ШҲТ: конструктив мулоқот ва кўп томонлама ҳамкорлик майдони

10:41 13 Сентябр 2022 Сиёсат
526 0

Хабарингиз бор, кеча оммавий ахборот воситаларида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик» номли мақоласи эълон қилинди. Шу йилнинг 15-16 сентябрида азим Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган ШҲТнинг навбатдаги саммити, айтиш мумкин бўлса, анъанавий форматдагидан ўзгача бўлиши кутилаётгани билан аҳамиятлидир.

Хусусан, бу галги анжуманда ташкилотнинг саккиз аъзоси — Покистон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Ўзбекистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Ҳиндистон Республикасидан ташқари, кузатувчи сифатида Беларусь Республикаси, Мўғулистон ва Эрон Ислом Республикаси етакчилари иштирок этади.

Фахрий меҳмон сифатида Туркия Республикаси, Озарбайжон Республикаси, Туркманистон ва Арманистон Республикаси, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, бошқа нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилган.

Марказий ва Жанубий Осиё ҳамда Евроосиё минтақасида жойлашган, айни пайтда нуфуси жиҳатидан дунё аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этадиган мазкур мамлакатлар раҳбарларининг бир доирада жамланиши, айтиш мумкин бўлса, бугунги глобал, геосиёсий пўртаналар авжига чиққан ва ҳар қандай истиқболни олдиндан тахмин этиш тобора қийинлашаётган бир даврда ўз актуаллиги билан барчанинг диққат-эътиборида тургани, шубҳасиз. Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг мазкур саммит олдидан эълон қилинган ушбу мақоласи ҳам маҳаллий ва хорижий сиёсатшунос ҳамда экспертлар орасида катта қизиқиш уйғотди.

Мазкур халқаро институтнинг бугунги дунё сиёсий ҳаётида тутадиган ўрни, мақсад ва вазифалари ҳамда Ўзбекистоннинг ташкилот доирасидаги иштироки масалаларига бағишланган ушбу мақола ҳаётийлиги, қолаверса, концептуал нуқтаи назардан пухталиги билан ўта долзарб, десак, адашмаган бўламиз. Бу эътирофни мақола атрофида айланаётган фикр-қарашлар, мулоҳазалар ҳам ифода ва исбот этиши мумкин.

Биз ана шундай мулоҳазалардан бирини эътиборингизга ҳавола қилишни лозим топдик.

Бугун дунёда нималар бўлаётганини, қандай хавф-хатарлар остона олдида худди қуюндек кезиниб юрганини барчамиз яхши англаб турибмиз. Айни замонда бирор давлат ёки жамият йўқки, биз хавфдан холимиз, дея олса. Зотан, шиддат билан ўзгариб бораётган, фаол глобаллашаётган замонавий дунёда бунинг имкони ҳам йўқ. Геосиёсий қарама-қаршиликлар, диний ва ирқий зиддиятлар, миллий ҳамда сиёсий талатўплар, таассуфки, гиперинновацион технологиялар асри, дейилаётган учинчи минг йилликда инсоният олдига улкан муаммоларни кўндаланг қўймоқда. Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги айни шундай паллага тўғри келди.

Хусусан, давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончсизлик жараёни жаҳон иқтисодиётини тушкунлик гирдобига ташлади. Дунёнинг турли нуқталарида давом этаётган қуролли можаролар савдо ва инвестиция оқимларини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини янада кескинлаштирди, нарх-навонинг кўтарилишига сабаб бўлди. Боз устига, иқлим ўзгариши, табиий бойликлар ва сув ресурслари танқислигининг ортиши, биохилмахилликка путур етиши ҳамда хавфли юқумли касалликлар тарқалиши инсониятни хавотирга солиб қўйди.

Хўш, бундай талатўплар шароитида қандай йўл тутмоқ керак?

