Шавкат Мирзиёев: Бизнес уюшмалари қанча кўп бўлса, тадбиркорларни овози шунча баланд эшитилади

15:49 20 Август 2025 Сиёсат
227 0

Фото: Президент матбуот хизмати

«Даладан-дастурхонгача» тамойили асосида санитария, ветеринария ва карантин органларининг озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича назорат-лаборатория функциялари ягона тизимга бирлаштирилиб, тўлиқ рақамлашади. Бу ҳақда Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида маълум қилинди.

Эндиликда тадбиркорлар идорама-идора сарсон бўлмасдан, барча ҳужжатларни «ягона дарча» принципи асосида бир жойдан оладиган бўлади.

Бу ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш ва маҳаллий корхоналарнинг жаҳон бозорларига чиқиш имкониятларини оширади.

Президент тадбиркорларимизда давлат харидлари ва биржа савдоларида иштирок этиш бўйича ҳам кўплаб саволлар тўпланиб қолганини таъкидлаб, яқин орада бу масалага пухта тайёргарлик кўрилиб, барча муаммоларга ечимлар берилишини қайд этди.

Давлат органлари ва табиий монополия субъектлари билан шартнома тузишда тадбиркорлар ҳуқуқларини тенг ҳимоя қилишнинг янги механизми жорий этилади.

Бунда, барча намунавий шартномалар лойиҳалари Бизнес-омбудсман, Адлия вазирлиги ва Рақобат қўмитаси томонидан мажбурий экспертизадан ўтказилади.

«Бизнес уюшмалари қанча кўп бўлса, тадбиркорларни овози шунча баланд эшитилади.

Шу боис, ўз соҳасининг жонкуяри бўлган энг илғор 10 нафар бизнес эгалари бирлашиб, атрофига ёш тадбиркорларни тўплаб, ортидан эргаштирса, уларга бизнес сирларини ўргатса, янги билим ва технологиялар олиб кирса, тадбиркорликдаги кўп муаммоларни бизнес ҳамжамиятни ўзи ҳал қила оладиган бўлади.

Бундай йўлдан бориб, тадбиркорларга кўмакчи бўладиган уюшмаларни доим қўллаб-қувватлашга тайёрман», деди давлатимиз раҳбари

Уларнинг аниқ натижага қаратилган дастурлари, лойиҳа ва тадбирларини молиялаштириш учун ҳар йили 10 миллион доллар ажратилади.

Айни пайтда давлатимиз раҳбари тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилмоқда, уларнинг қўшимча таклифлари ва фикрларини тингламоқда.

Очиқ мулоқот якунида Президентимиз яна бир бор тадбиркорларга мурожаат қилди:

«Сизлар билан бўладиган ҳар бир учрашув, мулоқот менга алоҳида қувонч, керак бўлса, ғайрат-шижоат бағишлайди.

Чунки, сизларнинг тимсолингизда мен Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасида олиб бораётган ишларимизнинг амалий натижаси ва ютуқларини кўраман.

Бугун бемалол айта оламизки, мамлакатимизда кичик ва ўрта бизнес «ислоҳотлар катализатори»га айланди. Буни сиз – тадбиркорлар яратдингиз. Бундан фахрлансангиз арзийди.

Ҳеч нарсадан қўрқманг, интилиш ва изланишдан чарчаманг, фақат олдинга, катта марралар сари дадил қадам ташланг!

Янги Ўзбекистон тараққиётини, истиқболини таъминлайдиган куч – бу тадбиркорлар. Давлатимизни бой қиладиган куч – бу тадбиркорлар. Халқимиз, оилалар ҳаётини фаровон қиладиган куч – бу тадбиркорлар».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?