Шогирдларим камоли — менинг бахтим

14:57 22 Июль 2024 Жамият
45 0

Мамлакатимизда ўқитувчи касби нуфузини ошириш, педагоглар учун қулай шароитлар яратиш ва меҳнатини муносиб рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бир пайтлар пахта йиғим-терими, кўчаларни ободонлаштириш ва бошқа юмушларга жалб этилганимизда ўқувчиларга бериладиган таълим-тарбия сусайиб қолганини эсласам, юрагим оғрийди.

Ана шундай оғир юкларни елкамиздан олиб ташлаган Президентимизнинг юксак эътибор ва ғамхўрлигига жавобан биз, ўқитувчилар ёш авлодга таълим бериш жараёнида сидқидилдан меҳнат қилишимиз, «Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади», деган эзгу ғоя асосида фаолият олиб боришимиз зарур.

Мен атрофимга билим олишга қизиқувчи ўқувчиларни тўплайман. Мақсадим — мактабда олинган билим билан олий ўқув юртига кириш мумкинлигини исботлаш. 32 йиллик ўқитувчилик фаолиятим давомида кўплаб ёшларга сабоқ бердим. Улардан 10 нафарга яқин фан доктори, хусусий клиника раҳбарлари ҳам бор. Шунингдек, 700 нафардан ортиғи бугун турли тиббиёт муассасаларида шифокор бўлиб меҳнат қилмоқда. Ўзим яшайдиган Кадан қишлоғида биология ва кимё фани ўқитувчиси бўлган 40 нафар шогирд тайёрладим.

Мактабда бир синфхонада 30-40 нафар бола бўлса, уларнинг қизиқиши ҳар хил бўлади. Масалан, кимё ва биология фанига қизиқувчан ўқувчилар кўп. Айрим оилаларда фарзандини қайсидир ўқув маркази ёки репетитор ўқитиш учун имконияти бўлмаслиги мумкин. Ана шундай ўқувчиларни ўзим излаб топаман ва бепул дарс ўтишимни тушунтираман. Бундай оилаларнинг фарзандлари яхши натижага эришади.

2022 — 2023 ўқув йилида мактабни битирган 14 нафар шогирдим мамлакатимиздаги нуфузли олий таълим муассасаларига ҳужжат топширди. Улардан 10 нафари талабаликка тавсия этилди. Шундан 6 нафари айнан тиббиёт йўналиши бўйича ўқишга кирди. Қувонарлиси, уларнинг аксарияти эҳтиёжманд оилалар фарзандлари.

Бугунги кунда сидқидилдан қилинган меҳнат мукофотсиз қолмайди. Кўксимдаги «Халқ таълими аълочиси», «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» кўкрак нишонлари ва «Меҳнат шуҳрати» ордени 32 йиллик фаолиятим самараси. Бундан ташқари, жамиятимиз энг зўр шифокорлар, фармацевтлар, фидойи ўқитувчилар билан таъминланишида менинг ҳам ҳиссам борлигидан бахтиёрман. Устоз учун бундан ортиқ мукофот бўлмаса керак.

Дилфуза НИЗОМОВА,

Каттақўрғон туманидаги 15-умумий ўрта таълим

мактабининг олий тоифали биология фани ўқитувчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?