Саодатга Тожикистондан туғилганлиги ҳақида гувоҳнома келди

15:42 22 Август 2023 Жамият
295 0

Фото: «Халқ сўзи»

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари томонидан аҳоли мурожаатларини тезкорлик билан ҳал этилишида туғилганлик, никоҳ тузилганлиги ва бошқа турдаги муҳрли гувоҳномаларни электрон равишда тўлдирилиб, барча турдаги далолатнома ёзувлари “ФҲДЁ Ягона электрон архиви” ахборот тизимига киритиб борилаётгани айни муддао бўлмоқда. Масалан, яқинда Чортоқ туманида ушбу имконият сабаб бир фуқаронинг мушкули осон, узоғи яқин бўлди.

Тожикистон Республикасининг Ленинобод вилояти Ашт райони Қирққудуқ туманида туғилган Саодат Раҳмонова тақдир тақозоси билан ёшлигида оиласидагилар билан бирга Наманган вилояти, Чортоқ туманига кўчиб келиб шу ердаги мактабда ўқийди. Ота-онасининг эътиборсизлиги сабаб болалик чоғида туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномаси йўқолиб қолган. Бу, вояга етганидан сўнг шахсни тасдиқлаш билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштиришда жиддий муаммо келтириб чиқарди. Саодат анча йиллардан буён фуқаролик паспортини олишга қийналиб келади, чунки, ҳозирда унинг Тожикистонда ҳеч қандай қариндошлари қолмаган, устига устак қўшни республикага бориб келишга имконият ва шароити йўқ. Шундан келиб чиқиб, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини олиб беришда амалий ёрдам сўраб Чортоқ туман ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилди.

Амалдаги тартибга кўра, С. Раҳмонованинг мурожаати бўйича ариза расмийлаштирилиб, 1992 йил 23 январда МДҲ давлатлари ўртасида Минск шаҳрида тузилган “ Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида»ги Конвенцияга асосан Адлия вазирлиги орқали Тожикистон Республикаси Адлия вазирлигига юборилади.

— Кўп ўтмай муаммо ечимини топди, — дейди Чортоқ туман ФҲДЁ бўлими мудираси Шоира Абдуллаева. — С. Раҳмоновага Тожикистон Республикасининг тегишли ФҲДЁ органидан туғилганлиги ҳақидаги такрорий гувоҳнома расмийлаштирилди ва уни фуқарога тантанали равишда топширдик. Бу борада аҳолига экстерриториал тамойил асосида хизмат кўрсатиш бўйича яратилган имконият катта наф берганини таъкидлаш ўринлидир.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер