Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида

Шарқ гавҳари номини олган Самарқанд йирик халқаро анжуманлар ўтказиладиган марказга айланиб бормоқда. Айни кунларда қадимий ва ҳамиша навқирон кентда БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош конференциясининг 43-сессиясига тайёргарлик якуний босқичга кирди.
Жорий йил октябрь ойининг сўнгги кунларидан ноябрь ойининг биринчи ярмига қадар бўлиб ўтадиган анжуман нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё учун ҳам тарихий аҳамиятга эга. Чунки мазкур тадбир биринчи марта ушбу халқаро ташкилотнинг Париж шаҳридаги қароргоҳидан бошқа жойда — Шарқ ва Ғарбни боғлаган Самарқандда ўтказилади ва ЮНЕСКОнинг 80 йиллигига тўғри келади.
Яна бир аҳамиятли томони шундаки, 43-сессияда ЮНЕСКОнинг янги Бош директори сайланади. Унда ЮНЕСКО раҳбарияти ва котибияти тўлиқ таркибда, ташкилотга аъзо 193 та давлатдан 4 мингдан ортиқ делегат қатнашиши кутилмоқда. Шунингдек, давлат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар етакчилари, вазирлар ва элчилар нуфузли анжуманда иштирок этади.
Давлатимиз раҳбарининг “2025 йилда ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг Самарқанд шаҳрида ўтказилишига тайёргарлик кўриш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ташкилий қўмита таркиби тасдиқланиб, тегишли ишчи гуруҳлар тузилган. 22 сентябр куни Самарқандда тарихий воқеага тайёргарлик кўриш штаби расман иш бошлади. Штабга вазирлик ва идоралар, масъул ташкилотлар ходимлари бириктирилган. Уларнинг кунлик фаолияти мониторинг қилиб умумлаштирилмоқда. Штаб ЮНЕСКО бош штаб-квартираси билан ҳамкорликда ишламоқда.
Сессия ва асосий тадбирлар “Silk Road Samarkand” сайёҳлик мажмуасида бўлиб ўтади. Бу масканда нуфузли форумларни ўтказиш учун зарур бўлган энг замонавий инфратузилма яратилган. Юқори даражадаги делегациялар ва конференция иштирокчилари бу ерда фаолият юритадиган саккизта халқаро тоифадаги меҳмонхоналарга жойлаштирилади. Бундан ташқари, Самарқанд шаҳридаги 130 та меҳмонхонада конференция меҳмонлари учун қўшимча хоналар ҳозирлаб қўйилган.
Тадбирни ўтказишга тайёргарлик доирасида “Silk Road Samarkand” сайёҳлик мажмуаси ҳудудидаги экспо-марказда иштирокчилар, меҳмонлар ва ОАВ вакиллари учун замонавий, қулай ва хавфсиз инфратузилма яратилмоқда. Жумладан, 600 киши учун ишчи офислар янгиланмоқда. Бир вақтнинг ўзида 1500 кишини қабул қиладиган 7 та панел сессиялари залларини таъмирлаш ва замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ишлари якунига етмоқда. 12 та кўргазма стендларини ўрнатиш, инновацион лойиҳалар ва технологияларни намойиш этиш учун жойлар ҳозирланмоқда. Марказ ҳудудида ва Самарқанд шаҳрида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот марказлари фаолияти йўлга қўйилади. 43-сессия ва бошқа тадбирларни ёритиш учун Самарқандга келадиган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказилмоқда.
— Сессия иштирокчилари ва нуфузли меҳмонларни муносиб кутиб олиш ва кузатиш учун Самарқанд халқаро аэропорти ва темирйўл вокзалида қўшимча имкониятлар, шароитлар яратилди, — дейди Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов. — Уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, зарурат туғилганда тиббий хизмат кўрсатиш, транспорт хизмати ва бошқа масалалар юзасидан тегишли ташкилотлар билан бирга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Меҳмонларнинг асосий тадбирлардан бўш вақтларида вилоят бўйлаб саёҳатга чиқиши учун олти йўналиш бўйича сайёҳлик дастурлари тузилди. Шунингдек, ўзбек миллий таомларидан баҳраманд бўлиши, халқимизнинг ўзига хос турмуш тарзи билан танишиши учун ҳам улар борадиган манзиллар белгилаб олинган.
Айни кунларда Самарқанд шаҳрида ободонлаштириш, транспорт логистикасини такомиллаштириш, гид ва таржимонлар тайёрлаш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда.
Сессия доирасида ЮНЕСКОнинг Ёшлар форуми, миллий комиссиялар йиғилиши, илк бор Беруний номидаги Ўзбекистон – ЮНЕСКО мукофотини топшириш маросими, музейларда сунъий интеллектнинг ўрни бўйича халқаро конференция ўтказилади. Бундан ташқари, Самарқанддаги тарихий-маданий ёдгорликлар, музейлар, маданият масканларида халқаро кўргазмалар, янги экспозициялар намойиши, жаҳон юлдузлари иштирокида концерт дастурлари, умуман, 150 дан ортиқ тадбир режалаштирилган.
Экспертларнинг фикрича, ЮНЕСКО Бош конференцияси ўтказиладиган жой сифатида Самарқанднинг танлангани Ўзбекистоннинг глобал маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш, маданий ва тарихий меросни сақлаш ва оммалаштириш, шунингдек, барқарор ривожланиш мақсадларини илгари суришдаги ҳиссаси халқаро миқёсда эътироф этилаётганидан далолатдир.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг