Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди

10:12 07 Октябр 2025 Жамият
177 0

Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида илк маротаба “Марказий Осиё педагоглари” халқаро форуми ўтказилди. “Марказий Осиё педагоглари — бир минтақа, бир овоз, бир куч” шиори остидаги ушбу анжуман Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ЮНЕСКО ҳамда ЮНИСЕФ халқаро ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил қилинди.

Унда Марказий Осиё давлатлари — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон таълим вазирликлари, Озарбайжон ва Туркия давлатлари етакчи педагоглари, таълим соҳаси фидойилари, БМТ, шунингдек, қатор халқаро ташкилотлар ҳамда Кембриж университети вакиллари иштирок этди.

Форумни ўтказишдан асосий мақсад Марказий Осиё давлатлари ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, педагоглар учун тажриба алмашиш платформасини яратиш ва минтақавий таълим тизимини ривожлантиришга қаратилди.

Нукус шаҳридаги “Оқ қуш” мажмуасида уюштирилган очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, сўнгги йилларда юртимизда Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор ҳақида гапирди.

Тадбирда БМТнинг Ўзбекистондаги доимий резидент-координатори, Жаҳон банкининг Марказий Осиёдаги инсон тараққиёти бўйича дастури менежери, Осиё тараққиёт банки минтақавий офиси директори, Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, “Cambridge University Press&Аssessment”нинг Европа, Марказий Осиё ва Америка бўйича лойиҳа координатори, “Marshall Cavendish Education” ташкилотининг бош директори, шунингдек, ҳамкор ташкилотлар раҳбарлари сўзга чиқиб, Ўзбекистонда таълим трансформацияси ва унда халқаро алоқаларнинг ўрни ҳақида фикр билдирди.

Форум доирасида иштирокчилар учун “Экологик таълимда замонавий технологиялар” мавзуида семинарлар ташкил этилди. Шунингдек, видеодарслар, мобиль иловалар ва виртуал лабораториялар асосида ишлаб чиқилган янги методик ишланмалар намойиш қилинди.

Амалий қисмда эса педагоглар экологик тажрибаларни ташкил этиш бўйича интерфаол машғулотларда қатнашди. Семинар якунида замонавий технологиялар асосидаги экотаълим нафақат билим бериши, балки болаларда масъулият, меҳр-оқибат ва атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатни шакллантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Форум доирасида Оролбўйининг диққатга сазовор жойларига ташкил этилган саёҳат ва “Абадий дўстлик” деб номланган концерт дастури меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Ғайрат ОТАЖОНОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?