Президентимиз ушбу мақолада муаммодан чиқиш йўлларини кўрсатиб берди: фақат ҳамкорлик, конструктив мулоқот ва ўзаро манфаатларни ҳисобга оладиган кўп томонлама ҳамкорликкина вазиятдан чиқишнинг ягона йўли бўла олади. Инқироз ва бўҳронлар даврида мамлакатлар катта ёки кичиклигидан қатъи назар, ўзларининг тор доирадаги манфаатларини устун қўймасдан, аксинча, асосий эътиборни ҳамжиҳатликка қаратишлари лозим. Зеро, бу дунёда барқарор, ишончли ва фаровон тараққиётнинг энг муҳим омили самарали ҳамкорлик, десак, янглишмаган бўламиз. Айнан шундай ёндашув замонамизнинг долзарб муаммоларини баҳамжиҳат ҳал этиш, янги хавф-хатар ва ижтимоий ларзалардан ҳимояланиш учун энг аниқ, мақбул йўл ҳисобланади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мана шундай улкан имкониятларга эга бўлган ҳамда халқаро иқтисодий ва сиёсий муносабатлар тизимида тобора муҳимроқ аҳамият касб этиб бораётган нуфузли халқаро тузилмадир. Халқаро жамоатчилик ШҲТ саммити ишини диққат билан кузатаркан, ташкилотнинг ғоят қисқа давр ичида мустаҳкам оёққа туриб олганига, дунёда юз бераётган воқеаларга фаол муносабати, хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорликни таъминлашга қаратилган қатъий сиёсий йўлига ишонч ҳосил қилмоқда, дея айтиш мумкин.

1996-1997 йиллари «Шанхай бешлиги» номи билан ташкил этилган ҳамда 2001 йили Ўзбекистоннинг аъзо бўлиб кириши билан «Шанхай ҳамкорлик ташкилоти» номини олган мазкур тузилманинг асосий мақсади аъзо давлатлар ўртасида ўзаро дўстлик, ишонч ва яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий, шунингдек, хавфсизлик, энергетика, транспорт, туризм, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқа устувор соҳалардаги самарали ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.

Ўтган 21 йил мобайнида минтақавий ва халқарo вазиятда кескин ўзгаришлар рўй бeраётган бир шарoитда ШҲТ ўзини кўп тoмoнлама ҳамкoрликнинг таъсирчан мeханизми сифатида намoён этмоқда. Шу ўринда ташкилотнинг халқаро майдонда ҳурмат ва қадр топиши, давлатларнинг унга талпиниши сабаблари мақолада ғоятда тушунарли баён қилинганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Улкан географик маконни қамраб олган ва сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган, дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилот — ШҲТнинг халқаро ташкилот сифатидаги жозибадорлиги, биринчидан, унинг турли блоклардан холи мақомга эга экани, иккинчидан, очиқлиги, учинчидан, учинчи мамлакатлар ёки халқаро ташкилотларга қарши қаратилмагани, тўртинчидан, барча иштирокчи томонларнинг тенглиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашмаслик, бешинчидан, сиёсий қарама-қаршилик ва ихтилофли рақибликка йўл қўймаслик каби тамойилларга риоя қилиши билан изоҳланади.

Ташкилот «Шанхай руҳи» негизида ташкил қилинган бўлиб, ушбу тамойил ўзаро ишонч, тенглик, маслаҳатлашув, маданий хилмахилликни ҳурмат қилиш, умумий тараққиётга интилиш каби тенг ҳуқуқли қоидаларни ўзида мужассам этади. «Шанхай руҳи» ташкилотга аъзо давлатларнинг сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий қудрати ҳар хил ўлчамда бўлишига қарамай, уларнинг барчаси тенг ва ҳамжиҳат эканини билдиради. Айниқса, ШҲТ доирасида барча қарорларнинг консенсус асосида қабул қилиниши тамойили ҳам «Шанхай руҳи»нинг мазмун-моҳиятини ва унинг мукаммал тузилма эканини намоён этади.

Ушбу тамойил ташкилотнинг қолган «ўрта» ва «кичик» салоҳиятли аъзоларига жаҳоннинг қудратли куч марказлари ҳисобланган Хитой, Россия, Ҳиндистон билан бир қаторда, ШҲТ устувор йўналишларини белгилашда фаол ва тенг ҳуқуқли иштирок этиш имконини беради.

Эътиборлиси, Ўзбекистон ташкилот доирасида аниқ ва амалий ташаббусларни илгари суряпти. Айтайлик, Ўзбекистон раҳбарининг транспорт ва ўзаро боғлиқлик, энергетика, озиқ-овқат ва экология хавфсизлиги, инновациялар, рақамли трансформация ва «яшил иқтисодиёт» каби муҳим йўналишлардаги ташаббуслари амалга ошса, ШҲТ доирасидаги иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари бир неча баравар юксалади, ташкилотнинг имижи ва обрў-эътибори ҳам янада ортади.

ШҲТ доирасида миллий манфаатларимизга жавоб берадиган кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича илгари сурилган барча таклиф ва ташаббусларимиз минтақадаги барқарорлик ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг устувор йўналишларига тўлиқ мос келади. Чунончи, сўнгги йилларда Ўзбекистон ШҲТ доирасида янги ҳамкорлик платформаларини ишга тушириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди: Президент Фармони билан Тошкентда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази очилди, Ташкилотга аъзо давлатлар темир йўл маъмуриятлари раҳбарларининг учрашувлари механизми йўлга қўйилди, Самарқандда “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети барпо этилди. Бу эса, ўз навбатида, пойтахтимизда муқаддам очилган Минтақавий аксилтеррор тузилмасига қўшимча сифатида Ўзбекистоннинг айни жабҳадаги аҳамиятини янада кучайтирди.

Шуниси эътиборлики, ташкилотга раислик дунёга очилаётган Ўзбекистонга ўзини янги форматда намоён этиш имкониятини берди. Хусусан, Ўзбекистон нафақат кўп томонлама кооперацияни мустаҳкамлаш, балки ҳар бир давлат билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва кенг қамровли шериклик учун янги йўналишларни белгилаб олиш тажрибасига эга бўлди.

Шу ўринда бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратишни истардим: Ўзбекистон минтақада тинчликни сақлаш борасидаги ташаббусларнинг доим олдинги сафларида бўлиб келган. Айниқса, бугунги замонавий дунёда ҳамон «оловли нуқта» мақомида қолаётган Афғон муаммоси давлатимизнинг доимий эътиборида. Бинобарин, мазкур мақолада ҳам муҳтарам Юртбошимиз ушбу муаммога тўхталар экан, «бугун ШҲТ доирасида шаклланган мана шундай ижобий ва муваффақиятли тажрибадан Афғонистонни ривожлантириш масаласида ҳам фойдаланиш ўта муҳим ва долзарбдир», дея таъкидлади.

Айтиш ўринлики, давлат раҳбарлари, мазкур йиғилишда Афғонистондаги мураккаб вазиятни кенг муҳокама этишлари муқаррар. Чунки ушбу давлатда тинчлик ўрнатиш ШҲТнинг барча аъзолари учун стратегик масаладир. Саммит ушбу муаммони муҳокама қилиш учун жуда қулай дипломатик платформа ҳисобланади. Хусусан, Афғонистон билан ўзаро муносабатлар, жафокаш афғон халқига ҳар томонлама ёрдам ва кўмак беришни кучайтириш билан боғлиқ барча масалалар ҳамон халқаро ҳаётнинг кун тартибида.

Ўз навбатида, Ўзбекистон томони ушбу масалага жиддий эътибор қаратиб, келгусида Афғонистонга ижтимоий-иқтисодий ёрдам кўрсатишнинг аниқ дастурини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурмоқда. Ҳозирда мамлакатимиз гуманитар инқирозга йўл қўймаслик учун қўшни давлатга зарурий озиқ-овқат, нефть ва электр энергиясини етказиб беришда давом этяпти. Зеро, бугунги ғоятда мураккаб бир пайтда бу давлатни яккалаб қўйиш мавжуд вазият ва тарангликни янада кучайтиради.

Шу сабабли, аввало, қўшни давлатлар бундай шароитда якдиллик ва бир-бири билан мувофиқлаштирилган ҳаракатларни олиб боришининг аҳамияти кескин ошади. Шак-шубҳасиз, Афғонистон ШҲТ маконининг ажралмас қисми саналади. Бугун афғон халқи қўшни ва хайрихоҳ давлатлар кўмагига ҳар қачонгидан ҳам муҳтож. Қолаверса, мақолада ҳақли равишда келтирилганидек, Ўзбекистон ташаббусларининг яна бир аҳамиятли томони бор. Яъни «...Асрлар давомида глобал миқёсдаги давлатлар ва минтақавий куч марказлари ўртасидаги қарама-қаршиликларда буфер ролини ўтаб келган Афғонистон эндиликда Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи кўприк вазифасини бажаришдек янги тинчлик миссиясида ўзини намоён этмоғи лозим.

Бундай ўзаро манфаатли минтақалараро ҳамкорликнинг намунавий рамзи сифатида Трансафғон коридорининг қурилиши лойиҳасини айтиш мумкин. Шуни ҳам англаш муҳимки, Термиз — Мозори-Шариф — Кобул — Пешовар темир йўли каби қўшма инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш орқали, биз ижтимоий-иқтисодий ва транспорт-коммуникация вазифаларини ҳал этибгина қолмасдан, минтақавий хавфсизликни таъминлашга ҳам салмоқли ҳисса қўшишимиз мумкин».

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон томонидан ўтган даврда барча ҳамкорлик соҳаларида 80 дан ортиқ тадбирлар ўтказилди. Кенг кўламда олиб борилган чора-тадбирлар самараси ўлароқ, бўлажак саммитда имзолаш учун 30 дан ортиқ ҳужжатлар тақдим этилиши режалаштирилган.

Мазкур саммитни ўтказиш учун Самарқанднинг танланишида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Шубҳасиз, кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд Шанхай ҳамкорлик ташкилоти қудратини ва жозибадорлигини ошириш билан янги тарихга киради. Самарқанднинг шонли маданий мероси ва ўзига хос руҳи бунга хизмат қилади. Президентимиз «Кўп асрлар мобайнида бу шаҳар Европадан Хитойгача бўлган мамлакатларни мустаҳкам ришталар билан боғлаб, Шимол ва Жанубни, Шарқ ва ўарбни ягона чорраҳада туташтирган» деганларида айни шу омилларни назарда тутди.

Боз устига, янги Ўзбекистоннинг фаол дипломатиясида Самарқанд мамлакатимизнинг энг муҳим халқаро ташаббусларини илгари суриш учун ноёб платформа бўлиб хизмат қилмоқда. Сўнгги йилларда шаҳарда қатор йирик форумлар муваффақиятли ўтказилди. Ушбу платформалардан олинган туртки ШҲТ маконининг жуғрофий ўқи бўлган Марказий Осиёда ҳамкорликнинг янги форматларининг шаклланишига хизмат қилгани ҳолда яхши қўшничилик, дўстлик ва очиқлик муҳитида минтақавий ҳамда глобал ривожланишнинг долзарб масалалари муҳокамасини кўзда тутадиган «Самарқанд руҳи»да ўзининг яққол ифодасини топган. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, «Самарқанд руҳи» бундан 20 йил аввал мамлакатларимизнинг давр талабларига мос, янги ташкилотни яратишига туртки берган «Шанхай руҳи»ни уйғун равишда тўлдириб туради. Шу сабабдан аминмизки, Самарқандда ШҲТ ҳаётининг янги босқичи бошланишига гувоҳ бўламиз — ташкилотнинг таркиби кенгайиб, унинг келажак кун тартиби шаклланади ва бунда чуқур рамзий маъно мужассам».

Шуни қувонч ва фахр билан айтиш мумкинки, дунёга юзланаётган янги Ўзбекистонимиз бугун чин маънода ташаббускор ва пешқадам мамлакат сифатида ўзини намоён этмоқда. Эътибор қилинг, мустақилликнинг 31 йиллик ўтган даврида ҳеч қачон мамлакатимизда бунчалик кўп — 14 давлатнинг раҳбари бир даврага музокара ва фикрлашув учун йиғилган эмас. Бу, ҳеч шубҳасиз, давлатимизнинг халқаро миқёсда обрў-эътибори ортиб бораётганидан далолат беради.

Дарҳақиқат, биз янги давр, янги Ўзбекистонда яшаяпмиз. Бугунги шиддатли замонда ҳар бир халқ, ҳар бир миллатнинг ўзини намоён этишга интилиши, дунё саҳнидаги янгиланишларда ўз ўрнини топишга ҳаракат қилиши табиий жараёндир. Лекин орзу-ҳавас ўз йўлига, реал муваффақиятларга эришиш эса ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун халқнинг тарихи ва келажаги олдидаги масъулиятни ўз елкасига ола биладиган, жасур ва матонатли, энг муҳими, ўз Ватанига чексиз меҳру муҳаббати қалбида жўш уриб турадиган лидер керак бўлади. Янги Ўзбекистонимиз эгаллаётган юксак марраларнинг асоси ҳам, халқимизнинг бахту иқболи ҳам — аслида мана шунда!

Қудратилла РАФИҚОВ,

сиёсатшунос.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер