилик борми?
Мустақиллик йилларида давлатимизнинг кўплаб мукофотларига сазовор бўлдим. Айниқса, сўнгги йилларда уруш фахрийларига юксак эътибор кўрсатилмоқда. Куни кеча фарзанд ва набираларим Президентимизнинг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини муносиб тақдирлаш бўйича чиқарган Фармон ва қарорларини ўқиб беришди. Беҳад севиниб, дуога қўл очдим. Шу кунларга етказганига шукур!
Суҳбат давомида қаҳрамонимиз бугунги доруламон кунларга етишнинг ўзи бўлмаганлигини, тинчликни, ватанни қадрига етиш кераклигини кўп таъкидлади. Қарийб 100 ёшга кирган иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, нуроний отахонга куч-қувват тилаймиз.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
- Эндиликда муддати ўтган товарларнинг сотилиши автоматик равишда чекланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг